Мақолалар

Гуноҳи кабира – баччавозлик

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг улуғ китобида Лут алайҳиссалом қавми ҳақидаги қиссани бир неча ўринда эслатиб ўтган. Жумладан айтади: «Энди қачонки Бизнинг фармонимиз (яъни, азобимиз) келганида, у жойларни остин-устин қилиб юбордик ва уларнинг (кофирларнинг) устига Парвардигорингиз даргоҳида белгилаб қўйилган сопол тошларни пайдар-пай ёғдирдик. У жойлар бу золимлардан (Макка мушрикларидан) йироқ эмасдир» (Ҳуд сураси, 82–83).

Ислом умматининг золимлари ҳам уларнинг «ҳунари»ни такрорласалар, улар каби жазоланишлари ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган эдиларки: «Умматим хусусида қўрққан нарсаларимнинг энг қўрқинчлироғи Лут қавмининг амалидир» (Ибн Можа ривояти).

Бошқа бир ҳадиси шарифда эса: «Лут қавми амалини қилган кимсани Аллоҳ лаънатласин», деб уч бора такрорлаганлар (Ибн Ҳиббон ривояти).

Яна бир ҳадисда: «Лут қавми амалини қиладиган кимсаларни учратсангиз, қилувчини ҳам, қилдирувчини ҳам ўлдиринглар», дейилган (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Байҳақий ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтганлар: «Баччавозларни Лут қавми жазолагани сингари, қишлоқдаги энг баланд бинодан улоқтирилади. Сўнг устларидан тош ёғдирилади».

Аллоҳ таоло пайғамбари Лут алайҳиссаломнинг қавми билан мунозара қилгани ҳақида хабар бериб, шундай дейди: «Сизлар бутун оламлардан (ажраб – ҳеч бир жонзот қилмаган ишни қилиб, аёлларга уйланиш ўрнига) эркакларга яқинлашурмисизлар?! Ва Парвардигорингиз сизлар учун яратган жуфти ҳалолларингизни тарк қилурмисизлар?! Йўқ, сизлар ҳаддан ошгувчи қавмдирсизлар» (Шуаро сураси, 165–166).

Сизлар ҳеч бир жонзот қилмайдиган ишни қилиб, яъни аёлларни қўйиб эркакларга яқинлик қилиш билан инсонийлик чегарасидан чиқиб, ҳайвон даражасига тушиб қолдинглар. Ҳаттоки, ҳайвон ҳам бу ишдан жирканади. Сизлар ҳайвонлардан ҳам тубан, ярамас кимсаларсиз.

«...ва уни нопокликлар қилувчи бўлган қишлоқ (аҳли)дан нажот бердик. Дарҳақиқат, улар ёмон бузуқ қавм эдилар» (Анбиё сураси, 74).

Қишлоқларининг номи «Садум» бўлиб, улар Аллоҳ таоло Ўз китобида зикр қилганидек нопок ишлар билан машғул бўлардилар. Улар бутун мавжудотлар ичида ҳеч бир жонзот қилмаган ишни қилиб, эркакларнинг орқасига яқинлик қилар ва бошқа мункар ишларни амалга оширар эдилар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтган эканлар: «Ўнта хислат Лут қавми амалларидандир: сочни силлиқ қилиб тараш, тугмаларни қадамай юриш, ёнғоқ отиш, майда тош отиш, каптар учириб ўйнаш, бармоқлар билан ҳуштак чалиш, бўғимларни қирсиллатиш, изор (иштон)ни узун қилиб судраб юриш, устки кийимлар (чакмон)нинг орқасини кесиш, маст қилувчи ичимликлар ичишга муккасидан кетиш ва эркакларга яқинлик қилиш».

Ривоят қилишларича, тўрт тоифа одамлар Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган ҳолда тонг орттириб, Аллоҳнинг қаҳрини келтирган ҳолда кунни кеч қиладилар: Ўзларини эркакларга ўхшатувчи аёллар, ўзларини аёлларга ўхшатувчи эркаклар, ҳайвонга яқинлик қилувчи кимса ва эркакларга яқинлик қилувчи кимса.

Ривоят қилишларича, агар бир эркак бошқабир эркакнинг устига чиқса, Арш Аллоҳ таолонинг ғазабидан қўрққанидан титраб кетади. Осмонлар ҳам ерга қулаб тушишига бир баҳя қолади. Шунда фаришталар осмоннинг ҳар тарафидан тутиб: «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни охиригича ўқийдилар. Шундагина, Аллоҳ азза ва жалланинг ғазаби босилади.

