Мақолалар

Шаъбон ойи муборак бўлсин!

Ҳижрий-қамарий тақвимнинг саккизинчи ойи Шаъбондир. Бу ойга боғлиқ бир қанча маълумотлар бор. Улардан баъзиларини эътиборингизга тақдим этишга ижозат бергайсиз.

Бу борада асосан Шаъбон ойида нафл рўза тутиш ва мазкур ойнинг ярмига етгандаги кеча фазли ҳақида сўз боради.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазон олдидан бир, икки кун олдин рўза тутманглар. Магар бир кишининг одатидаги рўза бўлса тутсин», дедилар. Бешовлари ривоят қилган.

Сунан эгалари ривоятида: «Қачон Шаъбон ярмига етса рўза тутманглар», дейилган.
Аҳли китоб бўлмиш кофир қавмлар ўзларига фарз қилинган рўзанинг қайси кун бошланишига шубҳа қилиб, бир-икки кун олдин тутишар, оқибатда нафл ибодат билан фарз ибодатни аралаштириб юборишар эди.
Исломда бунга ўхшаш иккиланиш, нафл ва фарзларни аралаштириб юбориш ишларига рухсат йўқ. Мусулмонлар ҳар бир ибодатни жазм билан, азму қарор билан, нафлни нафл ўрнида, фарзни фарз ўрнида адо этишлари лозим.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон киришидан олдин бир-икки кун қолганда рўза тутишдан қайтарганлар.

Аммо бир одам маълум кунларда, мисол учун, душанба ва пайшанба кунларда нафл рўза тутиб юришга одатланган бўлсаю, ўша кун Рамазондан олдинги кунларга тўғри келиб қолса, тутса бўлаверади.
Шунингдек, баъзи бир кишилар назр рўза ният қилиб қўйган бўлса, улар ҳам ўша назр рўзани тутса бўлаверади.
Юқорида зикр этилган сабабларга биноан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «қачон Шаъбон ярмига етса рўза тутмаганлар», деган ҳадисларига амал қилиб, Шаъбон ойининг ўн олтинчи кунидан бошлаб то Рамазони шариф киргунча нафл рўза тутиш макруҳ бўлади.

Одамлар ичида ушбу тафсилотларни яхши тушунмаганлик оқибатида Шаъбон ойида рўза тутиб бўлмас экан, деган тушунча юзага келган. Аслида эса гап Шаъбон ойининг иккинчи ярмида эканини билиб олдик. Шаъбон ойининг аввалида рўза тутиш масаласини эса, келажак ҳадисларни ўрганиш жараёнида, иншааллоҳ, билиб оламиз.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Рамазондан бошқа ойнинг рўзасини тўлиқ тутганларини кўрмадим. Шаъбонда тутганчалик кўп рўза тутганларини ҳам кўрмадим. Унинг фақат озгинасининг рўзасини тутмас эдилар. Балки, ҳаммасини тутар эдилар, десак ҳам бўлаверади». Тўртовлари ривоят қилган.

Ушбу ривоятда асосан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат Рамазон ойининг рўзасини тўлиқ тутганларини билиб оламиз. Чунки, Аллоҳнинг амри шундоқ. Рамазондан кейин энг кўп рўзаси тутиладиган ой Шаъбон экан.

Умму Салама розияллоҳу анҳо: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Шаъбон ва Рамазондан бошқа икки ойнинг кетма-кет рўзасини тутганларини кўрмадим», дедилар. Термизий яхши санад билан ривоят қилган.
Шаъбон ва Рамазон ойлари кетма-кет келиши маълум, Пайғамбаримиз шу икки ойнинг рўзасини тутган эканлар. Бундан ҳам Шаъбон ойи рўзаси фазилатли эканини билиб оламиз.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишига: «Бу ойнинг ўртасидан бирор нарса тутдингми?», дедилар. Ҳалиги киши: «Йўқ», деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ундоқ бўлса, қачонки Рамазондан оғзинг очиқ бўлганда унинг ўрнига икки кун рўза тут», дедилар. Икки Шайх ривоят қилган.

