Мақолалар

Даврий нашрларда: Имом Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)

Тўлиқ исми – Нўъмон ибн Собит Куфий. 80-ҳижрий йили Куфа шаҳрида туғилган. Асосан шу шаҳарда яшаб, 150/769 йили70 ёшда Бағдодда вафот этган.

Ёшлигида тижорат билан шуғулланган. Имом Шаъбийнинг тавсияси билан илм ўрганишга киришади. Йиллар ўтиб, Нўъмон етук аллома – Абу Ҳанифа бўлиб етишади. Ўша пайтда Куфа Ислом оламининг илм марказларидан бири бўлиб, масжидлар дарс ҳалқалари билан тўла эди. Кўплаб саҳоба ва тобеинлар у ерда яшардилар.

Шу боис Абу Ҳанифанинг илм талабида бошқа ўлкаларга чиқишига зарурат туғилмади. Чунки Куфа илм билан, олимлар билан тўлибтошганди. Имоми Аъзам раҳимаҳуллоҳ дастлаб калом илми билан шуғулланиб, бидъатчилар ва адашган фирқа вакиллари билан кўп баҳслашади. Кейинроқ бу одат саҳоба ва тобеинларнинг йўли эмаслигини билгач, калом илмини қўйиб, фиқҳ ўрганишга киришади.

Куфа фақиҳи Ҳаммод ибн Абу Сулаймон раҳимаҳуллоҳнинг дарс ҳалқасига қатнаб, асосий илмларни у зотдан ўрганади. Ўша пайтда Абу Ҳанифанинг ёши 22 да эди. У устозидан ўн саккиз йил мобайнида таълим олади. Жидду жаҳди, ҳаракатчанлиги, сабр ва матонати туфайли Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ устозининг хос шогирдига айланди. Устози бирор муҳим иш билан сафарга кетадиган бўлса, дарс ҳалқасига уни бошлиқ қилиб қўярди. Бу эса у зотнинг вафотидан кейин Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг устоз бўлишига ишора эди.

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ саҳобаларни кўргани билан ҳам бошқа мазҳаббошилардан ажралиб туради. Ҳофиз Заҳабий “Тазкиратул ҳуффоз” асарида Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳуни Куфага келганларида бир неча марта кўрганини зикр қилади. Дарҳақиқат, ўша пайтда саҳобалардан бир нечаси, жумладан, Абдуллоҳ ибн Абу Авфо, Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳум ҳаёт бўлган. Саҳобаларни кўриб, улардан ҳадис ривоят қилиш бахти мазҳаб имомларидан фақатгина Абу Ҳанифага насиб этган.

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг фиқҳга бўлган иқтидори ва бор аҳамиятини ижтиҳод ҳамда фиқҳни ўргатишга қаратгани ҳанафий мазҳабининг ривожланишига туртки бўлди. Ижтиҳодида ўзининг фиқҳи ва раъйини намоён қиладиган ёрқин йўлни, шогирд-талабаларга эса фиқҳни ўргатиш борасида ажойиб услубни танлади. Натижада кўплаб фақиҳлар етишиб чиқди. Шогирдлари ҳам у зотга истинбот қилиш ва масалаларни ўрганишда шерик бўлишди. Улар устозлари вафотидан кейин ҳам бу ишларни давом эттиришди. Бу эса Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ мазҳабининг ривожланишига катта ёрдам берди.

“Ҳанафий фиқҳи тарихи, манбалари ва истилоҳлари”

китоби асосида тайёрланди.

“Ислом Нури” диний-маърифий газетасининг 2020-йил, 22-сонидан

Read 1770 times
Tagged under

Мақолалар

Top