Мақолалар

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Ишорат иймон шаройитиға (Қирқ тўртинчи мавзу)

ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ ДОНО БЎЛУР...

*   *   *

Заҳируддин Муҳаммад Бобур хазиналари

*   *   *

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ

*   *   *

ИЙМОН-ЭЪТИҚОД  КИТОБИ

*   *   *

НАЗМ

 

Ишорат иймон шаройитиға

 

Билки, иймон шаройити бордур,

Аҳли иймон аро муқаррардур.

Бириси – ғайбқа кетур иймон,

Бўлди иймон йаъси бедармон.

Ғайб оламини хоссайи Ҳақ бил,

Сўз будур, шаръ ичра мундоқ бил.

Яна Ҳақдин керак умид ила бийм,

Муни деб юрма: бор Худойи карим.

Яна билгил ҳалол ҳақни ҳалол,

Бил ҳаромни ҳам ҳарому вубол.

Тенгрининг  душманиға  душман  бўл,

Тенгрининг севганини севган бўл.

 

НАСРИЙ БАЁН

 

Иймон шартларининг баёни

 

Билгинки,  иймоннинг  шартлари  бордир,  (бу  шартлар)  аҳли  иймон  ўртасида  муқаррар  қилингандир.  Биринчи, ғайбга  иймон  келтир. Иймон йаъси, яъни умидсизлиги бедармон дарддир. Ғайб оламини Ҳақ  таъолонинг  хос  ишларидан,  сирларидан  деб  бил.  (Муҳим)  сўз ана шудир, шариъатда (эътиқод) ана шундай деб бил.

 

Яна Аллоҳдан умид билан қўрқув (хавф ва ражо) бўлиши лозим, Аллоҳим карамли, деб юр(иб ғафлат ва ҳалокатга қол)ма.

 

Яна ҳалол ҳақни ҳалол деб бил, ҳаромни ҳаром ва вабол – гуноҳ деб эътиқод қил. Аллоҳнинг душманига душман бўл, Аллоҳнинг севганини севган бўл – дўстига дўст бўл.

 

ИЗОҲ. Хавф ва ражо (қўрқув ва умид) иймон қушининг икки қанотидир. Юқорида айтилганидек, бу иккиси баробар бўлиши шартдир. Аллоҳнинг раҳматидан умид узиш мумкин эмаслигига далил ушбу ояти каримадир:

Зумар сураси,  53-оят маъноси: “Айтингки: «(Аллоҳ бундоқ дер:) «Эй Менинг ўз ўзларига қарши (гуноҳ қилиб) ҳаддан ошган бандаларим! Аллоҳнинг раҳматидан умид узманглар!..»

 

“Муни деб юрма: бор Худойи карим” сатри ушбу ояти каримага ишорат қилади Луқмон сураси, 33-оят маъноси: «(Эй инсонлар!) Ўта алдамчи (шайтон ва унинг дўстлари) ҳам сизларни Аллоҳ(нинг афви, карами ва марҳамати кенг, гуноҳлар қилиб яйраб қолаверинглар деган фириб) билан алдаб қўймасин (гуноҳга ботириб, ибодатдан чалғитмасин)!».

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

            Мирзо КЕНЖАБЕК.

Read 1969 times
Tagged under

Мақолалар

Top