Мақолалар

Даврий нашрларда: Тозалаш эмас, ифлос қилиш ордир

XIX асрнинг иккинчи ярми. Нурота тоғ тизмалари табиатини ўрганиш мақсадида Россиядан бир гуруҳ кимёгар ва биолог олимлар Бухоро амирлигига келишади. Орадан бир ойча вақт ўтгач, меҳмонлар ҳолидан хабар
олиш учун Амир мулла Фазлиддин Косонийни Нуротага юборади. Мулла Фазлиддин “Мир Араб” мадрасасининг мударрисларидан эди. Бир мударрисни Амирнинг вакили сифатида юборилгани ҳақида тадқиқотчи олимлар хабар топишади. Ўзларига муносиб, илм-фандан хабардор одам юборилмаганидан уларнинг энсалари қотади: “Амир бизни текшириш учун бир муллани юборибди: жуда олийнасаб, билимдон киши эмиш…”.

Шундай қилиб, тадқиқотчи олимлар содда кийинган, сийрак соқолли, камтарин муллани масхараомуз кутиб олишади. Бироқ Фазлиддин Косоний уларнинг истеҳзоларига парво қилмай, олимлар қўналғаси теварагини кўздан кечиради: ҳамма нарса бетартиб, ҳатто йўл бўйлари ўрнида ва чодирлар атрофидан ҳам ҳожатхона сифатида фойдаланилган. Бадбўй ҳиддан димоғ ёрилиб кетгудек бўларди…

Мулла Фазлиддин индамай қўлига белкурак, супурги ва челакни олдида, чор атрофдаги ахлат-нажосатларни тозалай бошлайди.
Манзарани кузатиб турган тадқиқотчилар ўзаро кўз уриштириб, масхараомуз кулишади. Айниқса, гуруҳ раҳбари Гришин: “Тақсир, биз сизни олийнасаб, мартабаси улуғ одам, деб эшитгандик, лекин қилган ишингиз ҳафсаламизни пир қилди. Ҳатто қуллар ҳам жирканадиган ишдан тап тортмас экансиз. Сиз билан гаплашишга одам ор қилади-ку?!” деди.

Шунда Фазлиддин Косоний босиқлик билан жавоб берди: – Аслзода эканлигим рост. Аммо биз теварак-атрофимиздаги ахлат-нажосатларни
тозалашдан орланмаймиз, аксинча, ифлоспалид ичра ўтиришдан ҳазар қиламиз.

Тадқиқотчиларнинг устидан биров гўё совуқ сув қуйиб юборгандек бўлди. Улар мулла Фазлиддинга тик қарай олмай қолишди.

“Комиллик пиллапоялари” китоби асосида
“Мулла Қирғиз” ўрта-махсус ислом билим юрти
талабаси Нуриддин ҲАМРОҚУЛОВ тайёрлади.

Read 1710 times

Мақолалар

Top