Мақолалар

Исломий тушунчалар (терминлар)

Ҳозирги кунда Ислом динида учрайдиган баъзи бир сўзларни (терминларни) нотўғри талқин қилиш ҳисобига турли тушунмовчиликлар, бесабаб фитналар зуҳур бўлиб турмоқда. Мусулмонлар ўртасида фасод ишлар кўпаймоқда. Бу каби қабиҳликка ва гуноҳга олиб келадиган амаллардан сақланиш учун Исломий терминларнинг баъзи бирлари билан танишиб чиқишни ва бунга доир Аҳли сунна вал жамоаэътиқодини билиб олишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик.

Ҳижрат

Бу сўз араб тилида бир жойдан иккинчи жойга кўчиб ўтиш маъносини англатади. Исломий истилоҳда эса Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга яшаган ва Ислом динига иймон келтирган кишиларнинг Ҳабашистонга, кейин эса Мадинага кўчиб ўтишларига айтилади.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврида ҳижрат қилинишига сабаб У зот бошчилигидаги мусулмонларнинг ўз юртларида сиғмай, аниқроғи, иймон эътиқодлари ва ҳаётлари хавф-хатарга тушиб, ҳалок бўлиш эҳтимоли кучайгач, мажбурликдан чиқиб кетишлари эди.

Олимларимиз саҳиҳ ҳадисларга суянган ҳолда ҳижратни иккига бўлишади. Биринчиси – юқорида айтилганидек дин ва ҳаётни қутқариб қолиш учун бир жойдан иккинчи жойга кўчиб ўтиш. Иккинчиси –гуноҳ-маъсиятларни тарк этиш.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлган инсон ҳақиқий мусулмондир. Аллоҳ таоло қайтарган нарсаларни тарк қилган (ҳижрат қилган) инсон ҳақиқий муҳожирдир”. Бошқа ҳадисда Имом Байҳақий ривоят қилиб айтадилар: “Ҳижратнинг энг афзали – Роббинг ёмон кўрган нарсани тарк этмоғингдир”.

Бугунги кунда баъзи ғаламислар ва мутаассиб кишилар бонг ураётган ҳижрат тушунчаси (термини) мутлақ бошқа маъноларни билдирмоқда. Улар оятлар ва ҳадисларни замон ва макон ҳолатидан келиб чиқмасдан, ўзларича, турли фатволар ва ҳукмларни эълон қилмоқдалар. Хусусан, илм-маърифат олиш учун имкониятлар тўла яратилиб қўйилган, намоз, рўза, ҳаж ва бошқа Ислом арконларини бажариш учун барча имкониятлар муҳайё қилиб қўйилган ўлкани тарк этишни фарз даражасига чиқариб, ўз юртларидан “ҳижрат қилишга” даъват этмоқдалар. Бегона юртларда сарсон бўлиб, қурол ишлатишни, зўравонлик қилишни ўргатмоқдалар.

Ҳанафий мазҳаби олимлари ғаламис ва мутаассиб кишиларнинг сўзига қуйидаги хабарлар билан раддия берадилар:

Ал-Фоқиҳий ўзининг “Макка хабарлари” асарида шундай ёзади: “Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ухлаётганида ёстиғи тагидаги ҳамёнини ўғирлашади. Ўғри ушланиб, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига олиб борилганида, ўғри ўз қилмишини шу маблағ эвазига ҳижрат қилмоқчи эканлигини айтиб оқланмоқчи бўлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ишини қоралаб, Маккага қайтишлигини ва ўз юртида муқим яшашни буюрадилар. Ва қўшимча қилиб: “Ҳижрат тўхтатилди” дея таъкидлайдилар.

Абдулло ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига бир киши келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен ота-онамни йиғлаган ҳолда ташлаб, ҳижрат қилиш учун сизнинг ҳузурингизга келдим” – дейди. У киши эса: “Ота-онангни олдига қайтиб, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин” – деб жавоб бердилар.

Демак, “ҳижрат” калимаси баъзи кимсалар талқин қилганидек, ўз юртини ташлаб, ўзга юртда мўъминлик қилиш эмас экан. Балки ўз юртида туриб, ибодатларни мукаммал бажариш, гуноҳу маъсиятлардан сақланиш ҳақиқий мўъминлик бўлар экан.

 

Шаҳидлик

“Шаҳид” калимаси Аллоҳ таолонинг исми сифатларидан бири бўлиб, “Ҳар доим ҳозир бўлувчи зот” маъносида келади. Умумий лафзда эса Аллоҳ йўлида ҳалок бўлган кишига айтилади. Бу лафз Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдан келган хабарларга кўра икки турга бўлинган:

 Биринчиси – ҳақиқий шаҳидлик. У Аллоҳ йўлида вафот этган, ҳалок бўлган шахсдир. Бу даражадаги мусулмон киши вафот этганидан кейин қабр азобидан омонда қолади. Қиёмат кунида барча гуноҳари кечирилиб, тўғри жаннатга киради.

