Ҳижрий-шамсий тақвим бўйича Қуёшнинг биринчи буржга ва ойнинг ўн икки бурждан бири – ҳамалга кириши билан Наврўз, шу билан бирга, янги (шамсий) йил кириб келади. Беш минг йиллик тарихга эга бу байрам инсон ва табиат уйғунлиги рамзидир.
Буруж сураси 1-оятида Аллоҳ таоло айтади: «Қасамёд этаман (ўн иккита) буржларга эга осмон билан». Бу ўринда буржлардан мурод осмондаги Қуёш ва Ой буржларидир.
Фурқон сурасининг 61-оятида эса: «Осмонда буржларни бунёд этган ва унда чироқ (Қуёш) ва нурафшон Ойни пайдо қилган Зот баракотли (буюк)дир».
Мазкур оятлардан маълум бўладики, буржлар бесабаб яратилмаган. Шунингдек, Аллоҳ таоло ҳам бежиз буржлар билан қасамёд этмайди. У Зотнинг Қуёш ва Ой билан, юлдузлар билан қасам ичишида ақл эгалари учун оят-ибратлар бордир. Зотан, Қуёш ва Ойнинг яратилишидан мақсад ҳам бандаларнинг ҳаётий, диний, деҳқончилик ишларини Аллоҳ тақдир қилган илоҳий тақсимот – 12 бурж асосида белгилаб олиш заруратидир.
Юртимизда азалдан уч хил тақвим – ҳижрий, милодий ва деҳқончилик календари билан иш юритиш одат бўлган. Йиллар ҳисобини билишимиз учун Аллоҳ Қуръони каримнинг Исро сураси 12-оятида бундай зикр қилади: «Кундуз аломатини эса Раббингиздан фазл (ризқ) исташларингиз учун ҳам да йиллар саноғини ва ҳисобини билишингиз учун ёруғлик қилиб қўйдик. Барча нарсани батафсил баён қилиб қўйганмиз».
Муфассирлар мазкур оятнинг “йиллар саноғини” қисмини қамарий (Ой) тақвим билан иш юритиш (бинобарин, диний юмушларда), йиллар “ҳисобини” қисмини эса шамсий (Қуёш) тақвим билан иш юритиш (айниқса, деҳқончиликда) мазмунида тафсир қилишган.
Эътибор берган бўлсангиз, фиқҳий китобларимизда Наврўз куни рўза тутиш макруҳлиги баён этилади. Демак, Наврўзнинг ҳам динлар, халқлар ўртасида алоҳида ўрни бор.
Хўш, Наврўз қандай байрам, уни нишонлаш жоизми?
Аввало, Наврўз урф-одатлар бўй кўрсатадиган байрам бўлгани боис унинг тантаналари жараёнида эътиқод ва шариат талабларига хилоф ишлар бўлмаса, нишонлаш ҳамда кишилар ўзаро бир-бирларини табриклашлари жоиз.
Бунга далил сифатида қуйидагиларни келтириш мумкин.
Биринчидан, бу кун Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга нусрат бериб, фиръавн ва унинг сеҳргарларини шарманда қилган. Қуръони каримда: «(Мусо) айтди: “Ваъда байрам куни (тўпланадиган жой)дир. Одамлар чошгоҳда тўпланурлар”» (Тоҳо сураси, 59-оят).
Ушбу оятдаги “байрам” куни йилнинг боши шанба кунига тўғри келган “Наврўз” кунидир (Ибн Асокир, “Тарихи Дамашқ”, 61–65-б).
“Тафсири ибн Касир”да “байрам”дан мурод уларнинг ийд ва наврўзлари деб келтиради. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо “Байрам” куни Ашуро куни деган.
Иккинчидан, Муҳаммад ибн Зиёд Абу Ҳарайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Аллоҳ таоло Сулаймон ибн Довуд алайҳимассаломга узукларини қайтарган кун ҳам айнан шу наврўз куни эди…” (Ибн Асокир, “Тарих мадинат Дамашқ”, 22-ж 261-б).
Учинчидан, “Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга Наврўз куни ҳадя олиб келинди. Али розияллоҳу анҳу: “Бу нима?” дедилар. У зотга: “Эй амирал мўминин бу Наврўз (ҳадяси)”, дедилар. Шунда у киши: “Ҳар кунингизни “файруз” қилинглар”, дедилар (Байҳақий “Сунанул Кубро”, 9-ж. 392-с).
Уламоларимиз фиқҳий китобларда халқимизнинг анъанавий ҳамда миллий байрамларини, жумладан, Наврўзни байрам тариқасида нишонлаш ҳақида фатво берганлар. Бинобарин, “Фатовои заҳирия”да бундай дейилади: “Наврўз уч хилдир: Наврўзи Жамшидий, Наврўзи Мажусий ва Наврўзи Султоний. Наврўзи Султонийни ўтказмоқлик мақбулдир ва зиёни йўқдур”.
Наврўзда кун билан тун баробар бўлади. Бу байрам Ислом оламида маҳбуб билингани каби Беруний, Ибн Сино, Умар Хайём, Чағминий, Улуғбек каби дунёвий илмларнинг соҳиблари ҳам тун билан кун баробар бўладиган ва Қуёш ҳамал буржига кирадиган кунни Наврўз айёми сифатида нишонлаш мақбул эканлигини таъкидлашган.
Ҳаким Термизий “Солнома” асарида, бухоролик буюк фақиҳ Абдулазиз ибн Моза “ал-Муҳит ал-бурҳоний фи-л-фиҳҳи-н- нуъмоний” қомусида Наврўз ҳақида қимматли маълумотлар қолдиришган.
Абу Райҳон Беруний ўз асарларида Наврўз ҳақида қимматли фикрларни келтиради. Бундай маълумотларнинг диққатга сазовор томони шундаки, аллома Наврўзни коинот ва олам билан бир бутунликда, деб таърифлайди.
Юсуф Хос ҳожиб “Қутадғу билиг” асарида бу ҳолга шундай таъриф берган: “Шарқдан баҳор насими эсиб келди, оламни безамоқ учун фирдавс йўлини очди. Оқ ранг кетиб, бўз ерни алвон ранг қоплади, олам ўзига оро бериб безанмоқ тараддудига тушди. Зерикарли қишни баҳор нафаси ҳайдади, мусаффо баҳор яна ўз ҳукмига кирди. Қуёш яна қайтиб ўз ўрнига келди, Балиқ (Ҳут) думидан Қўзи (Ҳамал) буржига кўчди. Ўйқуга кирган дарахтлар яна яшил тўн кийди, оқ, сариқ,кўк, қизил рангли ҳарир ёпинчиқлар билан безанди”.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Наврўз замирида олам аҳлини ўзаро тотувлик, дўстлик ва ҳамжиҳатликка даъват этувчи умуминсоний қадриятлар мужассам. Зотан, динимиз ҳам ҳар доим инсонларни эзгуликка даъват этган. Шундай экан, Наврўз байрами муборак бўлсин!
Ж. САБУРОВ
Vakillik.uz