Бошқа бир ривоятда: «Шаъбон ўртасидан рўза тутдингми?» – деганлар. У киши, йўқ, деганидан кейин:
«Ундоқ бўлса, оғзинг очиқ бўлганида зиммангдаги ўрнига икки кун рўза тут», деганлар.
Бундан Шаъбон ойида ҳеч бўлмаса икки кун рўза тутиш кераклиги келиб чиқади.
Ўз-ўзидан нима учун Шаъбон ойида нафл рўза тутишга бунчалар аҳамият берилади?, деган савол пайдо бўлади.
Бу саволнинг жавобини Имом Насаий Усома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисдан топамиз. Унда қуйидагилар айтилади: «Эй Аллоҳнинг Расули, ойлардан ҳеч бирида Шаъбонда рўза тутганингиздек рўза тутганингизни кўрмадим», дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бу бир ойки, одамлар ундан ғофил қолурлар. У Ражаб билан Рамазоннинг орасида. Бу бир ойки, унда амаллар Роббил оламийнга кўтарилур. Менинг амалим кўтарилаётганда рўзадор бўлишни яхши кўраман», дедилар.
Бунинг устига рўзаси фарз қилинган Рамазон ойидан олдинги ойда, Шаъбонда рўза тутишни яхшилаб машқ қилиб Рамазонга кирилса, унинг рўзаси яна ҳам мукаммал ва бенуқсон бўлади. Бу худди фарз намозидан олдин суннат намоз ўқиб яхшилаб тайёргарлик кўриб олишга ўхшайди.

Аввалги ўрганган ҳадисларимизда Рамазондан кейин рўзаси энг афзал ой Муҳаррам ойидир, дейилган эди. Энди эса Шаъбон ҳам шу маънога даъвогар бўлиб қолмоқда. Шунинг учун ҳам баъзи уламоларимиз Муҳаррам ойи рўзасининг афзаллиги Рамазон ва Шаъбонникидан кейин, деганлар.

Ушбу фаслда ўрганган ҳадисларимизда иложи борича Шаъбон ойида кўпроқ рўза тутишга тарғиб қилинмоқда. Рўза тутиш наҳий қилинган кунлар фаслида эса, Шаъбон ойи охиридан бир ёки икки кун рўза тутиш ҳаром, Шаъбон ойининг ўн олтинчисидан бошлаб рўза тутмоқ макруҳ, дейилган эди. Бу бир-бирига қарама-қарши ҳукмлар эмасми?, деган савол туғилиши табиий. Жавоб шулки, бу ерда ҳеч қандоқ қарама-қаршилик йўқ. Чунки, ўша рўзаси тутилишдан наҳий қилинган кунлар ҳақида, фаслнинг ўзида ҳам, агар рўза тутишга одатланган бўлса, дейилган. Демак, Шаъбон ойида доимо нафл рўза тутишга одатланган одам бўлса, тутаверади. Аммо, одатланмаган бўлсаю, Рамазон кириб қолган бўлса нима бўлади, деган васваса билан кишилар ўртасида шубҳа, ихтилоф пайдо қилиши мумкин бўлган рўзадан наҳий қилинган.

Демак, ўртада ҳеч қандай қарама-қаршилик йўқ.

ШАЪБОН ЯРМИНИНГ РЎЗАСИ

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Қачон Шаъбон ярми кечаси бўлса унинг кечасини бедор ўтказинглар, кундузининг рўзасини тутинглар. Чунки, ўшанда, Аллоҳ қуёш ботиши пайтида дунё осмонига тушади ва: «Қани, истиғфор айтувчи борми? Мен унга ризқ берурман. Қани балога учраган борми? Мен унга офият берурман. Қани фалончи, қани фистончи?», дейди. Токи, тонг отгунча шундоқ бўлади», дедилар». Ибн Можа ривоят қилган.
Ҳазрати Алидек улуғ саҳобий бунчалик аҳамиятли гапни ўзларидан айтмайдилар. Албатта, бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нарса эшитганлар ва ўша эшитган маъноларини ўз иборалари билан ифода этганлар.

