Мақолалар

Илмларнинг раиси ёхуд мантиқ нима учун керак?

 

“Мантиқ” илми барча диний ва дунёвий илмлар билан алоқадор ва боғлиқдир. Бу илм соҳаси ақлни чархлайди, нутқни ва нутқий тафаккурни ўстиради. Шу боис ҳам қадимдан мадрасаларда мантиқ дарси ўқитиб келган.

Ислом дунёсида баъзан мантиқ илмига, унинг бошқа илмлар ва тўғри фикр юритиш учун бир восита ва ўлчов эканлигини назарда тутган ҳолда “илми мезон” номи берилган.

Мантиқ илмини улуғ аллома Абу Наср Форобий “илмларнинг раиси” деб таърифлаган бўлса, шайхур раис Абу Али ибн Сино эса “илмларнинг ходими”, деб номлаган. Ҳужжатул ислом Имом Ғаззолий: “Ким мантиқ илмини билмаса, унинг илмига асло ишонч йўқдир”, деганлар ва мантиқни “илмнинг ўлчови”, деб атаган.

Имом Тафтазоний, Асируддин Абҳарий каби атоқли олимларимиз эса, илм йўлига кирган талабалар учун уни билиш вожиб бўлади деганлар. Дарҳақиқат, ислом олимларининг ёзган машҳур асарларига диққат қилсак, уларнинг мантиқ қоидалари асосида ёзилгани маълум бўлади.

Мусулмон оламида мантиққа доир тадқиқотлар Аристотель асарларининг ҳижрий VIII асрдан эътиборан араб тилига таржима қилина бошлаши билан пайдо бўлган. IX асрнинг ўрталаридан бошлаб мантиққа оид кўплаб асарлар ёзилган. Киндий, Форобий, Ибн Сино, Ғаззолий, Ибн Рушд, Розий, Журжоний, Мулла Фанон каби мутафаккирлар ислом дунёсида мантиқ илмига улкан ҳисса қўшган олимлардир.

IX асрда Бағдодда тараққий топган мантиқ мактабида Аристотель асарлари бўйича эътиборли тадқиқотлар амалга оширилди. Мазкур тадқиқотлар доирасида Абу Бишр Матто бин Юнус, Форобий ва Яҳё бин Одийларнинг номларини зикр этиш мумкин. Абу Али Ибн Сино эса Бағдод мактабини ҳаддан ташқари Аристотелга боғланиб қолганликда танқид қилиб, ўзи мустақил йўл ахтарди ва мантиқ хусусидаги қарашларини «Китоб-аш- шифо»да баён қилди.

Абу Наср Форобий ўзининг «Уйунул-масоит» номли асарида мантиқ мавзусида сўз юритар экан, уни уч қисмга ажратади. Таърифга жуда катта аҳамият қаратган Форобий, мантиқ илмининг сезги аъзолари билан англанган, аммо таърифга сиғмайдиган тушунчаларга таянишини илгари суради. Бу қараш Ибн Сино томонидан ривожлантирилди.

Мантиқ масалаларининг ривожланишида Абу Наср Форобийнинг хизматини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. Унинг юнон файласуфларининг мантиққа оид асарларига ёзган шарҳлари ўрта аср мантиқига қўшилган катта ҳисса бўлди. Унинг кўпгина шарҳлари Арастунинг асарларига бағишланган.

Абу Наср Форобийнинг мантиқ соҳасидага ишларининг давомчиларидан бири турли илм жабҳаларига оид қатор асарлар яратган, ўз даврининг дунёга машҳур мавсуъий олими Абу Али ибн Синодир. У фалсафа ва мантиққа оид бир неча асарлар яратган. Мантиқ масалаларини ўз ичига қамраб олган асарлари орасида унинг «Китоб аш-ши-фо» (“'Шифо китоби»), «Китоб ан-нажот» («Нажот китоби»), «Ал-Мухтасар ал-Авсот» («Ўртача мухтасар»), «Китоб ал-ишорот» («Ишоралар китоби») ва бошқа асарларида мантиқ масалалари хусусида фикр юритилган.

