Мақолалар

Албатта, ундан сўралур

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг кўп ўринларида вақт, замон билан қасам ичади. Бу эса Аллоҳ таоло наздида вақтнинг улуғлиги ва қадри баландлигини англатади. Вақт Аллоҳ таоло томонидан берилган улуғ неъматлардан биридир. Ундан унумли фойдаланиб, ҳар бир лаҳзасини мазмунли ўтказсак, ҳаётимиз баракали бўлади. Беҳуда сарфланган вақт эгасига афсус-надомат олиб келади.

Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтдилар: “Қиёмат куни банданинг қадами тўрт нарсадан сўралмагунча ўрнидан жилмайди: умрини қандай ўтказгани, ёшлигини нималарга сарфлагани, мол-мулкини қаердан олиб, қаерга сарфлагани ва илмига қандай амал қилгани ҳақида сўралади” (Имом Табароний ривояти).

Бундан кўриниб турибдики, инсон вақтини сарфлашда Аллоҳ таоло олдидаги масъулиятини ҳис қилмоғи керак. Ҳар бир мусулмон вақтнинг қадрига етиб, унинг ҳар лаҳзасини дини, дунёси ва охирати учун манфаатли бўлган ишлар – илм ўрганиб, амал қилиш, уни бошқаларга ҳам ўргатиш, ҳалолдан ризқ талаб қилиш кабиларга сарфламоғи лозим. Мўминлар амири Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу: “Ҳисоб-китоб қилинмасингиздан аввал ўзингизни сарҳисоб қилинг. Амалларингиз ўлчанмасидан аввал уларни тортиб кўринг”, дер эдилар.

Биз ҳам ўзимизни сарҳисоб қиляпмизми? Вақтимизни, умримизни нимага сарфлаяпмиз? Охиратимиз учун қандай амаллар қилмоқдамиз? 

Ҳозир нафақат соатларини, балки умрларини турли хил каналлар, сайтларга кириб, бўлар-бўлмас ўйинлар, олди-қочди суҳбатлар билан беҳуда совураётган ёшлар йўқ дейсизми? Ойнаи жаҳон қаршисидан жилмай, кетини кетига улаб сериаллар кўриш билан олтиндан қиммат вақтини зое қилаётганлар камми? Наҳотки бизга омонат қилиб берилган умримизнинг хазон бўлаётгани бизни ташвишлантирмаса? Ахир эртага бунинг ҳисоб-китоби бор. Кун келиб, умримиз беҳудага кетганини тушуниб етганимизда кеч бўлади.

Шундай экан, ҳозирданоқ вақтимизни, умримизни яхши ва хайрли амалларга сарфлайлик. Бунинг учун, аввало, вақтимизни тўғри тақсимлаб, режа асосида иш кўрмоғимиз лозим. Албатта, ишларни режалаштиришда энг зарурларидан бошлаш тўғри бўлади. Ҳар кимнинг ҳолати ҳар хил: кимдир ўқувчи, кимдир шифокор, кимдир муаллим, яна кимдир ҳайдовчи ва ҳоказо. Ҳар биримиз ўз ҳолатимиздан келиб чиқиб, айни пайтда зиммамизда турган энг зарур амалларни адо этишдан бошлайлик. Зарурати энг юқорисидан зарурати озига қараб бажариб борамиз. Шунда ўз-ўзидан бефойда нарсалар кун тартибимиздан чиқиб кетади. Қарабсизки, вақтимиз, умримиз секин-аста баракали бўлиб, илгари улгуролмаган ишларимизга ҳам етарлича вақт топишимиз мумкин. 

 


Улуғбек ҚОБИЛОВ,
Сирдарё тумани “Аҳмад ибн Малик”
жоме масжиди имом-хатиби
“Ислом Нури” диний-маърифий газетасининг 2020-йил, 22-сонидан

Read 2235 times

Мақолалар

Top