Мақолалар

ИМОМ БУХОРИЙ МЕРОСИ — БАШАРИЯТНИНГ МАЪНАВИЙ БОЙЛИГИ

Самарқандда “Имом Бухорий меросининг ўзига хос хусусиятлари ва бугунги

кундаги тарбиявий аҳамияти” мавзусида халқаро анжуман ўтказилди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Афғонистон Ислом Республикаси ршод, ҳаж ва вақф ишлари вазири, Тожикистон Ислом маркази раиси бошчилигидаги делегация ҳамда Ўзбекистондан элликка яқин таниқли уламолар, етук олимлар, нуфузли университетлар, илмий-тадқиқот марказлари вакиллари иштирок этди. Халқаро анжуман қатнашчилари Самарқанд ёшлар маркази фойесида кейинги йилларда юртимиздаги нашр этилган диний-маърифий адабиётлар, хусусан, буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг асарлари билан танишди. Меҳмонларга бу китобларнинг чоп этилиши, айни пайтда юртимиздаги ислом таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказларида буюк алломаларимиз меросини ўрганиш ва тарғиб этиш борасида олиб борилаётган тадқиқот ишлари ҳақида маълумот берилди.

Халқаро анжуман Қуръон тиловати билан бошланди. Дастлаб мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотларга бағишланган махсус фильм намойиш этилди. Шундан сўнг Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси А.Аҳмедов анжуман қатнашчиларини қутлаб, мазкур тадбирнинг ташкил этилиши ва ўтказилиши аҳамияти ҳақида сўз юритди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон — дунё тамаддуни ва ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ алломалар, азиз-авлиёлар юрти сифатида шуҳрат қозонган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан аждодларимиз меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, уларни янада ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган эзгу ишлар Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидаги нуфузини янада ошириш, ёшларимизни миллий қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

— Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил сентябрда БМТ Бош Ассам блеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида илгари сурилган ғоя асосида 2018 йил 12 декабрда Бош Ассамблеянинг ялпи сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолюцияси қабул қилинди, — деди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси А.Аҳмедов. — Унда бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни ўрнатиш, диний эркинликни таъминлаш, диндорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг камситилишига йўл қўймаслик, таълим, тинчлик, инсон ҳуқуқлари масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани диққатга сазовор. Айнан ушбу йўналишларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишларни бугун жаҳон жамоатчилиги кўриб турибди. Бу ҳақда гапирганда мамлакатимизда бугунги кунда 16 конфессияга мансуб 2 минг 300 тага яқин диний ташкилот фаолият кўрсатаётгани, кейинги тўрт йилда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби сингари муассасалар ташкил этилганини таъкидлаш лозим.

Президентнинг афв этиш тўғрисидаги 10 та фармони қабул қилиниб, тўрт мингдан ортиқ фуқаро жазодан озод қилинди. Тўрт марта “Меҳр” операцияси ўтказилиб, Яқин Шарқ минтақаси ва бошқа уруш ўчоқларидан 342 нафар юртдошларимиз, хусусан, аёллар ва болалар Ўзбекистонга қайтарилди.

Афғонистон Ислом Республикаси Иршод, ҳаж ва вақф ишлари вазири Муҳаммад Қосим Ҳалимий, Тожикистон Ислом маркази раиси Саидмукаррам Абдулқодирзода ва Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Ўзбекистон, Тожикистон ҳамда Афғонистонда азалдан ўрганиб келинаётган Имом Бухорий илмий меросининг мазмун-моҳиятини батафсил очиб бериш, ушбу мероснинг ўзига хос хусусиятларини баён этиш, афзалликлари ва тарбиявий аҳамиятини кенг ёритиш ҳамда халқларимиз, айниқса, ёш авлодни ёт ғоялардан ҳимоя қилиш ҳамда бузғунчи қарашлардан сақлаш, шунингдек, Ўзбекистонда сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ижобий янгиланишлар ва ўзгаришларни тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган анжуман тарихий аҳамият касб этишини таъкидлади.

