Мақолалар

Энг нодир асар

У зотнинг тўлиқ исмлари - Муҳаммад Абуссууд Афанди ибн Муҳйиддин Муҳаммад ибн Муслиҳиддин Мустафо Имодуддин Имодий Искилибий Ҳанафий ёки Абуссууд ибн Муҳаммад Имодий бўлиб, “Абуссууд Афанди” номи билан машҳур бўлган фақиҳ ва қози ҳижрий тўққизинчи асрнинг охирларида Усмонийлар давлатининг Искилиб шаҳарчасида таваллуд топганлар.

Абуссууд Афандининг туғилиш санаси ҳақида кўпгина ривоятлар мавжуд бўлиб, кўпчилик уни 19 сафар 896 йил/ 1 декабрь 1491 йилда туғилган деса, баъзилар 17 сафар 896[1]/30 декабрь 1490 ёки 19 сафар 897/22 январь 1491 йилда дейишади. Баъзи тарихчилар эса, унинг туғилиш санасини 896/1490 ёки 1491 йил дея кўрсатишади. Бошқа тарихчилар эса, у ҳижрий 900[2] йилда туғилган десалар-да, у билан бир замонда яшаган тарихчи Тошкўпирзода  ҳижрий 898/1493 йилни кўрсатади[3]. Али ибн Болий ўзининг ҳижрий 992 йилда таълиф қилган[4] “ал-Иқдул манзум фи зикри уламаиррум”[5] номли китобида Абуссууд Афандининг туғилган жойи Истанбул яқинидаги Искилиб шаҳарчаси эканини, шу сабабли унга “Искилибий” нисбаси берилганини келтиради. Буни унинг шогирди асли Искилибдан бўлган Ошиқ Шиблий ҳам тасдиқлайди.

Унинг туғилган уйи илм ва фазл билан танилган хонадонлардан бўлган. Шу сабабдан баъзилар Абус-Сууднинг таърифида: “У илмнинг бағрида тарбия топди ва фазлнинг кўксида яйради, натижада шарафли илмлар учун хизматда қоим бўлди, обрўси баланд ва оламга машҳур бўлди”- деганлар.

Дастлаб мударрислик қилганлар, сўнгра қозилик, қозиаскарлик даражасига кўтарилганлар. Усмонийлар давлати девонида иштирок этганлар. Сўнгра Усмонийлар пойтахтида муфтий ва шайхулислом мансабини эгаллаганлар. Пойтахт, вилоятлар ва асосий катта шаҳарларда фатво, ваъз ва хатиблик ҳайъатини ташкил қилиб, унга ўзи раҳбарлик қилган. Истанбул муфтийси мансабида 30 йил ишлаган, бундай узоқ муддатда ундан аввал ҳам, кейин ҳам ҳеч ким фаолият кўрсатмаган. Абуссууд Афанди ҳазратлари Султон Сулаймон Қонуний томонидан чиқарилган амру-фармонларнинг деярли барчасида бевосита ёки билвосита иштирок этган[6].

Усмонийлар давлатига ҳижрий 699/милодиий 1299 йилда Усмон ибн Эртуғрул тарафидан асос солинган бўлиб, Султон Сулаймон Қонуний даврида (926-974/1520-1566)  ўзининг юксалиш нуқтасига чиққан. Айнан ўша давр Абуссууд Афанди ўз мансабини эгаллаб турган давр бўлган, чунончи Усмонийлар давлатида дин уламолари катта обрў-эътиборга эга бўлган.  Хоссатан, бу давлат ташкил топганидан кейин унинг ибтидосида султон ошкора равишда шариъат ҳукмларидан ташқарига чиқа олмаган, шунинг учун султон бирор муҳим сиёсий ишни амалга оширишдан олдин унга жоиз фатволарни берувчи шайхулисломга муҳтож бўлган. Шунингдек Абуссууд Афанди Султон Сулаймон Қонунийнинг ўғли Салим II нинг ҳукмронлик даврида (974-982/1566-1574) ҳам юқори мансабда бўлган. Усмонийлар давлатининг  юксалиш даври мобайнида шайхулисломлик ва Истанбул муфтиси лавозимида ўн олтита шайх ўтган, уларнинг ичида Абуссууд Афанди энг кўп давлатга хизмат қилган. У вафотига қадар яъни 30 йил мобайнида Истанбул муфтийси мансабида ишлаган. У яшаб ўтган давр оддий давр бўлмаган, шу билан бирга, у Усмоний султонларининг  энг ёши улуғи ва чиқарган қонунлари билан “Қонуний” деб ном қозонган Султон Сулаймон I билан ўзаро дўстона муносабатда бўлган. Шунингдек, Абуссууд Афанди Сулаймон Қонунийнинг қонунларини ишлаб чиқишда ҳам муҳим рол ўйнаган.