 Иккинчиси – ҳукмий шаҳидлик. Ҳадисларда келганидек, бунга ғайритабиий йўл билан ҳалок бўлган мусулмон кишилар киради. Мисол учун, биров томонидан ёки ҳайвон томонидан ўлдирилган, том босган, табиий офат, турли касаллик, заҳарланиш, Ҳаж вақтида, сувда чўкиб ва ҳоказо ҳолатларда вафот этган кишиларга “ҳукмий” шаҳид дейилади. Шунингдек, Ҳанафий олимларизулм кўриб вафот этган, йўл тўсар қўлидан ёки қотиллар қўлидан вафот этган мусулмонларни ҳам ҳукмий шаҳидга киритганлар.

Лекин, ҳозирги кунда, интернет сайтларида портловчи мосламаларни кийиб, тинч аҳоли ўртасига кириб ўзини портлатаётганларни ҳам шаҳид мақомига кўтараётган “олимлар фатвоси”га дуч келишингиз мумкин. Улар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларидаги ғазотлардан мисол келтириб, нотўғри ҳукмларни чиқараётганлигига гувоҳ бўласиз. Улардан бири Барро ибн Моликнинг Ҳанифа ғазотида қамал қилинган қалъада “Мени кўтариб ичкарига отинглар, эшикни очаман” – дея саҳобаларга айтган сўзларини ҳужжат сифатида келтиришади. Барро ибн Моликнинг бу иши хатарли эди, лекин шунга қарамасдан унинг тирик қолишига юздан эллик фоиз имконият ҳам бор эди. Бироқ ўзига портловчи мосламани кийиб, уруш эмас, балки тинч аҳоли ўртасига кириб ўзини портлатишда тирик қолиш учун бирон фоиз ҳам имконият йўқ-ку?!

Уларнинг бошқа далили Абу Айюб Ансорийнинг разияллоҳу анҳу сўзларидир. Мусулмон киши жанг пайтида душман сафига тушиб қолиб, шаҳид бўлишлик ҳақида айтганларини ҳужжат сифатида келтиришади. Бу ҳужжат ҳам ўзини тинч аҳоли ўртасига олиб кириб, портлатиш учун асос бўлмайди. Сабаби, киши душман сафига кирса душман томонидан ўлдирилинади. Ўзининг тиғидан ўлса шаҳид бўлмайди. Ундан кейин душман билан урушда юзма-юз келинади. Одамлар дам олиб ўтирган, тижорат ва бошқа мақсадда юрган жойлар уруш жойлари ҳисобланмайди.

Ўзини мусулмонлар ва ғайримусулмонлар ичига отиб, портлатиш Қуръон ва Сунна ҳужжатларига мувофиқ ўша кимса гуноҳкор бўлади ва абадий дўзах оловида ёнади. Бу кимса “ўз жонига суиқаст қилган” ҳамда бошқаларнинг ҳаётига бесабаб зарар берган ҳукмида бўлади. Бунинг далили сифатида “Нисо” сурасининг 93 оятини келтирамиз: “Ким қастдан бир мўъминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг азоби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир”.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: Ўзини бирор нарса сабабидан ўлдирган шахс, албатта, жаҳаннамда абадий, доимий азобланади”. Бошқа ҳадисда Абу Ҳурайрадан разияллоҳу анҳу ривоят қилинади: Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ким ўзини тоғдан ташласа ва ўзини ўлдирса, у жаҳаннам ўтида абадий, доимий йиқилиб азобланади. Кимки заҳар ичиб, ўзига суиқаст қилса, жаҳаннам ўтида қўлидаги заҳарни ичиб абадий, доимий азобланади. Ким ўзини темир билан ўлдирса, жаҳаннам ўтида темирини қорнига уриб абадий, доимий азобланади” (Имом Бухорий ривояти).

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз жонига қаст қилишни қоралаб ҳаётни қадрига етишни улуғ санадилар. Бу каби ҳатти ҳаракатлардан қайтариш мақсадида ўз жонига қаст қилганларни жанозасини ўқимадилар.

 

Жиҳод

“Жиҳод” араб тилидан таржима қилинганда ғайрат қилиш, ҳаракат қилиш, зўр бериш, интилиш маъноларида келади. Истилоҳда эса, дастлаб, Ислом динини ҳимоя қилиш ва ёйиш учун кураш олиб бориш тушунилган. Имом Роғиб раҳматуллоҳи алайҳи айтади: “Жиҳод – душмандан ҳимояланишда қўли, тили ёки кучи билан ғайрат қилишидир”.