Асарлардан бирида келганки, етти тоифа одамларга Аллоҳ қиёмат кунида қарамайди, уларни (гуноҳларидан) покламайди, бутун оламлар (барча мавжудотлар) билан бирга тўпламайди ва уларни дўзахга биринчилар қаторида киргизади. Агар тавба қилсалар, бу уқубатлардан халос бўладилар. Зеро, кимки тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади. (Улар: қўлига алоқа қилувчи ва қилдирувчи, маст қилувчи нарсаларга муккасидан кетган кимса, ота-онасига қўл кўтарувчи, ҳаттоки улар унинг дастидан дод дейдилар, қўшниларига озор берувчи, ҳаттоки уни одамлар лаънатлайдилар ва қўшнисининг хотини билан алоқа қилувчи кимса).

Ривоят қилишларича, қиёмат кунида бир тоифа одамлар зинодан қўллари ҳомиладор бўлган ҳолда тириладилар. Улар бу дунёда олатларини ўйнаган бўладилар.

Яна бир ривоятда келадики, қуйидагилар Лут алайҳиссалом қавми амалларидандир: нарда ўйнаш, каптар учириб мусобақа қилиш, ит уриштириш, қўчқор сузиштириш, хўроз уриштириш, ҳаммомга лунгисиз кириш, ўлчов ва тарозидан уриб қолиш. Бу ишлардан биронтасини қилган кимсага вайл бўлсин.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтган эканлар: «Агар баччавоз тавба қилмай ўлса, қабрда тўнғизга айланади».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Эркак ёки аёлнинг орқасига яқинлик қилган кимсага Аллоҳ азза ва жалла қарамайди» (Термизий, Насоий, Ибн Можа ривояти).

Абу Саид Саълукий айтган эканлар: «Яқинда бу умматда «баччавоз» деган қавм пайдо бўлади. Улар уч тоифа бўлиб, бир тоифаси қарайдиган, бошқа тоифаси қўл ушлайдиган, учинчи тоифаси мана шу ишни қиладиган бўлади».

Аёл ва ўспиринга шаҳват билан қараш ҳам зинодир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: «Одам фарзандига зинодан бўлган насибаси битилган бўлиб, у бу насибасига, шак-шубҳасиз етишгувчидир: икки кўзнинг зиноси – қараш, икки қулоқнинг зиноси – эшитиш, тилнинг зиноси – сўзлаш, қўлнинг зиноси – ушлаш, оёқнинг зиноси – юриб бориш, қалб – хоҳлайди, фарж эса буни тасдиқлайди ёки инкор этади» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Шу сабабли ҳам солиҳ зотлар ўспиринларга қараш, улар билан аралашиб юриш ва бирга ўтиришдан қаттиқ сақланганлар.

Ҳасан ибн Заквон айтганларки: «Бойларнинг болалари билан мажлис қурманглар (бирга ўтирманглар). Зеро, улар бокира кўринишга эга бўлиб, аёлларга қараганда фитнакорроқдирлар».

Тобеъинлардан бири айтган экан: «Менинг наздимда тақводор йигит учун йиртқич ҳайвондан кўра ёш ўспирин хатарлироқ». Баъзилар: «Эркак киши ўспирин билан ҳеч қачон бир жойда тунамасин», деган эканлар.

Айрим уламолар ўспиринларни аёлларга қиёс қилиб, улар билан уй, дўкон ёки ҳаммомда ҳоли қолишни ҳаром деб ҳисоблаганлар. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган эдиларки: «Биронтангиз маҳрами ҳозир бўлмаган аёл билан холи қолмангиз» (Муттафақун алайҳ).

Хабарлардан айтилишича, назар – зинонинг элчисидир.

Назар иблиснинг заҳарли пайконларидан бир пайкон бўлиб, кимки уни Аллоҳ учун тарк этса, унга шундай ибодатни берадики, у қалбида ибодат ҳаловатини туяди.

Ислом уммати қўли билан шу нопок ишни қилган кимса ҳам баччавоз, гуноҳкор бўлишига ижмоъ қилган.

 

Фасл

Холид ибн Валид чекка араб ерларида аёл сингари эрга тегадиган бир кишини учратганини Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга хабар қилди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу маслаҳатлашиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ашобларини тўпладилар. Шунда Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: «Бу гуноҳни фақатгина бир уммат содир этган. Аллоҳ уларни қандай жазолаганини ўзингиз яхши биласиз. Уни ёқиб юбориш керак, деб ўйлайман», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ашоблари бу фикрни маъқулладилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу уни ёқиб юборишни буюрдилар» (Байҳақий ривояти).

