Мақолалар

Ўзгаларга хизмат қилиш – малайлик эмас!

Олдинлари биз ким иш буюрса, ўшани қилиб кетаверардик. Айниқса, ёшлигимизда. Ўша маҳаллар Ислом таълимотини чуқур билмасдик. Ўзимиздан каттага савоб учун эмас, балки ҳурмат туфайли асло йўқ деб бўлмайди, деган тушунча билан хўп, дердик. Ҳатто кўнгилли бўлиб, қўшнимизнинг гиламларини ювар, болаларига қараб ўтирардик.

Улар ҳам бизга ишониб, кўчадаги ишларини битириб келишарди. Ҳозир эса бирор-бир болакайга йўл-йўлакай иш буюрсак, дарров баҳона қидириб, қочиб қолади. “Мен хизматкор эмасман”, деган тушунча кучли. Қуйидаги ҳикояни ўқиб, ёшлигим эсимга тушди. Биз-ку, ёш бўлатуриб катталарга хўп деган эканмиз. Бурунгилар эса, ўзидан кичикка хўп дейишган ҳамда меҳнатларидан рози бўлиб, ўзларига хулоса ҳам чиқаришган экан.

Салмон Форсий розийаллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг мавлолари. Ҳадис ровийларидан. Форсликлар орасида Исломни энг биринчи қабул қилди. Набий алайҳиссалом: “Салмон биздан, аҳли байтдан”, деб марҳамат қилганлар (Имом Ҳоким ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рафиқул аълога рихлат қилгач, хулофаи рошидинлар даври бошланди. Ҳазрат Умар розийаллоҳу анҳу замонида Салмон розийаллоҳу анҳу Форс ўлкаларининг фатҳ этилиши гувоҳи бўлди. Кейинчалик шаҳарлардан бирига волий этиб ҳам тайинланди.

Кунларнинг бирида Шомдан юртига қайтаётган киши Салмонга рўбарў келди. Оғир юклари бор эди. Салмон розийаллоҳу анҳунинг баланд бўйли, бақувват эканини кўриб, ҳаммол деб ўйлади шекилли: “Мана бу юкларни кўтариб, ортимдан эргаш”, деди. Салмон розийаллоҳу анҳу у одамга қарадида, танимаганини билиб, айтганидек қилди.

Йўлда одамлар волийни кўриб раҳмлари келар, бирма-бир: “Эй амир, юкларни бизга берсангиз, ўзимиз кўтарсак?” деб ялинишарди.

Одамларнинг гап-сўзларини эшитиб, ҳалиги одам довдираб
қолди. Гап нимада эканини билиш учун йўловчилардан бирини тўхтатди ва: “Бу ким?” деб сўради ва: “Амиримиз шу киши бўладилар”, деган жавобни олди.

Мусофир ҳушёр тортди. Қилган ишидан пушаймон еб, волийга: “Сизни танимабман. Аллоҳ яхшилик билан мукофотласин, ҳозироқ бу юкларни ташланг”, деб ўтина бошлади. Лекин Салмон Форсий розийаллоҳу анҳу рози бўлмади. Фақат уйининг остонасига олиб келганидагина юкларни қўйди ва: “Бу ишимдан учта фойда олдим. Нафсимдан кибрни зоқлаштирдим ва бир мусулмоннинг ҳожатини чиқардим. Гарчи менга бўлмаса-да, мендан кўра заифроқ мўминга ушбу юкларни кўтартирган бўлардинг. Бу ишим билан ўша заифнинг оғирини енгиллатдим”, деди.

Юлдуз КОМИЛОВА
тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2021 йил 2-сонидан.

Read 1640 times

Мақолалар

Top