Жиҳод калимаси луғатда кенг маъноларни ўз ичига олганлиги боис амалда ҳам кўп турларга бўлинди. Исломга даъват қилиш, ота-онага хизмат қилиш, нафсни тарбия қилиш, душманга қарши туриш ва ҳоказо. Аллома Ибн Рушд ўзининг “Муқаддамот” асарида жиҳоднинг турларини тўрт қисмга ажратади: қалб, тил, қўл ва қилич билан курашиш. Ибн Рушд Қуръони каримнинг “Тавба” сураси 73 оятини яъни, “Эй Пайғамбар, кофир ва мунофиқларга қарши жиҳод эълон қилинг” оятини тафсир қила туриб, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва мусулмонларга қарши туриб, уларни жисмонан йўқ қилишга интилганларга нисбатан қилич билан, мунофиқларга нисбатан тил билан жиҳод олиб борганлар, дейди.

Ислом даъватининг аввалги марҳаласи яъни, ҳижратдан олдинги давр, Макка даврини эслайлик. Исломга қарши турган кучлар мусулмонларни танлаган йўлидан, эътиқодидан қайтариш мақсадида турли воситаларни ишга солишган. Зулму ситам, азобу уқубатни барча кўриишидан фойдаланишган. Шу қийинчиликларга қарамасдан Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларни сабрга даъват этардилар. Уруш қилишдан қайтарар эдилар. Қуръонни яхшилаб ўқиган олим кишилар айтадиларки, 70 дан ортиқ оятда мусулмонлар кофирларга қарши жиҳод қилишдан қайтарилганлар. Ҳатто, ҳимоя учун ҳам кофирларга қарши курашишга рухсат бўлмаган. Маккада нозил бўлган қуйидаги оят сўзимизнинг тасдиғидир:

“Парвардигорингиз йўли – динига донолик, ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал йўлда мужодала-мунозара қилинг!” (Наҳл сураси 125-оят).

Кейинчалик мусулмонлар жамияти шаклланиб, ўз ватанларидан қувилганларидан сўнг, душман томонидан қилинган ҳужум оқибатида йўқ бўлиб кетиш хавфи туғилганда Аллоҳ таоло уруш қилишга, ҳимояланишга рухсат берди:

“Ҳужумга учраётган (мусулмон)ларга, мазлум бўлганлиги сабабли, (жанг қилишга) изн берилди. Албатта, Аллоҳ уларга ёрдам беришга қодирдир” (Ҳаж сураси, 39-оят).

Демак, кофирларга қарши жиҳод қилиш тил билан бошланган ва 13 йил давом этган. Ислом дини ва мусулмонлар умуман йўқ бўлиб кетиш хавфи туғилгач, қилич билан жиҳод қилиш рухсати берилган.

Пайғамбаримизнинг саллаллоҳу алайҳи ва саллам ғазотлари моҳиятини ўрганиб чиққан олимларимиз икки ғояни илгари суришади: биринчиси – қарши курашларга жавоб бериш учун мудофаа жанглари ва иккинчиси – душман томонидан кутиладиган тажовузнинг олдинини олиш мақсадида қилинган ҳарбий тадбирлар.Шуни алоҳида таъкидлашимиз лозим-ки, ғазотлар ва жанглар доимо уруш майдонларида олиб борилган. Душман тўхташни истаса уруш тўхтатилган. Қўлида қуроли йўқ кимсага қарши қурол кўтарилмаган. Аёллар, болалар ва қари кишиларга умуман озор берилмаган. Бу каби олий даражада ахлоқ ва одоб билан уруш қилиш фақат ҳақиқий мусулмонлар томонидан содир бўлганлигига тарих гувоҳдир.

Шунингдек, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳудудни кенгайтириш, Ислом давлатини қуриш мақсадида жанг қилмаганлар. Агар шундоқ бўлганида эди, Маккада яшаб турганларида давлат қуриш учун ҳаракатга ва урушга тайёргарлик кўрар эдилар. Бироқ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай ишдан ўзларини сақладилар. Мусулмон жамияти тинч йўл билан табиий равишда юзага келгач, уни ҳимояси учун жиҳодга чиқдилар. Демак, жиҳод – ҳеч қачон ҳукумат барпо қилиш ёки йўқ жойдан қўзғолон кўтариш учун жорий этилмаган.

Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳи “Ал Манҳаж фи аввали китоб ал-жиҳад” номли асарида жиҳоднинг ассосий мазмуни бу – яхши ишларга буюриш ва ёмон ишлардан қайтариш, деб келтиради.

Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинким, Ислом дини – ҳақиқат ва охират динидир. Душманлар ҳақиқатни ташқи томондан бузишга кўп уринишди. Лекин уддасидан чиқа олишмади. Эндиги навбат эса ҳақиқатни ичидан бузишга ҳаракат кетмоқда. Исломий терминларнинг бузиб талқин қилиниши ўша ичкаридан бузишнинг бир усулидир. Агар мусулмонлар бу терминларни ҳам соф ҳолда тушунсалар, душманнинг ички зарбаларидан ҳам омонда қоладилар. Қалблари тинчлик ва осойишталикда қолади, Иншааллоҳ.

 

Бухоро шаҳар “Мавлоно шамсиддин Маҳбубий”

жомеъ масжиди имом-хатиби Манзитов Бахтиёр

Read 2973 times

Мақолалар

Top