Мақолалар

ЛУТ АЛАЙҲИССАЛОМ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Лут алайҳиссаломнинг исми шарифларини Қуръони Каримда 27 марта зикр қилган. У зотга тегишли ояти карималар Ҳуд, Ҳижр, Ҳаж, Шуаро, Намл, Анкабут, Сод, Қоф, Қамар, Таҳрим, Анъом, Аъроф, Анбиё ва ас-Саффот сураларида келган. Аллоҳнинг пайғамбарларининг машҳурларидан бўлмиш Лут алайҳиссалом Ироҳим алайҳиссаломнинг акалари Ҳороннинг ўғли бўлганлар. Аллоҳ таоло у зотни ҳам Иброҳим алайҳиссаломнинг вақтларида пайғамбар қилиб юборган. Яъни, Иброҳим алайҳиссалом Лут алайҳиссаломга амаки бўладилар.

Дастлаб Лут алайҳиссалом ҳам Иброҳим алайҳиссаломга иймон келтириб, у зотнинг йўлидан юрганлар. Бу ҳақда «Анкабут сурасида: «Бас, унга Лут иймон келтирди ва: «Албатта, мен Роббимга ҳижрат қилгувчиман. Албатта, У азиз ва ҳакимдир», деди». (26 оят)
Яъни, Иброҳим алайҳиссаломга Лут иймон келтирди. Аввал айтилганидек, Лут алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломга жиян бўлар эди. Лут алайҳиссалом амакилари Иброҳим алайҳиссаломга иймон келтирган биринчи одам бўлдилар. Шунингдек, ўша пайтда Иброҳим алайҳиссаломга хотинлари Биби Сора ҳам иймон келтирган эдилар.
Тафсирчи уламоларимиз оятдаги:
«Албатта, мен Роббимга ҳижрат қилгувчиман» жумласини ким айтгани тўғрисида икки хил фикр билдирганлар. Баъзилари, бу гапни Лут алайҳиссалом айтган, десалар, кўплари, Иброҳим алайҳиссалом айтган, дерлар.
Нима бўлганда ҳам, Аллоҳга ҳижрат қилиш, дунёдаги барча нарсани ташлаб, Аллоҳ таолога томон интилиш туйғуси Иброҳим алайҳиссаломда ҳам, Лут алайҳиссаломда ҳам кучли бўлган. Аллоҳ таолонинг азиз-ғолиб, барчадан устун эканлигига ва ҳар нарсани ҳикмат билан қилишига ҳам уларнинг ишончлари юқори даражада бўлган. Ҳамма нарсадан кечиб, фақат Аллоҳни деганлари учун ҳам Аллоҳ таоло уларга барча яхшиликларни кутганларидан зиёда қилиб берган.
Кейинчалик, Лут алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломнинг изнлари билан Урдуннинг Садум деган жойига кетдилар.
Ҳа, Иброҳим алайҳиссалом у кишини сўлим яйловлари бор жойларга, Урдун дарёсининг шарқига жойлаштирдилар.
Шундай қилиб, Аллоҳ изни билан улар Ўлик денгиз ўрнидаги Садум номли шаҳар ва унинг атрофидаги аҳоли яшайдиган жойларда истиқомат қилдилар ва ўша ерлар аҳолисига Пайғамбар этиб юборилдилар.

ЛУТ ПАЙҒАМБАР БЎЛДИЛАР

Аллоҳ таоло «ас-Саффот» сурасида: Албатта, Лут ҳам юборилган Пайғамбарлардандир»,(133 оят) деб узотнинг пайғамбарликларини тасдиқлайди.
Шуаро сурасида эса пайғамбарлик ҳақидаги хабар Лут алайҳиссаломнинг ўзлари томонидан айтилади:
«Лут қавми Пайғамбарларни ёлғончи қилди». (160 оят)
Улар Ўлик денгиз яқинидаги шаҳар-қишлоқларда яшаганлар.
Ўшанда уларга биродарлари Лут деди: «Қўрқмайсизларми?! Албатта, мен сизларга ишончли Пайғамбарман. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар. Мен сизлардан бунинг учун ҳақ-ажр сўрамасман. Менинг ажрим фақатгина Роббул Оламийн зиммасидадир». (161-164 оятлар)

