Мақолалар

Бир савол сўрасам: Таяммум қандай қилинади?

— Ёшим 70 да. Бетоб бўлиб қолганим ва сув ишлатолмаслигим сабабли таҳорат олишда муаммо бўляпти. Таяммумни эса қандай қилса, тўғри бўлишини билмаяпман. Момоларимиз айтишича, тоза тупроққа оёқ-қўлни уриб-уриб, чангитиб қилиш керак экан, ундай қилсак, уст-бошимиз чанг бўлади-ку. Тоза матога қилса бўлмайди-ми?

— “Таяммум” луғатда “мақсад қилиш” маъносини англатади. Истилоҳда эса покланиш мақсадида пок ер жинси билан юзга ва икки қўлга тирсаклари билан қўшиб масҳ тортиш “таяммум” деб аталади.

Таяммум бўлиши учун тўртта асосий шарт топилиши лозим:

1) Ният; 2) Пок ер жинси; 3) Пок ер жинсига икки марта қўлни уриб, биринчисида юзга масҳ тортиш, иккинчисида икки қўлни тирсагигача масҳ тортиш; 4) Сув ишлатишдан узрли бўлиш.

Бизнинг мазҳабимизда ер жинсидан бўладиган барча пок нарсаларга таяммум қилиш жоиз ҳисобланади. Ер жинсидан бўлган нарсалар деганда эса қуйидагилар кўзда тутилади:

Тупроқ, қум, шўрлаб кетган ер, оҳак, гипс, сурма, сурматош, зирнийх (ҳидсиз рангсиз маъдан. Тиббиётда тери кассалликларини даволашда ишлатилади), олтингугурт, заж (бўёқда ишлатиладиган туз моддаси), кон тузи, дарахтлар, (чунки одатда устиларида чанги бўлади), ўт-ўланлар (чунки буларнинг устиларида ҳам одатда чанг бўлади), кийимдаги ёки улов ўриндиғидаги чанг (агар кийимда ё улов ўриндиғида мутлақо чанг бўлмаса, унга таяммум қилиб бўлмайди. Шунингдек, кийимини силкитиб ҳавода тўзғиган чанг-ғуборга ҳам таяммум қилса бўлади. Чунки бунда ҳам аслида ер жинсига таяммум қилинган бўлади.

Таяммум қилинмайдиган нарсалар:

Ер жинсидан бўлмаган нарсаларга таяммум қилиб бўлмайди. Шунинг учун қуйидаги нарсаларга таяммум қилиб бўлмайди:

Ун, талқон, кул, сувли туз, мушк; шакар; анбар (хушбўй модда), заъфарон, кафур (хушбўй модда), хина, лой (лой деганда унинг суюқ бўлиб турган пайти назарда тутилган. Аммо қотиб устига чанг ўтирадиган бўлса унга таяммум қилиш жоиз бўлиб қолади. Зеро, юқоридаги нарсаларга ҳам агар чанг ўрнашадиган бўлса, таяммум қилиш мумкин бўлиб қолади. Чунки бунда аслида ер жинсидан бўлган чангга таяммум қилинаётган бўлади).

Шунингдек, нажосат тегиб сўнгра қуриб нажосат асари кетган ерга ҳам таяммум қилиб бўлмайди. Чунки нажосатнинг асари кетгани сабабли тупроққа поклик ҳукми собит бўлса ҳам, покловчилик ҳукми собит бўлмайди. Таяммум қилинадиган тупроқда эса покловчилик сифати бўлиши шартдир.

Таяммум қилинган жойга яна қайта таяммум қилиш жоиз бўлади.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Read 2490 times

Мақолалар

Top