Мақолалар

Аёлни қадрлаган дин

Аёл – муқаддас хилқат. Унинг буюклиги, мўътабарлиги Ислом дини асосларида белгилаб ўтилди. Ислом аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқларини тиклади, уларни кўкларга кўтариб, ҳурматларини жойига қўйди.

Муқаддас динимиз инсон ўрнида кўрилмаётган, мислсиз азиятлар гирдобида қолган аёлни ҳурмат қилиш ва унинг ҳуқуқларини таъминлашни вазифа қилибгина қолмай, ҳатто буни ибодат даражасига кўтарди. У оилада қиз фарзанд дунёга келса, мотам эмас, балки ўғил туғилгандан-да кўпроқ хурсанд бўлишни амалда жорий қилди. Қизларни яхши тарбия қилганларга ўғил болаларни тарбия қилганларга нисбатан кўпроқ даражалар ваъда қилинди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимнинг уч қизи ёки синглиси бўлса-ю, у уларнинг хархашаларига, оғирликларию қийинчиликларига сабр қилса, Аллоҳ уни уларга кўрсатган раҳмати туфайли жаннатга киритур». Бир киши:

– Икки нафар бўлса-чи, эй, Аллоҳнинг расули? – деб сўради.

– Икки нафар бўлса ҳам, – дедилар.

Бир киши:

– Бир нафар бўлса-чи, эй, Аллоҳнинг расули? – деб сўради.

– Бир нафар бўлса ҳам, – дедилар» .

Қиз фарзандни дунёга келтиргани учун мотам тутиб, хотинига ғазаб қилиб, қизини тириклайин кўмган эркакка аёлнинг омонат экани Пайғамбар алайҳиссалом тарафидан маълум қилинди. Бу билан бегуноҳ кўмилиши эҳтимоли бўлган қизларга ваҳшиёна муомала қилинишига чек қўйилди. Уларни баркамол камолга етиши ҳамда таълим ва тарбияси учун зарур бўлган ҳар бир нарсани отанинг зиммасига фарз қилинди. Ваҳшийлашиб улгурган халқни бу гуноҳи азимдан қайтариб, меҳр-мурувват кўрсатадиган, қизларига меҳрибон ота даражасига Ислом олиб чиқди.

Макка фатҳи куни Умму Ҳониъ бинти Абу Толиб бир душман мушрикни ўз ҳимоясига олиб, бошпана берди. Кейин, укаси Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу буни билиб қолиб, ўша душман мушрикни ўлдирмоқчи бўлди. Шунда Умму Ҳониъ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб, бўлган гапни айтганида, У зот алайҳиссалом: «Эй, Умму Ҳониъ, кимни ҳимоянгга олган бўлсанг, биз ҳам уни ўз ҳимоямизга олдик. Кимга омонлик берган бўлсанг, биз ҳам унга омонлик бердик», – дедилар (Имом Абу Довуд ривяоти).

Исломдан олдин ўзини, дунёга келтирган қизини ҳимоя қила олмаган аёл, энди хоҳлаган кишисига ҳатто сиёсий бошпана бериш ҳуқуқига эга бўлди – том маънодаги ҳомийга айланди.

Аёлни, унинг ҳамма ҳуқуқларини юксакларга кўтарган Ислом онанинг фарзанди ҳукмронлигидан халос қилишдек муаммони ҳам ҳайратланарли тарзда битта жумла билан ҳал қилди. Бу ҳайратомуз жумла Пайғамбар алайҳиссалом тилидан жаранглаган «Жаннат оналар оёғи остидадир» (Имом Қузоъий ривояти), ҳадис эди. Шу билан оналарига ҳукмрон фарзандлар, оналари олдида хокисор бўлишни бахт деб билган бўлсалар, фарзандлар ҳукмронлиги остида бўлган оналар мислсиз мартабани топишди.

Аллоҳ таоло Қуръондаги энг катта суралардан бирида аёлларга боғлиқ ҳукмларни баён қилди ва бу сурани “Нисо” – “Аёллар” деб номлади. Қуръондаги “Мужодала” сурасининг нозил бўлиши ҳам бир муштипар аёл туфайли эди.

 Ислом келмасидан аввал арабларнинг жоҳилият тузумида эр ўз хотинига: «Сен мен учун онамнинг белидек ҳаромсан» деб айтса, ораларидаги эру хотинлик алоқалари абадий барбод бўларди, турмушлари бузиларди. Бу ўша давр араблар тилида “зиҳор” дейиларди.