ҚАВМНИ ИНСОФГА ЧАҚИРИШ

Лут алайҳиссалом пайғамбар бўлиб келган Садум шаҳари аҳолиси дунёдаги энг ёмон гуноҳлардан бирига мубтало эдилар. Улар баччабозлик ила шуғулланар эдилар. Уларнинг пайғамбарлари Лут алайҳиссаломнинг бош вазифаларидан бири уларни шу қабиҳ ишдан қайтариш бўлди.
Аллоҳ таоло «Анкабут» сурасида бу ҳақда қуйидагиларни айтади: «Ва Лутни (ҳам юбордик). Ўшанда у ўз қавмига: «Албатта, сиз ўзингиздан олдин ўтгани оламлардан ҳеч ким қилмаган фоҳиша ишни қилмоқдасиз». (28 оят)
Яъни, биз Лутни ҳам Пайғамбар қилиб юбордик. Ўшанда у қавмига улар дунёда ҳеч ким содир этмаган фоҳиша ишни қилишаётганини айтди.
Бу фоҳиша иш нима экани ҳаммага маълум. Бу қавм жинсий бузуқликка берилган эди. Ушбу оятда мазкур бузуқликни Лут қавмидан олдин инсоният тарихида ҳеч ким қилмагани ҳам таъкидланмоқда. Кейинги оятда Лут алайҳиссалом мазкур фоҳиша ишни очиқ баён этадилар:
«Сизлар эркакларга яқинлик қилиб, йўлни кесасизми ва тўплантиларингизда мункир иш қилурмисиз?!» деди. Унинг қавмининг жавоби: «Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга Аллоҳнинг азобини келтир», дейишдан бошқа бўлмади». (29 оят)
Лут алайҳиссалом қавмга уларнинг хатолари нақадар катта эканини англатишда давом этиб: «Сизлар эркакларга яқинлик қилиб, йўлни кесасизми ва тўплантиларингизда мункир иш қилурмисиз?!» деди.
Лут қавмининг қилган фаҳш амали эр кишининг эр кишига шаҳват ила жинсий яқинлик қилишидан иборат эди. Пайғамбар Лут алайҳиссалом бу ерда ўша амални эслатмоқдалар. Оятдаги «йўлни кесасизми» ибораси бошқа маънодан олингандир. Аслида «йўл кесиш» маъноси қароқчилик қилиш, одамларнинг йўлини тўсиб, озор бериш, молу мулкларини тортиб олиш маъноларини ифодалашда ишлатилади. Бу ерда эса, кишиларнинг йўлини тўсиб, фоҳиша ишга мажбур қилганларини англатиш учун ишлатилмоқда. Лут қавми бу ишга ўта мубтало бўлганидан, йўловчиларни тўсиб, зўрлаш даражасига бориб етган эдилар.
«...ва тўплантиларингизда мункир иш қилурмисиз?!»
Лут қавми бу ишга муккаларидан кетганликларидан тўп-тўп бўлиб олиб, очиқчасига қилишар эди. Улар на ўзларидан, на бошқалардан уялишарди.
Бу ишлари оддий фаҳш эмас, балки ўтакетган ёвузлик, инсонийлик доирасидан чиқиб кетишдир. Бундай даражага етган одамлар дарҳол тавба қилиб, ўзларини ўнгламасалар, оқибати ёмон бўлиши аниқ кўриниб қолган эди.
Шунинг учун ҳам Лут алайҳиссалом қавмларини юқоридаги гаплар билан бу йўлдан қайтишга даъват қилдилар. Хўш, қавм бу даъватга қандай жавоб берди?
«Унинг қавмининг жавоби: «Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга Аллоҳнинг азобини келтир», дейишдан бошқа бўлмади».
Табиати бузилиб, ҳирсга берилган бу фоҳиша қавмга ўзларидан чиққан Пайғамбар Лут алайҳиссаломнинг даъвати заррача ҳам таъсир қилмади. Балки туғёнга кетган қавм ўз Пайғамбарига истеҳзо билан, агар гапинг рост бўлса, бизга Аллоҳнинг азобини келтир, дейишди. Бу ҳол Лут алайҳиссалом учун катта синов эди. Шаҳвоний лаззатга берилган қавмнинг иймон ва дину диёнат билан ҳам, Аллоҳнинг амри ва Пайғамбарнинг даъвати билан ҳам ҳеч қандай иши йўқ эди. Улар қилаётган гуноҳлари учун азоб келишидан ҳам қўрқмай қўйган эдилар. Ана ўшанда Лут алайҳиссаломнинг Аллоҳ таолога ёлборишдан бошқа чоралари қолмади.
«У: «Эй Роббим, менга бузғунчи қавмларга қарши Ўзинг нусрат бер», деди». (30 оят)
Бу бузғунчи қавмга ҳеч қандай насиҳат, даъват фойда бермади. Энди, уларга қарши Аллоҳнинг Ўзи нусрат бермаса, бошқа илож йўқ эди.