Ушбу ривоятга биноан Шаъбон ойи қоқ ярмининг кечаси ҳам, кундузи ҳам улуғ ва баракли вақтлар эканлиги келиб чиқади.

Шу сабабдан ҳам ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг тавсияларига биноан кундузни рўза, кечасини бедорлик ибодати билан ўтказишга ҳаракат қилмоқ керак бўлади.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кечалардан бирида йўқотиб қўйдим. Сўнг у кишини излаб чиқдим. Қарасам, У зот Бақийъда бошларини осмонга кўтариб турган эканлар:

«Эй, Оиша, Аллоҳ ва Унинг Расули сендан четлашидан хавф қилдингми?», дедилар.
«Сиз баъзи аёлларингизга боргансиз, деб гумон қилувдим», дедим.
«Албатта, Аллоҳ Шаъбоннинг ярмидаги кечада дунё осмонига тушади ва Калбнинг қўйлари жуни ададидан кўпроқни мағфират қилади», дедилар. Ибн Можа, Термизий ва Аҳмад ривоят қилган.
«Бақийъ»–Мадинаи мунавварадаги машҳур қабристоннинг номи. Барча Мадинада вафот этган саҳобалар шу қабристонга дафн этилганлар. Зотан Мадинаи мунавварада бошқа қабристон йўқ ҳам.
«Калб»–машҳур араб қабиласи бўлиб тўлиқ номи Бани Калб. Ўша вақтда Бани Калб энг қўйи кўп қабила бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Шаъбон ойи ярмида Аллоҳ таоло жуда кўп гуноҳларни мағфират қилишини ифодали қилиб айтишда ўша кўп қўйли қабила чорваларининг жун толалари сонини эсга олганлар.
Ўйлаб кўрадиган бўлсак, бир дона қўйнинг жун толалари қанча бўлишини санашнинг ўзи қийин. Араб қабилалари ичида энг кўп қўйли қабиланинг қўйлари жун толаси қанча бўлишини тасаввур қилиб кўравериш керак. Бунинг ҳаммаси ўша кеча жуда ҳам фазилатли эканига далолат қилади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечаси безовта бўлиб ўринларини тарк қилиб ташқарига чиқиб кетган вақтлари ҳам бўлган.
2. Кечаси қабристонга кириш, осмонга қараб туриш мумкинлиги.
3. Оиша онамизда хотинлик қизғанишлари борлиги. Пайғамбаримизни баъзи хотинлари олдига кетган бўлсалар керак, деб ортларидан излаб чиқишлари шуни кўрсатади. Бу эса айб эмас, балки табиий бир ҳол. Балки, меъёрида бўлса, аёл кишининг зийнати ҳам.
4. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг руҳий ҳолларини яхши тушунганлари.
5. Шаъбон ярмидаги тун фазилатли кеча экани.
6. Мазкур кечада кўплаб гуноҳлар мағфират қилиниши.
7. Шаъбоннинг ярмидаги кечада бедор бўлиб ибодат, истиғфор ва дуо билан маш-ғул бўлиш кераклиги.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ Шаъбон ярмидаги кечада қараб кўриб жамики махлуқотларини мағфират қилур. Магар мушрик ва хусуматчи бундан мустаснодир», дедилар. Ибн Можа ва Аҳмад ривоят қилган.

Ушбу ҳадисдан олнадиган фойдалар:

1. Шаъбоннинг ярмидаги кеча фазилатли экани.
2. Мазкур кечада Аллоҳ махлуқотларига назар солиб қараб ҳаммаларининг гуноҳларини кечириши.
3. Мушриклик жуда ёмон нарса экани.
4. Хусуматчилик жуда ёмон нарса экани.

Демак, Шаъбон ойи яримлаганда ибодат қилиб мазкур ваъда қилинган ажру савоб ҳамда мағфиратлардан баҳраманд бўлиб қолиш керак. Ана шундоқ фазилатли вақтда ҳам гуноҳни мағфират қилинишига монеъ бўладиган мушриклик ва хусуматчиликдан узоқда бўлиш керак.

Islom.uz

Read 2011 times
Tagged under

Мақолалар

Top