Мақолалар

Ислом жамият ҳаётини кўркамлаштиради

Исломнинг савоб-гуноҳ аҳкоми текширилса, шу нарса аниқ маълум бўладики, Ислом жамият ҳаётини кўркамлаштириб, инсониятнинг роҳат-ҳаловатда турмуш кечиришини таъминлайдиган ҳар қандай ҳаракатни, хоҳ катта бўлсин, хоҳ кичик булсин ҳайратомуз даражада катта савоб билан мукофотлайди. Аксинча, халқни фисқу фасодга булғайдиган, жамият осойишталигини бузадиган ҳар қандай амални улкан гуноҳ ҳисоблаб, қатъий таъқиқлайди. Масалан, оддий бир салом бериш, аслида савоби жуда кўп бўлган бу амалга Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам катта аҳамият берганлар ва бундай деганлар: «Танишга ҳам, нотанишга ҳам салом беринг! Бир киши жамоат орасига кириб: «Ассалому алайкум» деб салом берганда ўн савоб қозонади, ундан кейин келган одам «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ» деб салом берса унга йигирма савоб, ундан кейин келган бири «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ» дея салом берса, унга ўттиз савоб ёзилади», деганлар.

Инсонларга рўпара бўлганда ҳам, инсонлар билан хайрлашаётганда ҳам салом берилади. Хайрлашаётганда салом берилса, атрофдагилар ҳайрон бўладилар. Ҳолбуки бу Исломнинг шартидир.

Салом эътиқод билан ҳам боғлиқ, яъни «ассалому алайкум» деганимизда биз инсонларга «жаннатлик бўлинг!» деган бўламиз. «Ҳам дунёда соғ-саломат бўл, дарду мусибатга йўлиқма, ҳамда Аллоҳ сени «Дорус салом» бўлган жаннат аҳлидан қилсин», – дея тилакда бўламиз.

Ислом инсонларни қандай қилиб тарбиялашни билади. Сўздан маънога, шаклдан руҳга, зоҳирдан ботинга кириб боришни билади. Шу боис Ислом шаклга ҳам катта аҳамият беради. Чунки, шакллар алалоқибат амалда гўзал маънавиятни юзага келтиради. Салом берилиб-берилиб ўзаро муҳаббат пайдо бўлади. Шу зайлда Ислом муҳаббатга, ўзаро биродарликка ташвиқ қилган бўлади. Муҳаббатнинг буюк савоби бордир... Биродарликнинг буюк савоби бордир...

Имоми Ғаззолий «Иҳёу улумиддин» асарида ёзишича, пайғамбаримиз бундай деган эканлар: «Баъзи амаллар ибодат шаклида бўлмаса ҳам савоби жуда кўпдир.» Масалан, намоз шаклий ибодат туридир. Таҳорат олиб, қиблага қараб «Аллоҳу акбар» деймиз. Рукуъ, сажда қиламиз. Аммо баъзи маънавий ибодатлар борки, зоҳиран билинмайди, чунончи, инсоннинг жамиятда бошқалар билан дўстлик, биродарлик қилиши, бунга «дин биродарлиги» деймиз. Бу эса динда муаззам бир савоб, муаззам бир ибодатдир. Инсон янги бир дўст топгач, танишиб, сўрашиб «Марҳабо!», «Хуш келдинг», «Кимсан», «Қаердансан», – деб мулозаматлар кўрсатади.

Билингки, «Янги бир одам билан дўст бўлган мусулмоннинг даражасини Аллоҳ жаннатда бир даража юқори кўтаради», – дея марҳамат этилади. Исломда дўстлашиш, дўст топиш, уни мустаҳкамловчи йўриқларга ташвиқ бордир. Масалан, зиёфат қилмоқ, ҳадя бермоқ, касаллигида бориб зиёрат этмоқ ва бошқалар. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам буларнинг барчасини кенг миқёсда ташвиқ қилганлар ҳамда савобидан баҳс этганлар.

 

"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди

Read 1928 times

Мақолалар

Top