Усмонийлар даврида етишиб чиққан тафсир уламоларининг кўпи Қуръони каримни тўлалигича тафсир қилмасдан балки, аввал ёзилган тафсир китобларига ҳошия ва таълиқлар ёзиш билан кифояланишган. Aбуссууд Aфанди эса, Қуръони каримни тўлиқ тафсир этганлигидан унга “Султонул муфассирин, хатибул муфассирин, хотиматул муфассирин” каби унвонлар берилган. Aбуссууд Aфанди бу тафсир китобини араб тилида ёзган бўлиб, уни Қонуний Султон Сулаймонга туҳфа қилган. “Иршодул ақлис салим ила мазаял Китабил карим” номли бу китобида Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларга катта аҳамият қаратган, нузул сабаблари, мансух, қиссалар, фиқҳий ва каломга оид масалалар, тил, қироат, исроилиёт, муҳкам ва муташобиҳ каби масалаларни кенг очиб берган. Шеърий усулни қўллаб, балоғат ва ижоз, оятлар орасидаги муносабатлар каби тафсир илмининг нозик жиҳатларидан моҳирона фойдаланган. Тафсирида аҳли сунна вал жамоа ақидасига маҳкам боғланган ҳолда ақлий заковатидан тўла фойдаланганлигидан ва оятлар орасидаги мутаносибликни мукаммал изоҳлаб берганлигидан баъзилар унинг бу асарини Замахшарийнинг “Кашшоф”, Байзовийнинг “Aнворут танзил” номли тафсирларидан ҳам устун эканлигини эътироф этганлар. Aбуссууд Aфандининг ўзи ҳам Замахшарий ва Байзовийнинг тафсирларидан ҳамда Розийнинг “Мафотиҳул ғойб”, Насафийнинг “Мадорик” номли тафсирларидан кенг фойдаланган.

Ҳақиқатан ҳам мазкур тафсир ширин тили, гўзал ибораси билан бошқа тафсирлардан ажралиб туради. Муаллиф Қуръоннинг балоғий тушунчаларини ҳеч ким қилмаган услуб билан очиб берган.

Бу тафсирнинг фазилати ҳақида “Ал-ақдул манзум фи зикри афозилир – Рум” китоби муаллифи шундай ёзади: “Бу тафсирда ҳеч бир замонда мисли кўрилмаган ва қулоқлар эшитмаган нарсалар баён этилган.

“Ал-фавоидул бахийя фи тарожимил-ҳанафийя” китобининг муаллифи шундай дейди: “Мен у тафсирни мутолаа қилдим. Ундан кўп фойда олдим. Китобхонни зериктирадиган даражада узун, тушунмовчилик пайдо қиладиган даражада қисқа эмас, латифа ва нуқталар билан безатилган, фойда ва ишораларни ўзида мужассам қилган китобдир”.

“Кашфуз-зунунда” айтилишича, бу тафсирнинг нусхалари бутун оламга тарқалган, уламолар ҳузурида яхши қабул қилинган, тили енгил. Шу сабабдан уламолар тафсир муаллифини (Абус-суудни) “муфассирларнинг хатиби” деб номлаганлар. Қуръон оятларининг маъноларини тушунтиришда жуда осон йўлни танлагани учун, бирор оятнинг тафсирида мужмаллик ва махфийлик йўқдир, ўз навбатида ҳошияга ҳам эҳтиёж йўқ.

Аммо “Кашфуз-зунунда” айтилишича, Абус-сууднинг тафсирига икки киши: аш-Шайх Аҳмад ар-Румий ал-Оқ Хисорий (вафоти 1041) “Ар-Рум” сурасидан “Ад-духон” сурасигача, аш-Шайх Разиюддин ибн Юсуф ал-Қуддусий тафсирнинг салкам ярмига таълиқ-илова ёзган.

Абус-сууд ўз тафсирининг муқаддимасида, “аз-Замахшарий ва ал-Байзовий тафсирларига қаттиқ эҳтимом ва эътиқод қўйган, уларни қайта-қайта мутолаа қилган, улардан илҳомланиб тафсир ёзишга киришганини айтади.

Шунинг учун ҳам у тафсирлардагидек, ҳар бир суранинг охирида келтирилган, уламолар томонидан бил-иттифоқ ёлғон ва мавзулигига қарор қилинган ҳадисларни Абус-сууд Афанди ҳам ривоят қилган.

Лекин муаллиф тафсир услубида мазкур икки тафсирни асос қилиб олган бўлса-да, аз-Замахшарийнинг тафсиридаги мўътазилий фикрлардан жуда узоқ бўлган, ундан китобхонни ҳам таҳзир қилган ва тафсирини тўлалигича “аҳли сунна” эътиқодида якунлаган.

Ҳар бир оятнинг тафсирини бошлашдан аввал оятларнинг боғланиши ва ўзаро муносабатларининг баёнига тўхталади. Аҳён-аҳёнда муносабатдан аввал қироатлар ҳақида ҳам гапирилган.

Тафсирда исроилиётларнинг кўп эмаслиги ҳам эътиборга молик. Исроилий ривоят келтирилганда ҳам жазм ва қатъийлик билан эмас, зарурат туғилганда унинг заифлигига ишора қилиб: “ривоят килинишича”, “айтилишича”-деган сўзлар билан бошланган.

