Мақолалар

Ота-она дуоси

Ислом дини таълимотларида ёш авлодни ота-она дуосини олишга тарғиб қилинади. Солиҳ фарзанд учун ота-она дуосидан яхшироқ нарса бўлмаса керак.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «уфф» дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт! Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат ва «Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин», деб айт» (Исро сураси 23-24 оят). Аллоҳга ибодат ва ота-онага яхшилик қилишнинг ёнма-ён зикр этилиши ҳам ота-она ҳақи нақадар улуғ ва муҳим эканидан далолат беради.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қиладилар: “Уч нарса борки, кимда у бўлса, Аллоҳ таоло раҳмат қанотини ёзади ва жаннатга киргизади. Заифга меҳрибон бўлиш, ота-онанинг дуосини олиш, қўл остидагиларга яхшилик қилиш”.

Қарияларни ҳурмат қилиш, дуоларини олиш миллий қадриятларимизнинг бир бўлагидир. Улар сабабли оилада файз-барака зиёда бўлади ва Аллоҳ таоло бизларни турли бало-офатлардан асрайди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Агар орангизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар селдай оқиб келар эди”.

 

Абдурауф Ёрбеков,
Ховос тумани “Абу Ҳанифа” жоме масжиди имом-хатиби

Read 4168 times
Tagged under

Мақолалар

Top