Бир куни Ҳавла бинти Саълаба исмли аёлни эри, Авс бинти Саълаба исмли аёлни эри Авс бин Сомит зиҳор қилди. Авс жаҳлидан тушгач, афсусланди ва “Энди сен менга ҳаром бўлган бўлсанг керак”, деди. Ҳавла бўлса: “Аллоҳга қасам, бу талоқ эмас”, – деди-да, қўшни аёлнинг кийимини қарзга олиб, бу масала ҳукмини аниқлаш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига йўл олди. У зотнинг олдиларига келиб:

 – Эй, Аллоҳнинг Расули, эрим Авс ибн Сомит ёш, бой ва ақлу ҳушли пайтимда менга уйланди. Молимни еб тугатди, ёшлигимни барбод қилди, ақлимни сустлатди ва ёшим улуғ бўлган бир дамда мени зиҳор қилди. Энди ўзи бу зиҳордан афсус қилмоқда. Бизларнинг яна қайта қўшилишимизга бирор йўл борми? – деди.

– Унга ҳаром бўлибсан, – дедилар Пайғамбар алайҳиссалом.

– Сизга Қуръонни туширган зот билан қасамки, у талоқни зикр қилгани йўқ. У менинг боламнинг отаси, энг севимли кишим-ку, ахир! – деди Ҳавла.

– Унга ҳаром бўлибсан, – дедилар Пайғамбар алайҳиссалом.

– Мушкулимни ва ёлғизлигимни Аллоҳнинг ўзига шикоят қиламан, мен эрим билан узоқ ҳаёт кечирдим, ундан фарзандлар кўрдим, – деди Ҳавла.

–Унга ҳаром бўлибсан, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам ва «Сен тўғрингда бирор амр келгани йўқ», – деб қўшиб қўйдилар.

Ҳавла бинти Саълаба тинмай Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан тортишаверди. Қачон у зот алайҳиссалом: «Сен унга ҳаром бўлибсан», – десалар, Ҳавла: «Мушкулимни, ёлғизлигимни ва ҳолимнинг оғирлигини Аллоҳнинг ўзига шикоят қиламан», – дер эди.

Ушбу тортишув чоғида Ҳавла бинти Саълаба:

– Ахир, менинг ёш болаларим бор, мен билан бўлсалар, оч қоладилар, у билан бўлсалар, зоеъ бўладилар, – дер ва бошини осмонга кўтариб:

– Эй, Аллоҳим, Ўзингга ёлвораман. Эй, Парвардигор, Пайғамбарнинг тилига менинг мушкулимни осон қилувчи нарсани тушир, – дерди. Бирдан Пайғамбар алайҳиссалом жим бўлиб қолдилар. Ваҳий тушганда бўладиган ҳолат юзага келди. Бир муддатдан кейин у киши муборак бошларини кўтардилар-да:

– Аллоҳ таоло сен ва сенинг эринг ҳақида оят туширди, – дедилар ва қуйидагича бошланадиган оятларни тиловат қилдилар:

«(Эй, Муҳаммад!) Аллоҳ Сиз билан ўз эри ҳақида баҳслашаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган аёлнинг сўзини эшитди. Аллоҳ сиз иккингизнинг сўзлашувингизни эшитур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчидир”» (Мужодала сураси, 1-оят).

Бу оятларда жоҳилиятнинг зиҳор ҳукми ботил (яъни бекор) қилинганлиги баён этилган. Эътибор берайлик, кечагина жамиятда ҳеч қандай ўрни бўлмаган ва ўзи ҳақида бирор фикр билдириш ҳуқуқи бўлмаган, ҳатто ўзининг эри унинг фикрини эшитмаган аёлни бугун барча оламлар яратгувчиси Аллоҳ етти осмон устида туриб эшитди. Унинг фикрига, талабига мос оятларни туширди, талабини қондирди. Энди бу аёлнинг фикрига, талабига мос бўлиб тушган мазкур оятлар, ўқилганда мўминларга шифо бўладиган, ўқилиши қиёматгача ибодат саналадиган қилиб Қуръонга битиб қўйилди. Ҳали инсон аёлга нисбатан бундай ҳурмат эътиборни кўрмаган, кўрмайди ҳам. Аёл ҳурмат, эътиборнинг бу шоҳсупасига фақат Ислом туфайлигина эришди.

 Халифа Умар ибн Хаттоб ўз халифалик даврида бир гуруҳ кишилар билан кетаётган эдилар. Бир аёл у кишини узоқ тўхтатиб қолди. Ваъз, насиҳат қилди. «Эй, Умар, – деди аёл – яқиндагина “Умарча” эдинг. Улғайганингдан сўнг, “эй, Умар”, деб аталадиган бўлдинг. Энди эса сенга “эй, мўминлар амири”, деб мурожаат қилмоқдалар. Аллоҳдан қўрқ, эй, Умар! Ким ўлимга ишонса, умрини бекорга ўтказишдан қўрқади, Ким ҳисоб-китобга ишонса, азобдан қўрқади, деб яна сўзини давом эттираверди аёл.