— Муҳаддислар султони Имом Бухорий ҳазратлари муқаддас Ислом дини ривожига беқиёс ҳисса қўшган аллома, — дейди Афғонистон Ислом Республикаси Иршод, ҳаж ва вақф ишлари вазири Муҳаммад Қосим Ҳалимий. — Бу улуғ зотнинг асарлари бизни қиёматга қадар тўғри йўлга бошлайди. Зотан бу таълимот ҳамиша инсонларни куфрга эмас, ҳидоятга чорлайди. Бугун дунёнинг турли минтақаларида кўпгина мутаассиб кучлар Ислом динини ниқоб қилиб, ўзларининг ёт ғоя ва қарашларини сингдиришга уринаётган, биродаркушлик қилаётган пайтда Имом Бухорий ҳазратларининг ғоя ва қарашлари, бой маънавий мероси бутун инсониятга тўғри йўлни кўрсатиш, маърифат ва бағрикенглик, эзгуликни тарғиб этишда йўлчи юлдуз бўлади. Шунинг учун ҳам бугунги анжуманнинг қадр-қиммати беқиёс. Буюк муҳаддис илмий-маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш борасида кейинги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар ҳақиқатан ҳам эътирофга муносиб.

— Имом Бухорий ҳазратларининг мероси бу нафақат минтақамиз халқларининг, балки бутун инсониятнинг маънавий бойлигидир, — дейди Тожикистон Ислом маркази раиси Саидмукаррам Абдулқодирзода. — Чунки аллома асарлари фақат эзгуликни, кишилар ўртасида меҳр-оқибат, дўстлик ва ҳамжиҳатликни тарғиб этишга хизмат қилади. Шу жиҳатдан бугун дунё миқёсида буюк муҳаддис тўплаган ҳадисларни ўрганишга алоҳида эътибор берилмоқда. Бу борада Ўзбекистон, Тожикистон ва Афғонистонда олиб борилаётган ишлар билан танишиш, ўзаро тажриба алмашиш ва келгусида бажарилиши керак бўлган вазифаларимизни белгилаб олишда мазкур конференция муҳим омил бўлди. Анжуман давомида минтақамиз давлатлари раҳбарлари, хусусан, Ўзбекистон ва Тожикистон Республикалари Президентларининг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, диний экстремизм ва терроризмга қарши курашишда ҳамкорлик қилиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳақидаги ғоялари, ташаббуслари қайта-қайта эътироф этилди.

— Бугун дунё мусулмон олами мураккаб жараённи бошидан кечирмоқда, — дейди Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов. — Мутаассиблик ва мазҳабларни рад этиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бундай ҳолатларга қарши Марказий Осиё диний идоралари ҳам биргаликда курашишимиз, бунда, аввало, Имом Бухорий сингари буюк муҳаддислар, динимиз ривожига беқиёс ҳисса қўшган алломалар, уламолар маънавий меросига таянишимиз лозим.

Анжуман ишида Имом Бухорий меросининг ўзига хос хусусиятлари, афзалликлари ва мўътадиллиги, ушбу мероснинг миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлашдаги роли ҳамда мазҳабсизлик ва адашган тоифаларга қарши курашдаги аҳамияти, ҳозирги кунда, хусусан, Марказий Осиё халқларининг деярли барчаси узоқ йиллардан бери ушбу ҳадисларга амал қилиб келиши каби афзал жиҳатлар кенг муҳокама қилинди.

Шунингдек, Марказий Осиё давлатларида дин ва эътиқод эркинлиги, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик, яхши қўшничилик ва ҳамжиҳатлик, диний ва миллий қадриятларни асрабавайлаш, экстремизм ва терроризмнинг салбий оқибатлари, уларнинг тинчлик ва барқарорликка таҳдиди ҳамда уларга қарши курашиш асослари ҳам соҳа вакилларининг диққат марказида бўлди.

Анжуман сўнгида халқаро конференциянинг якуний баёноти муҳокама этилди ҳамда иштирокчилар томонидан қабул қилинди.

Анжуман доирасида халқаро конференция иштирокчиларининг Самарқанддаги муқаддас қадамжолар ва тарихий обидаларга саёҳати уюштирилди. Меҳмонлар Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби фаолияти билан танишишди.

 

Ғолиб ҲАСАНОВ,

ЎзА мухбири

Read 1934 times

Мақолалар

Top