НОБАКОР ҚАВМ ИЛА ТОРТИШУВНИНГ ДАВОМ ЭТИШИ

Ўтган қиссалар мазмунидан Пайғамбарлар ўз умматларига бир хил даъват ила келганини ва қавмлар эса, уларни турли ҳийла ва баҳоналар ила инкор қилганларини билиб олган эдик. Лут алайҳиссалом қиссаларида, у зот дафъатан ўз қавмларининг улкан қабиҳ ишлари–баччабозликларини қоралашга бошлайдилар.
Анъом сурасида Аллоҳ таоло бу ҳолатни қуйидагича васф қилади:
«Ва Лутни (юбордик). Унинг ўз қавмига: «Сиздан олдин оламларда ҳеч ким қилмаган фоҳиша ишни қиласизларми?!
Албатта, сизлар аёлларни қўйиб, эркакларга шаҳват ила яқинлик қилмоқдасизлар. Йўқ! Сизлар исрофчи қавмсиз!» деганини эсла
». (80-81 оят)
Дарҳақиқат, улар қилаётган фоҳиша ишни, умуман, бирор-бир оламда одам зоти қилмаган эди. Улар, умуман, инсонлик, жонзотлик табиатига зид ишни қилишни ҳаммадан бурун бошлаган эдилар. Бу ҳолни Лут алайҳиссалом:
«Албатта, сизлар аёлларни қўйиб, эркакларга шаҳват ила яқинлик қилмоқдасизлар», деб таърифламоқдалар.
Аллоҳ таоло инсонни эркак ва аёл жинсида яратди. Ҳар бирига ўзига хос аъзолар ва хусусиятлар берди. Жумладан, инсон наслини бардавом этиш учун ҳар бирини ўзига хос таносул аъзолари билан яратди. Инсон наслини эркак ва аёлнинг қўшилиши натижасида пайдо бўладиган қилди. Бу қўшилишдан икковлари ҳам табиий лаззат оладиган бўлдилар. Бунинг учун уларда зарур аъзолар–ҳис-туйғу, ҳужайралар ва шу каби анвойи моддаларни халқ қилди. Ушбу қўшилишдан ҳосил бўладиган лаззат ва рағбатга нисбатан бўлган қизиқишни фарзанднинг ғоят қаттиқ азоб билан туғилиши, унинг тарбияси каби машаққатларни ҳам унутадиган даражада қудратга айлади.
Аллоҳ таоло инсон зотини жинсий яқинлик йўли билан яратиб, унинг насли покиза йўл билан кўпайиб туришини ирода ва ҳаётий зарурат қилди. Бу йўлдан тажовуз қилганлар ва Аллоҳ иродасига зид бориб, эркакларга шаҳват ила яқинлик қиладиганлар ақидаси бузуқ ва тубан кишилар ҳисобланадилар.
Шу боисдан мазкур қиссада худди шу фоҳишалик бош масала қилиб кўтарилади. Бинобарин, Лут алайҳиссалом бу ёруғ оламда ҳеч бир зот қилмаган улкан гуноҳга биринчи бўлиб қўл урган қавмларини:
«Йўқ! Сизлар исрофчи қавмсиз!» деб таърифламоқдалар.
Хўш, бу пасткаш қавм ўз Пайғамбарининг бу гапига нима деб жавоб қилди?
«Қавмнинг жавоби: «Уларни қишлоғингиздан чиқариб юборинг, чунки улар жуда ҳам покиза бўлаверадиган одамлар экан», дейишларидан бошқа нарса бўлмади». (82 оят)
Инсофни кўринг. Инсон табиатига мувофиқ иш қилган, ҳалолу пок бўлиб, бошқаларни покизаликка чақирган кишилар юртларидан ихрож қилинар эканлар. Уларнинг «айблари» битта–жуда ҳам покиза одам бўлганликлари. Инсонийлик қиёфасини йўқотган қавм шу даражага етар экан-да. Ўзлари инсоният бўйнига тавқи лаънат бўлиб осиладиган амалларни тап тортмай қилаётганлари етмаганидек, уларга ўхшашни хоҳламаган, инсонлигини йўқотмаган, Аллоҳнинг амрида юришга ҳаракат қилганларни покизаликда айблайдилар.
Бу доимо рўй бериб келаётган ҳол. Ҳозир ҳам ана шундай покиза зотларнинг кўплари ё қамоқда, ёхуд сургунда, жилла қурса, тазйиқ ва таҳдид остидадирлар.