Ҳазрати Умар бўлсалар, жим қулоқ солиб туравердилар. Атрофидагилар у кишига: «Эй, мўминларнинг амири! Бир кампирга ҳам шунчалик тўхтаб турасизми?» – дейишганда, ҳазрати Умар уларга: «Аллоҳга қасамки, у куннинг аввалидан охиригача ушлаб турса ҳам, фарз намоз вақтидан бошқа вақтда туравераман. Бу кампирнинг кимлигини биласизларми ўзи? Бу Ҳавла бинти Саълаба. Унинг сўзини Аллоҳ етти осмоннинг устидан эшитган. Оламларнинг Раббиси унинг сўзини эшитади-ю, Умар эшитмасмиди?!» – дедилар.

 Ислом бу воқеа орқали аёл қадрини нафақат юксакларга кўтарди, балки бу қадр-қиммат олдида, эркакнинг, эркакларнинг яхшисининг ҳам бошини эгиб қўйди.

Бир куни Умар ибн Хаттоб ўз даврларида маҳр миқдори ортиб кетганини мулоҳаза қилдилар. Бу масалани ҳал этиш учун кўпчилик ичида хутба қилиб, маҳрни чеклаш мақсадида: «Огоҳ бўлинглар, аёлларнинг маҳрида ҳаддан ошманглар. Агар бу дунёда икром, Аллоҳнинг ҳузурида тақво бўладиган бўлса, унга сизнинг энг ҳақлигингиз Пайғамбар алайҳиссаломдир. У киши ўз аёлларидан биротасига ўн икки уқия (ўлчов бирлиги)дан ортиқ маҳр бермаганлар, У зот қизларининг бирортасига ҳам бундан ортиқ маҳр берилмаган» – дедилар.

 Шунда бир аёл ўрнидан туриб: «Эй, Умар! Аллоҳ таоло: «Ва у (аёл)лардан бирига қинтар – чексиз маҳр берсангиз ҳам» деди-ю, сен бизга буни чегаралайсанми?!» – деди. Хутбаси бу шаклда бўлинган халифа: «Аёл тўғри айтди, Умар хато қилди», – деб ўз хатосини ҳамманинг олдида тан олди.

Исломдан олдин маҳрдан бирор чақа ҳам қўлига тегмай, буюм сифатида сотиб юборилаётган аёл, бугун Ислом туфайли маҳр масаласида халифани ҳам тўхтатиб қўя олди. Аёл ҳатто халифанинг ҳам хатосини тўғрилай оладиган даражага кўтарилди.

Набий алайҳиссалом 6 ҳижрий йилда 1400 саҳоба билан Мадинадан Байтуллоҳнинг зиёрати учун борганларида, мушриклар Ҳудайбия номли жойда йўлни тўсдилар. Ўша ерда сулҳ тузилиб, мусулмонлар Каъбани зиёрат қилмай қайтиб кетадиган бўлдилар. Пайғамбар алайҳиссалом саҳобаларига бу гапни эълон қилиб: “Туринглар, шу ерда қурбонликларингизни сўйиб, сочларингизни олдиринглар”, – дедилар. Саҳобалар норози бўлиб, ўринларидан қимирламадилар. Пайғамбар алайҳиссалом амрни уч марта қайта-қайта такрорласалар ҳам, бирор киши қимир этиб қўймади. У зот ғоят маҳзун бўлиб, чодирга – жуфти ҳалоллари Умму Салама ҳузурига кирдилар. Бўлган воқеани у кишига айтиб, ўтган умматлар ҳам шундай ишлар туфайли ҳалок бўлганлиги, шунинг учун ғоят ташвишда эканликларини қўшимча қилдилар. Шунда Умму Салама Пайғамбар алайҳиссаломга ҳар қандай доно вазир ҳам бера олмайдиган маслаҳатни бердилар:

– Эй, Аллоҳнинг Пайғамбари, айтган амрингиз бўлишини ҳоҳлайсизми? Ташқарига чиқинг. Улардан бирортасига бир калима ҳам сўз айтмай қурбонлик туяларингизни сўйинг. Сўнг сартарошингизни чақиринг, сочингизни олсин, – дедилар.

Пайғамбар алайҳиссалом чиқиб, худди Умму Салама айтганларидек қилдилар. Буни кўрган саҳобаи киромлар ҳам шошиб қурбонликларини сўйиб, сочларини олдира бошладилар.

Абдуқаҳҳор ЮНУСОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари

Read 2150 times

Мақолалар

Top