Мақолалар

ВОДИЙНИНГ “ОЛТИН ҲАЛҚА”СИ

Янгиланаётган Ўзбекистонда олиб борилаётган очиқ-ошкора, прагматик ички ва ташқи сиёсат халқаро экспертлар томонидан юқори баҳоланиб, мамлакатимиз қатъий, чуқур ислоҳотлар ва ўзгаришларнинг янги босқичига қадам қўймоқда, ўзининг мустаҳкам сиёсий иродасини намоён этмоқда.

Диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминқлаш масаласига ҳам алоҳида аҳамият қаратилаётгани қувонарли. Бу, ўз навбатида, давлатимиз раҳбари ва Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг халқаро ҳужжатларда белгиланган умуминсоний меъёрларга қаратаётган юксак эътиборининг ёрқин намунасидир.

2017 йил 19 сентябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюция қабул қилиш ташаббуси билан чиқилгани, БМТ Бош Ассамблеясининг сессиясида Ўзбекистон томонидан таклиф этилган мазкур резолюция БМТга аъзо 193 та давлат томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланиши, шунингдек, 50 дан зиёд мамлакат билан ҳаммуаллифликда қабул қилингани — ушбу йўналишдаги ишларнинг тўғри ўзанда кетаётганидан далолат беради.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 75-юбилей сессиясининг юқори даражадаги умумсиёсий мунозараларида сўзлаган нутқида ҳам миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш доимий муҳим вазифа эканини алоҳида таъкидлаб ўтди. Бундан кўриниб турибдики, ушбу йўналишдаги ишлар умумжаҳон диққат-эътиборидаги муҳим масалалардан биридир.

Давлатимиз раҳбари томонидан дунё эътироф этган юртимиз алломаларининг илмий-маънавий меросини ўрганиш, уларни тадқиқ этишни рағбатлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳам халқаро ҳамжамият нигоҳида. Ушбу йўналишдаги ишларни тизимли ташкил этиш борасида Президентимиз ташаббуси билан республикамизнинг турли ҳудудларида халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Тошкент шаҳрида эса Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилгани фикримизнинг яққол исботидир.

Наманган вилоятининг Чортоқ туманида жойлашган Султон Увайс Қараний зиёратгоҳ мажмуасининг давлатимиз раҳбари ташаббуси билан батамом қайтадан қуриб битказилиб, зиёрат масканига айлантирилганини ҳам ана шу йўналишдаги ишларнинг мантиқий давоми сифатида қайд этиш мумкин.

Дарҳақиқат, ушбу мажмуа, халқимиз, хусусан, Наманган аҳолисининг маънавий ҳаётида алоҳида ўрин тутадиган, тарих саҳифаларида олтин ҳарфлар билан муҳрланиб қоладиган воқелик бўлди. Увайс Қараний зиёратгоҳининг жануб томонида оналари Биби Наима она зиёратгоҳи жойлашган. Ушбу зиёратгоҳда ҳам қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, комплекс мажмуага айлантирилди.

Мажмуа мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалдаги ёрқин исботи сифатида Наманган вилоятининг кўрки ва ташриф қоғозига айланди. “Водийнинг олтин ҳалқаси” бўлмиш ушбу кўркам ва замонавий мажмуанинг тантанали очилиши муносабати билан халқаро онлайн илмий анжуман ташкил этилди. Унда Россия, Миср Араб Республикаси, Туркия, Татаристон, Озарбайжон, қўшни Қозоғистон ва Қирғизистондан соҳа мутахассислари ҳамда 100 га яқин маҳаллий исломшунос олимлар иштирок этди.

Илмий конференция ишида юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, айниқса, аждодлар меросини ўрганиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Ўз навбатида, хорижлик мутахассислар Увайс Қаранийдек улуғ зотга кўрсатилган ана шундай юксак эътибордан мамнун эканликларини билдириб, Ўзбекистоннинг бу йўналишдаги ишларини олқишлади.

Наманган вилоятида қад ростлаган муҳташам Султон Увайс Қараний мажмуаси ҳам, Президентимиз таъбири билан айтганда, ёш авлодни юксак маънавиятли инсонлар этиб тарбиялашда катта аҳамият касб этадиган масканлардан бири бўлиб хизмат қилади.

Абдуғофур АҲМЕДОВ,

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси

Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси

2021 йил 26 февраль, №41 (297)

 

Read 1895 times

Мақолалар

Top