ЛУТ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ДУОЛАРИ

Табиати бузилиб, ҳирсга берилган бу фоҳишачи қавмга ўзларидан чиққан Пайғамбар Лут алайҳиссаломнинг даъвати заррача ҳам таъсир қилмади.
Балки туғёнга кетган қавм ўз Пайғамбарига истеҳзо билан, агар гапинг рост бўлса, бизга Аллоҳнинг азобини келтир, дейишди.
Бу ҳол Лут алайҳиссалом учун катта синов эди. Шаҳвоний лаззатга берилган қавмнинг иймон ва дину диёнат билан ҳам, Аллоҳнинг амри ва Пайғамбарнинг даъвати билан ҳам ҳеч қандай иши йўқ эди.
Улар қилаётган гуноҳлари учун азоб келишидан ҳам қўрқмай қўйган эдилар. Ана ўшанда Лут алайҳиссаломнинг Аллоҳ таолога ёлборишдан бошқа чоралари қолмади.
«У: «Эй Роббим, менга бузғунчи қавмларга қарши Ўзинг нусрат бер», деди». (Анкабут сураси 30 оят)
Бу бузғунчи қавмга ҳеч қандай насиҳат, даъват фойда бермади. Энди, уларга қарши Аллоҳнинг Ўзи нусрат бермаса, бошқа илож йўқ эди.

