Мақолалар

Васият қандай адо этилади?

Мерос ҳақида сўз борганида васият масаласига ҳам алоҳида аҳамият бериш зарур. Чунки васият масаласида ҳам одамлар орасида жуда кўп келишмовчиликлар, турли фикрлар содир бўлади. Вафот этган одамлар томонидан ҳам гоҳида ноўрин васиятлар бўлиб туради. Аслида васият ҳам мерос ҳақидаги ояти каримада баён қилинади.

“Зарар қилмайдиган васиятни ёки қарзни адо этгандан сўнг. Булар Аллоҳнинг васиятидир. Ва Аллоҳ билувчи ҳамда Ҳалийм Зотдир” (Нисо, 12-оят)

Демак, мол-мулкини кимгадир васият қилиб қолдириш ҳам шаръан жоиз амал. Яъни бир инсон вафот қилишидан аввал меросхўрларини йиғиб “болаларим ман вафот қилганимдан кейин қолдирган мулкимдан фалончига мунча миқдорда беринглар” деса мана шу васият бўлади. Аммо унинг ҳам бир қатор талаб ва қоидалари мавжуд бўлиб қуйида уларга имкон қадар тўхталамиз.

1. Мулкдор одам ўзининг мерос молидан кимгадир васият қилишга мажбур эмас. Фуқаҳоларимиз бу масалани мустаҳаб амал дейдилар. Яъни васият қилмаса ҳам гуноҳкор бўлмайди. Васият қилиш ёки қилмаслик мулк эгасининг ўз ихтиёридаги ишдир.

2. Мулкдор одамнинг ўз молидан васият қилиши меросхўрларидан бошқа одамларнинг номига адо қилинади. Чунки меросхўрларга мерос молидан белгиланган улуш бордир. Улар ўша мерос улушига эга бўладилар.

Бунинг асоси қуйидаги ҳадиси шарифдир:

“Албатта Аллоҳ таоло (мерос борасида) барча ҳақдорларнинг ҳаққини белгилаб бергандир. Меросхўрлар учун васият қилинмайди”. (Абу Довуд, Термизий, ибни Можа, Аҳмад ва Байҳақийлар ривояти).

Борди-ю майит шу каби васиятни тайинлаган бўлса ҳам у васият бажарилмайди. Чунки гуноҳ ва маъсиятга қаратилган васиятлар амалга оширилмайди.

3. Васият қилинган мулк миқдори марҳум қолдирган мулкнинг 1/3 қисмидан ошмаслиги керак. Масалан, Абдуллоҳ вафот қилишидан аввал болаларига “мендан кейин ўзим таълим олган мактабга мулкимнинг ярмини ўтказиб беринглар” деса унинг бу васияти молининг 1/3 қисмида бажарилади. Чунки унинг қолган мулки меросхўрлар орасида ҳар бирининг белгиланган миқдордаги улушига қараб тақсимланиши керак.

4. Марҳум мулкининг ҳаммасини меросхўрларидан бошқага васият қилган бўлса ва бу ишга унинг меросхўрлари рози бўлсагина мазкур васият тўлиқ амалга оширилади. Аммо меросхўрлар рози бўлмасалар ҳам мулкнинг 1/3 қисми айтилган ўринга топширилади. Бу борада меросхўрларнинг рози ёки норозилиги эътиборга олинмайди.

Айни шу масалада васият қилинган мулк, ўз эгасига топширилмаса уни олган одам гарчи марҳумниинг меросхўри бўлса-да бировнинг ҳақини ўзлаштириб олган бўлади. У мулкни тасарруф қилиш ушбу меросхўр учун ҳаромдир. Яъни бировнинг ҳақини еган бўлади.

5. Васиятни ижроси марҳумнинг бўйнидаги қарзлари ўз эгаларига етказилганидан кейин амалга оширилади. Чунки пайғамбар соллолоҳу алайҳи васаллам шундай тадбиқ қилганлар.

6. Агар васият қилувчи мулкини ношаръий, ножоиз жойларга васият қилса, унинг васияти эътиборга олинмайди ва бажарилмайди.

Тоҳир Воҳид,
Тошкент шаҳридаги “Умар ибни Хаттоб” жоме масжиди имоми ноиби

Read 2038 times
Tagged under

Мақолалар

Top