Абу Наср ал-Форобий ўз асарларида мантиқ «тафаккур ҳақидаги илм бўлиб, ёзма ёки оғзаки нутқда ўз аксини топади, деган фикрни қайд қилиш билан бирга Арастунинг тафаккур ва тил, мантиқ ва грамматика орасида боғлиқлик ғоясини ўз асарида акс эттирса, Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий бу ғояни янада ривожлантиради.

Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий ўзининг назарий илмлари тартибида ҳар қандай тафаккур, илмий билимнинг зарурий ибтидоси сифатида акс этган мантиқ масалаларини ҳам ўрганади. Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий мантиқнинг роли ва масалалари ҳақида фикр юритиб, мантиқ на назарий, на амалий илмларга кирмасдан, алоҳида, қандайдир учинчи қисмни ташкил этади, деган нуқтаи назарни илгари сурадики, бу Ибн Синонинг ана шу масалага ёндашишига мос тушади.

Мусулмон дунёсида фалсафа ва мантиқ соҳасида катта хизматлар қилган олимлардан яна бири Абдул Валид Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Рушддир. «Арастунинг органонини Форобий мантиқи билан солиштириш», «Мантиқ масаларига оид» ва бошқа асарлар муаллифи Ибн Рушд Арастунинг энг яқин издошларидан ҳисобланади.

Шарқ муаллифлари, шунингдек Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий ҳам, маъно англатиш ва сўзлар маъноси масаласи мантиққа тегишли бўлмай, кўпроқ амалиётга тааллуқли эканлигини тан оладилар. Бироқ иборалар, маънолар ва тушунчалар ҳақидаги масала Арасту томонидан етарли даражада ишланган бўлгани учун, Шарқ олимлари бу масалани кўриб ўтишни Арасту «Категориялар»ининг кириш қисмига қўшишни лозим топдилар.

Мантиқ илми, унга тамал тоши қўйилган қадимги даврдан эътиборан то бугунги кунимизга қадар Шарқ олимлари томонидан ҳам, Ғарб олимлари томонидан ҳам муттасил тадқиқ қилинди ва унинг «янги давр методологик мантиғи», «формал мантиқ», «символик мантиқ» каби йўналишларига ҳам асос солиниб ривожлантирилди.

Бугунги кунда исломий китобларга назар солар эканмиз, уларнинг аксари у ёки бу миқдорда мантиқ ва фалсафа илмининг қоидаларига асосланганлигига гувоҳ бўламиз. Ҳатто, араб грамматикаси, араб тилининг балоғати ҳам мантиқ асосида ўрганилган.

Мантиқ нафақат фиқҳ ва унинг асослари (усули фиқҳ) ва араб тили билимлари, балки калом ва ақида илмининг ривожида ҳам муҳим рол ўйнади. Ҳадис билимлари ва истилоҳларига оид фанлар ҳам мантиқий қарашлардан холи эмас. Шу маънода мантиқ илми асосий исломий билимлар доирасида восита билимларига айланиб қолди. Яъни, бу шундай механизмки ундан ўтмасдан туриб, исломий фанларни ўрганиш инсонни айрим қийинчилик ва машққатларга рўбарў қилади.

Шу эътибордан, кейинги авлод уламолари ботил асослардан тозаланган мантиқ илмини эҳтиёж доирасида ўрганиш лозим, деган фикрга келдилар.

Бугунги кунда буюк ватандошларимиз томонидан бизларга илмий мерос сифатида қолдирилган қийматли асарларни тўғри ўрганиш учун ҳам барибир исломий фалсафа ва мантиқ илмини ўрганишга эҳтиёж сезамиз.

 

Мансур УРАЛОВ,

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти

махсус сиртқи бўлим битиручиси

Read 2355 times
Tagged under

Мақолалар

Top