Мақолалар

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Ишорат иймоннинг натижаву фойидасиға (Қирқ бешинчи мавзу)

ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ ДОНО БЎЛУР...
* * *
Заҳируддин Муҳаммад Бобур хазиналари
* * *
МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ
* * *
ИЙМОН-ЭЪТИҚОД КИТОБИ
* * *
НАЗМ

Кимки иймон буларға келтурса,
Ушбу деганлар устида турса,
Қутулар бандалиқтин, ўлмактин,
Таламоқтин, жиҳотий бўлмактин.
Дунйавийдур, буларни ёд олингиз,
Ухравийни дейин, қулоқ солингиз.
Жовидоний азоб ила меҳнат
Кўрмасу оқибат борур жаннат.

НАСРИЙ БАЁН

Иймоннинг натижаю фойидаси ҳақида

Кимки буларга (Аллоҳга, охират кунига, фаришталарига, Китобларига, пайғамбарларига, тақдирга) иймон келтирса, шу айтилган нарсалар устида турса, у қул бўлишдан, ўлишдан, таланмоқдан, жиҳотий бўлмоқдан, яъни бировнинг қўлида мулк бўлмоқдан қутулади.

Булар иймоннинг дунёвий (бу дунёдаги) натижа ва фойдаларидир, ёд олингизлар. Энди ухровий (охиратдаги) натижаларини айтайин, қулоқ солингизлар.
(Иймоннинг охиратдаги фойдаси шуки,) у инсон абадий азоб билан меҳнат-қийноқда қолмайди ва оқибатда жаннатга эришади.

ИЗОҲ. Мўъминларнинг жаннатга кириб, у ерда абадий қолишига далиллар.

Бақара сураси, 25-оят маъноси: “(Эй Расулим!) Иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилган зотларга улар учун остидан анҳорлар оқиб тургувчи жаннатлар (тайёрлаб қўйилгани)дан хушхабар беринг! У ерда уларга қачон ризқ қилиб бир мева берилса: «Бу – бундан олдин (дунёда) бизларга ризқ қилиб берилган нарса-ку!» – дерлар. Уларга (таъми, лаззати буткул ўзгача гўзалликда бўлиши билан бирга, дунёдаги меваларнинг) ўхшашлари берилгани учун (шундай дерлар). Улар учун у ерда покиза жуфтлар ҳам бордир. Ва улар у ерда абадий қолурлар”.

“Солиҳ амаллар” «Солиҳ» сўзи «яхши» деган маънода бўлиб, истилоҳда «солиҳ амал», “Аллоҳ учун қилинган ҳамда савоб қозонишга васила бўлган ибодат ва ишлар”дир. Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу: «Солиҳ амалда илм, ният, сабр ва ихлос бўлиши лозим», деганлар.

“Покиза жуфтлар” – ҳайз, кир, нохуш ҳид, ёмон хулқ каби нарсалардан тамоман пок бўлган жуфтлар бордир (Байзовий).

Бақара сураси, 82-оят маъноси: “Иймон келтириб, солиҳ амаллар қилган кишилар эса жаннат аҳлидирлар, улар у ерда абадий қолурлар”.

Нисо сураси, 122-оят маъноси: “Иймон келтириб, солиҳ амаллар қилган кишиларни эса остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларга киритурмиз, у ерда абадий қолурлар. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир (қатъий бир ҳақиқатдир), Аллоҳдан кўра тўғри сўзлагувчи ким бор?”.

Гуноҳкор мўъминлар дўзахда абадий қолмаслигига эса ушбу ояти карималар далилдир (маънолари):

Оли Имрон сураси, 152-оят маъносии: “Аллоҳ мўъминларга нисбатан беҳад фазлу карам соҳибидир”.

Марям сураси, 72-оят маъноси: “Кейин муттақий бўлган (ибодат ва итоат билан гуноҳлардан сақланган) кишиларни қутқарурмиз (жаннатга киритурмиз). (Байзовий изоҳи).

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:
Мирзо КЕНЖАБЕК.

Read 1893 times
Tagged under

Мақолалар

Top