Мақолалар

Мазҳаб нега керак?

Тарихдан ислом динини бузиш, унга нуқсон етказиш ва шу йўллар орқали инсонларни исломдан нафратлантиришга ҳаракатлар бўлиб турган. Жумладан, муташаддидлик, яъни мутаассибларча динга ёндошадиган, қайсидир амаллар туфайли кофирга чиқарадиганлар ҳам чиқди. Буларнинг зиддида эса таҳаллулчилар яъни шариат аҳкомларини енгил санаб, беъэтиборлик қиладиганлар, гуноҳ қилишни безарар иш деб биладиганлар ҳам чиқди.

Аммо мўътадил мактаб – Аҳли Сунна вал-жамоа исломни авлоддан авлодга етказиб бераётган мактабдир. Бу ҳақ мактаб ва ҳақни гапирувчи мактабдир. Савол: Нега айнан шу мактаб ҳақ? 
Қуръонда "Зикрни биз нозил қилдик. Уни ўзимиз муҳофаза қиламиз" деган оят бор. Бунга ҳамма ишониши керак. Ким иймон келтирмаса кофир бўлиб қолади. Хўш! Аллоҳ динни қайси йўл билан муҳофаза қилди? Ана энди Оли Имрон сураси 110-оятини эсланг:

“Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Амри маъруф қиласиз, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз. Агар аҳли китоблар иймон келтирганларида, ўзларига яхши бўлар эди. Улардан мўминлари бор. Кўплари фосиқдирлар”.

Мусулмонларни ҳозирги кунда 90% дан ортиқроғи Аҳли Сунна вал жамоа бўлса, уларни адашган десак, яхши уммат бўлмай қоламиз-ку!..

Биз фиқҳда 4 та мазҳаб, ақидадаги 2 та йўл орқали динимизни ўргандик. Уламолар етишиб чиқди. Китоблар ёзилди. Аллоҳ динни мана шу йўллар билан муҳофаза қилди.

Ҳадиси шарифларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Менинг умматим залолатда жам бўлмайди" деганлар.

Демак, сиз мендан нимадир ҳақида сўрасангиз, ўз фикримни айтиб қўйишим тўғри эмас. Албатта менгача қарийб 15 асрдан буён Аллоҳнинг Каломини ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини чуқур ўрганган олимлар фатволари орқали жавоб бераман. Чунки Аллоҳ бу умматни залолатда жамламайди.
Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, ҳозирда кўп такрорланаётган “Динда мазҳабларга эргашиш йўқ!”, “Саҳобалар даврида мазҳаблар бўлмаган” каби пуч даъволар мутлақо илмий асосга эга эмас. Саҳобалар даврида ҳам мужтаҳид саҳобалар мазҳаби бор эди. Саҳобалар мазҳаби асосида ҳозирга қадар етиб келган тўртта фиқҳий мазҳаблар сақланиб қолди. 
Бемазҳаблар битта шахсга эргашиш мумкин эмас дейишиб, гўёки Аҳли сунна вал жамоа Абу Ҳанифани шахсига эргашувчи дейишади. Ваҳоланки, аҳли сунна шахсга эргашишдан қайтаради. Шу пайтгача одамларда нотўғри тушунча бор: ҳанафийлар Абу Ҳанифага тегишли деган. Йўқ.  Балки Абу Ҳанифа ҳанафийликка тегишли. Чунки ҳанафийлик Пайғамбар алайҳиссаломнинг тутган йўллари. 
Куфага Абдуллоҳ ибн Масъуд кейин Али розияллоҳу анҳу кейин 70 нафар Бадр жанги иштирокчилари кейин 1500 саҳоба келган. Бу йўлни мана шу саҳобалар келтиришган. Нима учун намозда басмала овоз чиқариб айтилмайди? Абдуллоҳ ибн Масъуд овоз чиқармаган. Нимага рафъул ядайн қилинмайди? Чунки саҳоба ундай қилмаган. Нима учун омин баланд овозда айтилмайди?..
Қалъажий айтади: "Мен Иброҳим Нахаъийдан 100 та масалани олдим. У катта тобеъинлардан. Ҳаммоднинг устози. Абу Ҳанифа ҳам ундан дарс олган. 100 масаласини Абу Ҳанифанинг масалаларига солиштирсам 84 таси бир хил экан". Демак, Абу Ҳанифанинг 100 дан 84 масаласи Иброҳим Нахаъийникига мос келяпти. Энди айтингчи Имом Аъзам мазҳабни йўқдан кашф қилганми ёки Пайғамбар ва саҳобаларнинг йўлини давом эттирганми?
Хулоса қилиб айтганда, мазҳабларга эргашиш – шариат кўрсатмасига эргашишдир! Уни инкор қилиш эса шаръий кўрсатмаларга ва бутун Ислом уламоларига қарши чиқиш ҳисобланади. Зеро, Ислом тарихида бирор муфассир ёки муҳаддис ёхуд фақиҳни бемазҳаб бўлгани маълум эмас.

Қуръон ва суннатдан ҳар ким ўзбошимча ҳукм чиқариш мусулмонларни куфрда айблаш, уларнинг қонини тўкишни ҳалол ҳисоблаш, боғийлик, фитна ва ихтилоф қўзғаш каби динимизда қатъиян ман қилинган хатти-ҳаракатларга сабаб бўлмоқда. Шу нуқтаи назардан, марҳум Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алайҳ: “Мазҳабсизлик – ислом шариатига таҳдид соладиган энг хатарли бидъатдир”, деганлар. 

Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 153-оятида марҳамат қилиб:

“Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинг. Ва бошқа йўлларга эргашманг. Бас, сизни унинг йўлидан адаштирмасинлар. Мана шу сизга қилган амрки, шояд тақво қилсангиз”, деган.

Аллоҳ таоло Ўзининг ҳақ динини азиз қилиб, мусулмонларнинг бирдамлигини таъминласин. Барчаларимизни уммат ичида ихтилоф чиқарувчилардан бўлишдан паноҳида асрасин. Омин! 
 
А.Нажмиддинов, 
Мир Араб мадрасаси мударриси


Read 2327 times
Tagged under

Мақолалар

Top