АЗОБ ФАРИШТАЛАРИНИНГ КЕЛИШИ

Аллоҳ Лут алайҳиссаломнинг бу дуоларини қабул этди. Фоҳиша қавмни ҳалок қилиш учун фаришталарни юборди. Ўша фаришталарга йўл-йўлакай Иброҳим алайҳиссаломга фарзанд кўришлари ҳақидаги башорат-хушхабарни етказиш ҳам топширилган эди. Шу мақсад ила улар аввал Иброҳим алайҳиссалом ҳузурларига келдилар.
Бунинг тафсилотини «Анкабут» сурасидан ўрганамиз:
«Бизнинг элчиларимиз Иброҳимга хушхабарни келтиришганида: «Албатта, биз ушбу шаҳар аҳлини ҳалок қилгувчидирмиз. Албатта, унинг аҳли зулм қилгувчилардан бўлдилар», дедилар». (31 оят)
Иброҳим алайҳиссалом билан фаришталар орасида бўлиб ўтган суҳбат тафсилоти бошқа сураларда келган. Бу ерда эса, сиёққа мос жиҳатларигина келтирилади. Лут алайҳиссалом Аллоҳдан нусрат сўраб, дуо қилган эдилар. У зотнинг дуосини Аллоҳ таоло ижобат қилганини ушбу оятдан билмоқдамиз.
Фаришталар Иброҳим алайҳиссаломга: «Албатта, биз ушбу шаҳар аҳлини ҳалок қилгувчидирмиз», дедилар.
Яъни, Лут қавми истиқомат қиладиган Садум шаҳрини ҳалок этамиз. Бунинг сабаби унинг аҳли зулм қилувчи бўлганларидир.
«Албатта, унинг аҳли зулм қилгувчилардан бўлдилар», дедилар».
Ҳа, Аллоҳ йўллаган Пайғамбарнинг гапига кирмай, гуноҳ қилишда бардавом бўлишдан ҳам катта зулм борми ўзи?!
Жияни Лут яшаб турган шаҳарнинг ҳалок этилиши ҳақидаги хабарни эшитган Иброҳим алайҳиссалом дарҳол ташвишга тушиб савол бердилар.
«У: «Унда Лут бор-ку?!» деди. Улар: «Биз унда ким борлигини яхши билурмиз. Биз, албатта, унга ва унинг аҳлига нажот берурмиз. Магар унинг хотини ҳалок бўлгувчилардан бўлгандир», дедилар». (32 оят)
Иброҳим алайҳиссалом бутунлай ҳалокатга учраши лозим бўлган шаҳарда Лут алайҳиссалом бор-ку, сизларга барибирми, ҳалок қилаверасизларми, деган маънода фаришталардан:
«Унда Лут бор-ку?!» деди.
Бу гапда савол аралаш эътироз бор эди. Фаришталар буни тўла тушунган ҳолда қониқарли жавоб бердилар:
«Улар: «Биз унда ким борлигини яхши билурмиз. Биз, албатта, унга ва унинг аҳлига нажот берурмиз», дедилар.
Яъни, ўша Садум шаҳрида ким борлигини яхши биламиз. Жумладан, Лут борлигини ҳам яхши биламиз. Эй Иброҳим, сен уни ўйлаб, безовта бўлма, биз, албатта, Лутга ва унинг аҳлига, яъни, унга иймон келтирганларга ҳалокатдан нажот берамиз.
«Магар унинг хотини ҳалок бўлгувчилардан бўлгандир», дедилар».
Чунки у хотин жиноятчи қавмнинг ёнини оларди, уларнинг жиноятларини инкор этмасди.
Иброҳим алайҳиссалом билан бўлган суҳбатдан сўнг фаришталар Лут алайҳиссалом томон жўнаб кетдилар.