Абус-сууднинг тафсиридаги яна бир камчилик, у ҳам бўлса, уламолар бил-иттифок «каззоб» деб хукм килган Ал-Калбий ва Абу Солихдан хадис ривоят килишидир. Масалан “Сабаъ” сурасининг 15-ояти:

لَقَدْ كَانَ لِسَبَإٍ فِي مَسْكَنِهِمْ آَيَةٌ جَنَّتَانِ عَنْ يَمِينٍ وَشِمَالٍ...

“Сабаъ (аҳолиси) учун ўз масканларида (Аллоҳнинг фазлига доир) бир аломат бор эди – ўнг томон ҳам, сўл томон ҳам боғ-роғ бўлиб...”[7]- ояти тафсирида, оят мазмунидаги қиссани келтириб шундай дейди: “Ал-Калбий Абу Солиҳдан ривоят қилишича, уларнинг асли қиссалари шундай бўлган эди: Амр ибн Омир Сабаъ авлодларидан эди. Икковининг орасида ўн икки авлод ўтган. Сабаънинг номи Мазиқийё ибн Моус-самоъ эди. Унга коҳинлар Маъраб қўрғонининг хароб бўлиши ва Эрам сели икки тарафи жаннат мисол бўлган ерни ғарқ қилишини хабар қилган эди”,- деб у қиссани ва бошқа ривоятларни бемалол келтираверган.

Ҳолбуки, Ал-Калбийнинг каззоблиги барчага маълум. Ас-Суютий ўзининг “Aд-дyppyл-мaнcyp” тафсири хотимасида шундай ёзади: “Уламолар Ал-Калбийни ёлғончи санаганлар. У касал бўлганда: “Мен Абу Солиҳ номидан келтирган ҳадисларимнинг барчаси ёлғондир”,-деб эътироф этган.

Лекин Абус-Саъуд мазкур ва бошқа ҳадисларнинг сўнггида (“Аллоҳ таоло билувчироқ” деб қўйиши ўша ҳадиснинг саҳиҳлиги ёки заифлигида шубҳа қилишининг аломатидир. Абус-Сууд фиқҳий масалаларда оятнинг маъносидан чиқадиган ҳукмларда мазҳабларнинг йўналишини, хусусан ҳанафий ва шофиий мазҳаб фикрларини шунчаки келтириш билан кифояланади.

Шунингдек, наҳвий масалаларда ҳам унчалик чуқур кетмаган. Агар бир оят бир неча эъробий кўринишларга эга бўлса, муаллиф улардан бирини таржиҳ қилади ва таржиҳига далил келтиради.

Шундай қилиб, Абус-Сууднинг ушбу тафсири ғоят нозик дид билан, беҳуда гап аралаштирмасдан, лўнда ва очиқ, иборалар билан ёзилган асар бўлиб, кейинги муфассирларнинг кўпчилиги ҳам унга мурожаат қиладилар.

Aбуссууд Aфанди 982 йил жумадул-аввал ойининг бешинчи куни 23 август 1574 да вафот этади. Aйдарусий унинг вафоти тарихини 952 йил жумадул ахир ойи деб кўрсатади. Унинг жанозасига уламолар, вазирлар ва Девон соҳиблари ҳозир бўлади, Синон Маҳший “Султон Муҳаммадхон” жомеасида унинг жанозасини  ўқийди. Саҳоба Aбу Aйюб ал Aнсорий розияллоҳу анҳу қабристонига дафн қилинади. Унинг вафоти хабари Масжидул ҳаромда эълон қилинади ва ғоибона жаноза намози ўқилади. Истанбул кўчаларидан бирига унинг номи берилган.

 

 

 

Манбалар асосида

Муҳаммадали КАТТАБОЕВ,

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти АРМ мудири,

Тошкент ислом институти Махсус сиртқи бўлим 3-босқич талабаси

 

[1] “Таадий илал аъла ли зайлиш шақаиқ”. -Б. 129.  

[2] Aбдулқодир Aҳмад Aто. “Тафсир Aбиссууд”. -Б. 125.

[3] Aбул Aббас Aҳмад ибн Муҳаммад ибн Абилафия. “Китабу дурратил ҳижал фи асмаир рижал”. -Б. 306.

[4] “Таадий илал аъла ли китаби шайхислам Aбуссууд Aфанди”. -Б. 266.

[5] Aли ибн Лали Бали. “Махтута китабил иқдил манзум фи зикри уламаир рум”. -Б. 70.

[6] Муҳаммад Исом Aли Aбдулҳафиз Удвон, “Шайхулислам Aбуссууд Aфанди” . (898-982 ҳ/1493-1574м.) -Б. 264-265.

[7] “Қуръони карим маъноларининг ўзбекча таржима ва тафсири”. Шайх Абдулазиз Мансур. Тошкент: 2007 йил 

Read 1929 times

Мақолалар

Top