Мақолалар

Имом-хатиблар ва масжидлар фаолияти: тажриба, натижа ва режалар

Мухбиримиз Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар домла ҚАЮМОВ билан шу ҳақда суҳбатлашди.

 

– Ассалому алайкум, домла. Аввало, юртимизда сўнгги йилларда янгидан барпо этилган, келгусида қурилиши режалаштирилаётган масжидлар ҳақида қисқача сўзлаб берсангиз.

 

– Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ва алайкум ассалом. Аллоҳ таолога беҳисоб шукр, сўнгги йилларда бошқа соҳалар қатори диний-маърифий йўналишда ҳам янгилик ва ислоҳотлар кенг тус олмоқда. Айниқса, бу давр масжидларни обод этиш йиллари бўлаётир десак, муболаға эмас. Масжидлар обод этилиб, намозхонларга зарур шароитлар

яратилмоқда, бинолари эскириб қолганлари ўрнида миллий ва замонавий

меъморий услубда кенг ва шинам янги масжидлар қад ростламоқда. Улар хонақоҳдан таҳоратхонагача сўнгги технологиялар билан жиҳозланаётир.

2017–2020 йилларда 256 та масжид ва 315 та таҳоратхона янгидан урилди, 308 та масжид ва 386 та таҳоратхона тўлиқ таъмирланди. Республика бўйича 48 та янги масжид очилиб, фаолият бошлади. Улар орасида Термиз шаҳридаги “Ҳаким Термизий”, Тошкент шаҳридаги “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф”, Қоровулбозор туманидаги “Абдуллоҳ ибн Муборак” каби улуғ алломалар номига қўйилган мажмуалар ҳам бор. Айни пайтда 218 та масжид янги лойиҳа асосида қайтадан қурилмоқда. Таъкидлаш жоиз, масжидларни обод қилиш, қайта тиклаш меҳнатсевар халқимизнинг саховат ва кўмаги билан бўлмоқда.

 

Яқинда Тошкент шаҳрида қурилаётган масжидлардан бирига ўн ёшли қизалоқ келиб ота-онаси берган пулдан йиққан сармоясини топширибди. Ёшгина қизалоқ бор пулини мактаб ва бошқа харажатларига ишлатмай, Аллоҳнинг байти учун бераётгани ҳар қандай имон эгасини тўлқинлантиради.

 

Юртимизда тарихий масканларни обод қилиш, зиёратчиларга зарур қулайликлар яратиш орқали зиёрат туризмини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Масжидларни обод этиш ва жиҳозлашда ҳам ана шу жиҳатлар назарда тутилганми?

 

– Ҳа, албатта. Айни шу мақсадни кўзлаган ҳолда, юртимиздаги муборак қадамжо ва сайёҳлик масканларида, катта йўллар ёқаларида масжидлар қуриш ва борларини обод қилишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Айни пайтда республикамиз бўйлаб катта йўл бўйларида 26 та масжид янги лойиҳа асосида тубдан қайта қурилмоқда. Шунингдек, катта йўлга яқин бўлган масжидлар номи ва масофасини кўрсатувчи махсус белгилар ўрнатилди.

Зиёратчиларни жалб қилиш мақсадида масжидлар шаҳарсозлик қиёфасига мослаштирилмоқда. Масалан, Тошкент шаҳри ва Наманган вилоятида қурилаётган иккита масжид hi-tech (юқори технология) услубида барпо этилаётир. Ушбу масжидлар хорижлик ва маҳаллий зиёратчиларни ҳам ўзига чорлайдиган маскан бўлади, иншоаллоҳ.

 

Бугунги давр имом-хатиблардан ҳам ахборот-технологиялари билан ҳамнафас бўлиши, ўз устида ишлаши ва малакасини ошириб боришини талаб этади.

 

– Тўғри таъкидладингиз. Имом-хатиб дин тарғиботчиси, шариат пешвоси бўлиш билан бирга, жамиятдаги хайрли ислоҳотларнинг фаол иштирокчисидир. Масжидларимизда 2079 нафар имом-хатиб, 1298 нафар имом ноиби хизмат қилмоқда. Уларнинг малакасини оширишга жиддий аҳамият берилади.

Шу мақсадда Тошкент ислом институтида махсус сиртқи бўлим ва модуль таълим тизими жорий этилган. Бу ерда ўрта махсус маълумотли имом-хатиб ва ноиблар уч йил давомида таълим олишади ва уларга олий маълумот тўғрисида диплом берилади. Шунингдек, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида Малака ошириш маркази ва унинг ҳудудий филиалларида имом-хатибларнинг билим ва малакаси доимий равишда ошириб борилмоқда.

 

– Айрим кишиларнинг билимсизлик сабаб зиёрат жойларида турли бидъат ишларни қилиб юргани бугун ижтимоий тармоқларда ҳам акс этмоқда. Буларнинг олдини олиш учун қандай ишлар қилинмоқда?

 

– Халқимиз орасида бидъат ва хурофотлар учраганда ўша ердаги имом-хатиб ва ноибларимиз уларни бартараф этади. Бундай ҳудудларда одамлар орасида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилади. Янги пайдо бўлган “одатлар”га қарши ОАВ ва ижтимоий тармоқларда мақола ва видеочиқишлар қилинади. Ҳозир интернетда имомларнинг 1400 га яқин саҳифаси бор.

Халқимизнинг диний-маърифий саводхонлигини ошириш имом-xатибларнинг асосий вазифаси саналади. Улар жума мавъизалари, кундалик намозлар, маҳалла ва турли жамоат ташкилотларида бўладиган тадбирларда илмсизлик ва ёт ғояларга қарши фаол курашиб келишяпти.

Айни пайтда Фарғона ва Андижондаги имомлар Юнусхон Мамарасулов ва Ботиржон Тожибоевнинг “Салафий”ларга илмий раддиялар” китоби, Тошкент шаҳридаги “Муҳсинхон тўра” масжиди имом ноиби Ҳасан Расулов таржима қилган Муҳаммад Жамолиддин Қосимийнинг “Имом Бухорий ҳаёти” асари нашрдан чиқди.

 

– Бутун дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам пандемия шароитида ёрдамга муҳтож одамлар кўпайди. Шу ўринда саховат ишларига бош бўлаётган имомларнинг хайрия ишлари ҳақида ҳам эслаб ўтсак.

 

– Имом-хатиблар пандемияни ҳисобга олган ҳолда хайрия ишлари кўламини янада оширишган. Шу чоққача ҳомийлар кўмагида муҳтожларга қиймати 20 миллиард сўмдан зиёд моддий ёрдам кўрсатилди. Бундай хайрли ишларда Андижон, Хоразм, Самарқанд ва бошқа вилоятлар жомеларининг имом-хатиблари кўпчиликка ибрат бўлишмоқда.

 

Баҳриддин ХУШБОҚОВ

суҳбатлашди.

 

“Ислом нури” газетасининг 24 сонидан олинди.

Read 2326 times

Мақолалар

Top