ФАРИШТАЛАРНИ ЛУТ АЛАЙҲИССАЛОМ ҲУЗУРЛАРИГА КЕЛИШЛАРИ

Мазкур хушрўй йигитлар шаклидаги фаришталар Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳузурларига қандоқ қилиб меҳмон шаклида кириб келган бўлсалар Лут алайҳиссаломнинг ҳузурларига ҳам шундоқ ҳолда кириб келдилар.
Бу ҳолатни «Анкабут» сурасида қуйидагича васф қилинади:
«Элчиларимиз Лутга келишганида, у улар сабабли маҳзун бўлди ва келишларидан юраги сиқилди. Улар: «Сен хавфсирама ва маҳзун ҳам бўлма, албатта, биз сени ва аҳлингни қутқаргувчилармиз. Магар хотининг ҳалок бўлгувчилардан бўлгандир». (33 оят)
Лут алайҳиссаломнинг Аллоҳ юборган фаришталарни кўриб хафа бўлишларига сабаб бор эди. Аввалло, элчи-фаришталар навқирон, ҳуснли йигитлар қиёфасида келган эдилар.
Қолаверса, Лут алайҳиссалом уларнинг элчи-фаришталар эканидан ҳали-ҳануз хабар топмаган эдилар. Ёш ва чиройли меҳмон йигитларга жиноятчи қавм тажовуз қилиб, мезбон Лут алайҳиссаломни шарманда этишлари мумкин эди.
Шу сабабли Лут алайҳиссалом уларни кўриб маҳзун бўлдилар ва юраклари сиқилди.
Бу ҳолни сезган фаришталар у зотга тасалли бериб:
«Сен хавфсирама ва маҳзун ҳам бўлма», дедилар.
Улар Лут алайҳиссаломни хотиржам этиб, нима иш қилишларини айтдилар.
«...албатта, биз сени ва аҳлингни қутқаргувчилармиз», дедилар.

Яъни, шаҳар аҳолисининг ҳаммасини ҳалок қиламиз, аммо сени ва сенинг аҳлингни ҳалокатдан қутқарамиз «Магар хотининг ҳалок бўлгувчилардан бўлгандир», дедилар».

Яъни, у сенинг хотининг бўлса ҳам, ҳалок қиламиз.

Сўнгра фаришталар сўзларида давом этиб дедилар:

«Албатта, биз ушбу шаҳар аҳолиси бошига фосиқлик қилганлари туфайли осмондан азоб туширгувчимиз», дедилар». (34 оят)

Аллоҳ таоло бу қавмни қилмишига яраша жазолади.

 

ЖИНОЯТЧИ ҚАВМ ҲАЛОКАТИ

Жиноятчи қавмнинг жазоланиши қандоқ бошланганини «Қамар» сурасидаги ушбу ояти карима баён қилиб беради:

«Улар ундан меҳмонларини топширишни сўрадилар. Бас, кўзларини кўр қилдик. Менинг азобим ва огоҳлантиришларимни тотиб кўрсинлар». (37 оят)

Аввал ҳам айтилганидек, маълум ва машҳур бўлганидек, Лут қавми ўзларидан олдин ҳеч ким қилмаган қабиҳ жиноятни, эркакларнинг ўзаро жинсий алоқа қилиш жиноятини қилишга мубтало бўлган эди.
Бу борада иш шу даражага бориб етдики,

«Улар ундан меҳмонларини топширишни сўрадилар».

Жиноятчи қавм ўз Пайғамбарлари Лут алайҳиссаломдан у кишининг ҳузурларига меҳмон бўлиб келган ёш йигитларни фоҳиша иш қилиш учун ўзларига топширишни талаб қилдилар.
«Бас, кўзларини кўр қилдик».

Ана ўшанда Биз мазкур фоҳишачи қавмнинг кўзини кўр қилдик.

«Менинг азобим ва огоҳлантиришларимни тотиб кўрсинлар».

Аллоҳнинг амрига исён қилишнинг оқибати нима бўлишини билиб қўйсинлар.

Лут алайҳиссаломнинг хонадонларига ёш, хушрўй йигитлар билан баччабозлик қилиш ниятида у зотнинг уйларига ёпирилиб келган жиноятчи қавм меҳмонлари ўзларига топрилишларини талаб қилди. Пайғамбар алайҳиссалом қавмни бу жиноий мақсаддан қайтаришга кўп уриндилар, ҳеч фойда бермайди.