Али розияллоҳу анҳу айтган эканлар: «Кимки хоҳиш билан ўзига яқинлик қилишларига имкон берса, Аллоҳ унга аёллар шаҳватини ташлайди ва уни қабрида қиёмат кунигача тошбўрон қилиб ҳайдалган шайтонга айлантириб қўяди».

Ривоят қилишларича, Исо ибн Марям алайҳиссалом саёҳатлари давомида оловда куяётган бир кишини кўриб қолди. Исо алайҳиссалом сув олиб оловни ўчирмоқчи бўлганларида олов болага, киши эса оловга айланиб қолди. Бундан ҳайратланган Исо алайҳиссалом: «Эй Раббим, уларни дунёдаги ҳолига қайтар, токи уларга нима бўлганини сўраб олайин», деб дуо қилдилар. Аллоҳ таоло уларни тирилтирди. Улар бир киши ва бир бола экан.

Исо алайҳиссалом улардан: «Сизлар нима қилгансизлар?» деб сўраган эдилар, ҳалиги киши: «Эй Руҳуллоҳ, мен дунёда бу болага ошиқу беқарор бўлганман. Шаҳватим қўзиб, у билан бузуқлик қилганман. Иккимиз ҳам ўлганимиздан бери бир сафар бола оловга айланиб мени куйдиради, бир сафар мен оловга айланиб болани куйдираман. Қиёмат кунига қадар биз шундай азобланамиз», дея жавоб берди. Аллоҳнинг Ўзи азобига дучор бўлишимиздан сақласин. У зотдан афв ва офият ҳамда Ўзи рози бўладиган, яхши кўрадиган амалларга муваффақ этишини сўраймиз.

 

Фасл

Аёлнинг орқасига яқинлик қилиш ҳам баччавозлик ҳисобланиб, бу иш Аллоҳ ва Расули ҳаром қилган амаллардандир.

Аллоҳ азза ва жалла айтган: «Хотинларингиз сизлар учун экинзордир. Бас, экинзорингизга хоҳлаган ҳолатингизда яқинлашаверинг» (Бақара сураси, 223).

Яъни, хоҳласангиз олд тарафдан, хоҳласангиз орқа тарафдан, фақат бир ўринга – фаржга. Зеро, у зироатгоҳ, уруғлик ташлайдиган ўрин ҳисобланади. Орқа эса нажосат ўрнидир. Орқага яқинлик қилиш нопок, жирканчли ишдир.

Мазкур оятнинг нозил бўлиш сабаби қуйидагичадир: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларидаги яҳудийлар: «Агар эр хотинининг олдига орқа томонидан яқинлик қилса, бола ғилай бўлади», дейишар эди. Бу оят уларнинг даъволарини инкор қилиб тушган. «Хотинларингиз зироатгоҳингиздир. Бас, зироатгоҳингизга хоҳлаган ҳолатингизда яқинлашаверинг». Хоҳласа юз тубан ётиб, хоҳласа юз тубан ётмай, бироқ бу иш бир ўринга қилиниши лозим» (Муслим ривояти).

Бир ривоятда: «Орқага ва ҳайз кўраётганга яқинлик қилишдан сақланинглар», дейилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Хотинининг орқасига яқинлик қилган кимса малъундир», дедилар» (Абу Довуд ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аёлларнинг орқаларига яқинлик қиладиган кимсаларни Аллоҳ лаънатласин» (Табароний ривояти).

Кўпгина жоҳиллар бу гуноҳни содир этадилар. Бу уларнинг билимининг камлиги ва илмни тингламасликлари натижасидир. Шу сабабли ҳам, Абу Дардо розияллоҳу анҳу: «Олим ёки таълим олувчи ёки қулоқ солувчи ёхуд яхши кўрувчи бўл. Бешинчиси бўлма, акс ҳолда ҳалок бўласан», деганлар. Бу бешинчи билмайдиган, таълим олмайдиган, тингламайдиган ва амал қиладиганларни яхши кўрмайдиган кимсадир. Ҳар бир банда барча гуноҳу хатолари учун Аллоҳга тавба қилиши, илгари билмасдан қилган гуноҳларини афв этишини Аллоҳдан астойдил сўраши ва қолган умрининг офиятли бўлишини тилаши лозим. Эй Аллоҳим, биз Сендан дин ва дунёю охиратда афву офият тилаймиз. Албатта, Сен раҳмлиларнинг раҳмлироғидирсан.

 «Гуноҳи кабиралар» китобидан

Read 2513 times

Мақолалар

Top