Мақолалар

Зиёрат қилиш одобларини биласизми?

• Қабр зиёратига борган одам аввало ниятини тўғрилаши ҳамда бу амали билан Аллоҳнинг розилигини кўзлаши лозим. Зеро, ҳар бир амал ниятга боғлиқдир.
• Қабристонга имкон қадар таҳоратли ҳолда сукунат билан кирган афзал.
• Қабр аҳлига сиғиниш, улардан эҳтиёжларини сўраш жоиз бўлмай, бу ширк амал ҳисобланади. Аксинча, бунинг ўрнига уларнинг ҳаққига дуо қилиш лозим..
• Қабр аҳлига назр қилиш, жонлиқ сўйиш, шам ёқиш, латта боғлаш каби ишлар оғир гуноҳ бўлиб, кишининг имонига путур етказади.
• Қабристонга киришда қуйидаги дуони ўқиш ва ундаги маъноларни тўла ҳис этиш афзал: “Ассалому алайкум, мўмин мусулмонлар диёри аҳли! Биз ҳам, иншааллоҳ, сизларга қўшиламиз. Сизлар бизниннг ўтмишдошимизсиз, биз эса сизларнинг ўринбосарингизмиз. Аллоҳдан бизга ҳам, сизга ҳам офият сўраймиз”.
• Зиёратчи ўзи зиёрт қилмоқчи бўлган қабрга оёқ тарафидан келиб, қабрнинг ўнг тарафига туради ва унга юзланиб, қиблага орқа қилган ҳолда қабр эгасига салом беради.
• Зиёратчи қабр аҳли ҳаққига Қуръон тиловат қилади.
• Қабр олдида Қуръон ўқиганда тиловатни овоз чиқариб ўқиган афзал, чунки қабр аҳли ундан баҳра олади.
• Қабр устидаги кўкариб турган ўсимлик, дов дарахт ва майсаларга тегилмайди, чунки уларнинг тасбеҳидан маййитга манфаат бор. Қуриганларини йиғиштириш мумкин.
• Зиёрат вақтида қабр тошларини ўпиш, уларни силаб юз-кўзга суртиш, қабр атрофини айланиб тавоф қилиш, у ерда шам ёқиш, зиёратгоҳ ҳудудидаги дарахт ёки ёғочларга латта парчаларини боғлаш жоиз эмас.
• Қабр устига пул сочиш мумкин эмас, балки ҳар қанча хайрия, садақа ва эҳсони бўлса махсус эҳсон қутиларига ташлаш талаб этилади.
• Зиёратгоҳ ҳудуди озодалагини сақлаш керак. Ёш болаларнинг бошқа зиёратчиларга халал беришларининг олдини олиш лозим.
• Зиёратдан сўнг яна охиста чиқиб кетилади.

Ҳайдархон Юлдашходжаев,
“Мир Араб” Олий мадрасаси ректори

Read 2045 times

Мақолалар

Top