Йигитлардан бири ташқарига чиқди ва баъзи бир ҳаракатлар қилди. Шунда фоҳишакор қавмнинг кўзлари кўр бўлиб қолди ва тумтарақай бўлиб, келган жойларига қайтиб кетиш учун йўл ахтариб қолишди.
Ана шундан кейин меҳмонлар ўз ҳақиқатларини ошкор қилдилар:

Гап шу ерга етганда фаришталар ҳақиқатни ошкор қилдилар:

«Улар: «Эй Лут, биз Роббингнинг элчиларимиз, булар сенга ҳаргиз тега олмаслар. Бас, кечанинг бир бўлагида аҳлинг ила юргин ва сизлардан хотинингдан бошқа ҳеч ким ўгирилмасин. Чунки уларга етадиган мусибат у(аёл)га-да етгувчидир. Уларга тайин қилинган вақт, субҳдир. Субҳ яқин эмасми?!» дедилар». (Ҳуд сураси 81 оят)

Ёш йигитлар камқувват, ўзларини ҳимоя қила олмайдиган меҳмонлар эмас, балки Аллоҳнинг элчилари-мазкур жиноятчи қавмни ҳалок қилиш учун юборилган қувватли фаришталар эди.

Улар Лут алайҳиссаломга у киши мустаҳкам паноҳда-Аллоҳ таолонинг ҳимоясида эканликларини эслатдилар:

«Улар: «Эй Лут, биз Роббингнинг элчиларимиз, булар сенга ҳаргиз тега олмаслар».

Яъни, золим қавмдан ҳеч қўрқма, улар сенга ҳеч қачон заррача зарар еткиза олмайдилар. Буни сенга биз-Роббингни элчилари айтмоқдамиз, дедилар.

Сўнгра эса, у зот алайҳиссаломга қутулиш йўлини ўргатдилар:

«Бас, кечанинг бир бўлагида аҳлинг ила юргин ва сизлардан хотинингдан бошқа ҳеч ким ўгирилмасин».

Демак, кўрсатма бўйича Лут алайҳиссалом аҳлларини олиб, кечанинг бир бўлагида диёрларини ташлаб чиқишлари керак эди. Кечаси улардан ҳеч ким қолмай чиқиб кетиши керак эди. Тонггача улгуриш керак эди.

Лут алайҳиссаломнинг аҳлидан фақат бир киши-у зотнинг хотинлари қолиб кетади. Ё чиқмай, шаҳарда қолиб ёки кетаётиб ўгирилиб ортда қолиб, балога гирифтор бўлишига Аллоҳнинг ҳукми чиққан эди.

Бунинг сабабини ояти каримада:

«Чунки уларга етадиган мусибат у(аёл)га-да етгувчидир», деб баён қилинмоқда.

Шунинг учун у аёл қавм билан бирга ҳалок бўлади.

Бу аёл улуғ Пайғамбарнинг жуфти ҳалоли бўлишига қарамай, гуноҳкорлик қилгани учун золим қавмга қўшилиб ҳалок бўлишини Аллоҳ таоло ирода қилган эди. Ҳалок бўлиш вақти ҳам Аллоҳ таоло томонидан белгиланган.

«Уларга тайин қилинган вақт, субҳдир».

Эътибор ва мулоҳаза ила қараладиган бўлса, кўп ҳалокатлар субҳ вақтида юз бериши маълум бўлади. Бу пайтни Аллоҳ таоло баракали қилиб қўйган. Лекин гуноҳкор ва кофир қавмлар кечаси билан гуноҳ ишларни қилиб, айни тонг-субҳ чоғида ғафлат уйқусига кетган бўладилар.

«Субҳ яқин эмасми?!» дедилар».
Албатта, яқин.

«Амримиз келган пайтда у ўлкани остин-устун қилдик ва устидан кетма-кет сопол тошларни ёғдирдик.
Уларга Роббинг ҳузурида белги қўйилган эди ва улар золимлардан узоқ эмасдир». (Ҳуд сураси 82-83 оятлар)
Яъни, ўша золим қавм яшаган ўлкани ҳалок қилиш ҳақидаги
«Амримиз келган пайтда у ўлкани остин-устун қилдик».

Мазкур диёрнинг номи Садум бўлиб, ривоятларда келишича, Аллоҳнинг амри ила фаришталар Садумни борлигича кўтариб чаппа айлантириб қўйганлар. Яъни, ернинг остини устига айлантириб қўйганлар. Садум бутун аҳолиси ва бор-йўғи ила ер остига кўмилган. Фақиҳлардан, Лут қавмининг жиноятини қилганларни, яъни, баччабозлик ила шуғулланганларни ётқизиб туриб устидан деворни йиқитиш керак, деганлар ва бу ҳукмларига айнан шу ҳолатни далил қилиб келтирадилар.

Аллоҳ таоло яратган соф инсоний табиатга тамоман зид иш қилган бундай нобакорларга бу ҳам оз. Шунинг учун Аллоҳ таоло:
«ва устидан кетма-кет сопол тошларни ёғдирдик», демоқда.

Яъни, Садум остини устига қилиб туриб, яна устидан кетма-кет сопол тошлар ёғдирдик. Биз «сопол» деб таржима қилган маъно оятда «сажжил» лафзи ила келган. Бунинг маъносини бир сўз билан англатиб бўлмайди. Луғат уламолари бу сўзнинг маъноси ҳақида лойи қаттиқ қотиб қолган тош, ҳам деганлар. Баъзи уламоларимизнинг баён қилишларича, Лут қавми истиқомат қилган диёрлар беш шаҳар-қишлоқдан иборат бўлган, уларнинг каттаси Садум деб номланган. Аллоҳ таоло уларнинг барчасини остин-устин қилиб ташлаганидан сўнг, устидан лойи қотиб қолган тош ёғдирган.
«Уларга Роббинг ҳузурида белги қўйилган эди».

Яъни, тошларга белги қўйилган эди. Уламоларимиз айтишларича, ким ўлиши керак бўлса, ўша одамнинг исми ёзилган тош унга тегиб ўлдирар экан. Ўлка остин-устин қилинганида ўлмай тирик қолганларни ўша тошлар қувиб етиб уриб ўлдирган.

«ва улар золимлардан узоқ эмасдир».

Яъни, тошлар золим қавмларга жуда яқиндир. Золимлар у тошлардан қочиб қутула олмаслар.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳи ушбу тош билан ўлдирилганларни ҳужжат қилиб, Лут қавми амалини қилганларнинг ҳукми, олдин баланд жойдан улоқтириб, кейин тошбўрон қилишдир, деганлар.
Машҳур муҳаддислар Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимни Лут қавмининг амалини қилаётган ҳолда топсангиз, қилувчини ҳам, қилинувчини ҳам ўлдиринг», деганлар.

Шу ерга келганда Иброҳим алайҳиссалом, Лут алайҳиссалом ва у кишининг қавми қиссаси охирига етади. Бу қисса ҳам, аввалгиларига ўхшаб, ваъз-насиҳат ва ибратларга бой.
Шунингдек, унда осий, гуноҳкорларга эслатма, таҳдид бор.

Мулоҳаза қилсак, бу қиссада аввалги қиссаларга ўхшаб гап бевосита иймон ҳақида, Пайғамбар, унга келган илоҳий ваҳийни инкор қилиш ва унинг оқибатлари ҳақида бормайди. Балки, иймонсизлик туфайли жамиятда тарқаладиган ижтимоий касаллик ва унинг оқибатлари ҳақида айтилади.

Бу касалликлар ҳам иймонсизлик оқибатида, Аллоҳнинг амрига, Пайғамбарининг кўрсатмаларига юрмаслик оқибатида келиб чиқаётган эди. Аллоҳ таоло уларни хоҳлаган пайтда ҳалок қилиши мумкинлигини эслатиб қўймоқда.

манба: islom.uz

Read 2644 times

Мақолалар

Top