Мақолалар

Даврий нашрларда: Ҳаё ва одоб юксак шарафдир

Алишер Навоий буюк шоир Низомий Ганжавий ва Хисрав Деҳлавийнинг шеърий анъанасини давом эттириб, “Хамса”ни ёзишда Ислом маърифати ва таълимотидан катта қувват ва маънавий куч олганини алоҳида эътироф этиш керак. Ҳазрат Навоий бобомиз ёшлигида Қуръони каримни ёд олиб, унинг теран маъно оламларига кириб боргани ва буни ўз шеъриятида акс эттиришда улкан бадиий кашфиётларга қўл урганига асло шубҳа йўқ.

“Ҳайратул аброр” достони исломий эътиқод, одоб-ахлоқ ва таълим билан шу қадар бойитилганки, унинг ҳар бир бобини ўзига хос маърифий сарчашма, дейиш мумкин. Бу достонни ўқиган ўқувчилар исломий маърифат ва одоб-ахлоқ сарчашмаларидан баҳраманд бўлиб, ўзига беқиёс ва бетакрор маънавий озуқа оладилар. Аввало, ҳазрат Навоий бобомиз инсон зотини улуғлаб, бу дунёнинг гултожи экани ва бошқа жонзотлардан ақл-заковати билан азизу мукаррамликка мушарраф этилганига алоҳида эътибор қаратади.

“Ҳайратул аброр” достони чинакам маърифий-ахлоқий асар сифатида ўқувчига Ислом маърифатидан маънавий сабоқлар улашади. Аллоҳни таниш, инсоннинг яратилиши, кўнгил, тавҳид, адаб, илм ва бошқа гўзал адаб ва хулқларга алоҳида боблар бағишлаб, уларни махсус шеърий таҳлиллар орқали моҳиятини тушунтириб беради. Алишер Навоий, аввало, инсоннинг табиат ва жамиятдаги ўрни ҳамда хизмати ҳақида тўхталар экан, бу масалага ечимни Қуръони каримдан қидиради ва унга юкланган масъулият ҳақида тафаккур қилишга ундайди:

Маърифатинг ким қила олмай сифат,
Қилдинг ани орифи ул маърифат.
Илмиға ҳар зотни хайл айладинг,
Зотиға оламни туфайл айладинг.

Инсон Холиқ Зотни таниса, жаҳолат ва гумроҳлик сари юз тутмайди. Ҳамма бало ва мусибатларнинг боши Аллоҳни танимаслик билан боғлиқ. Ҳазрат Навоий инсонни “олам ичидаги олам” деб улуғлайди, унинг мартабаси бошқа жонзот ва махлуқларникидан юқори эканини тушунтиради. Инсон одоб-ахлоқи билан ўзининг ҳақиқий мартаба-мақомига кўтарилар экан, бу неъматдан йироқ одам яхшиликлардан бебаҳра қолиши ва инсоний шарафдан бенасиб ҳолда дунёдан ўтишидан огоҳлантиради. Бироқ инсон кўрки ва зийнати ҳисобланган гўзал фазилат ва хулқлар шариатнинг ҳад-чегарасидан четга чиқмаса, янада гўзал маъно касб этади:

Ҳар неким ул шаръдин этиб удул,
Эрмас адаб, айласанг они қабул.

Мазкур достон чинакам тарбия қўлланмаси сифатида ҳаёт ҳақиқатини танишда ўзига хос бадиият маҳсулидир. Қолаверса, жоҳиллик ва нодонлик сабабли одамзот ўз умрини бой бериши, ато этилган неъматлар қадрига етмаслиги ва алалоқибат ношукр бандага айланиб қолиши, бунинг учун Яратган Зот ҳузурида бир куни жазога мустаҳиқ бўлиши ҳам таъсирчан баён этилгани бу асарнинг қадр-қимматини янада оширади.
Мазкур достоннинг 32-бобида жоҳу насаб, ҳаё ва адабни бир-бирига қиёслаб бундай дейилган:

Элга шараф ўлмади жоҳу насаб,
Лек шараф келди ҳаёву адаб.

Бу дунёнинг сир-синоати, жумбоқлари ва ғаройиблигига ақл кўзи билан қараган киши тўғри ечим топади ва маънавий поклик сари йўл тутади. Беодоб ва тарбиясиз инсон барака топмайди, азизу мукаррамлик шарафидан мосуво бўлади:

Бўлмас адабсиз кишилар аржуманд,
Паст этар ул хайлни чархи баланд.

Алишер Навоий биргина кулги ва ҳазил-мазах туфайли исломий одоб-ахлоқ меъёрларидан четга чиқиш оқибатини бадиий гўзал ташбеҳлар орқали чизиб берадики, ўқувчи уни ихлос билан ўқиса, бу ишдан тийилиши турган гап:

Тарки адабдин бири кулгу дурур,
Кулгу адаб таркига белгу дурур.
Қаҳқаҳадин кабк наво келтуруб,
Бошиға ул кулгу бало келтуруб.
Ғунча кулуб бўлди очилмоқ анга,
Етти очилмоғида сочилмоқ анга.
Барқни кулгу йиқибон тоғ аро,
Балки қилиб ер қуйи тупроқ аро.
Субҳки, бу шева писанд айлабон,
Меҳр ўти дуррини сипанд айлабон.
Кулгуки ўз ҳаддидин ўлди йироқ,
Йиғламоқ андин кўп эрур яхшироқ.

Ислом оламининг йирик адибларидан Абул Ҳасан Мовардий “Дунё ва дин одоби” китобида ҳазил-мутойиба ва кулгининг ҳадларига риоя қилмаслик ҳайбат ва виқорни кетказиб, енгилтак ва аҳмоқ кишиларнинг журъатини пайдо қилади”, дейди. Умар ибн Абдулазиз: “Ҳазил-мазахдан сақланинглар. Чунки у ўртага адоват соладиган аҳмоқликдир”, деб огоҳлантиради. Донишмандлардан бири: “Ҳазил-мазах бу сўкишдир. Унинг сўкишдан фарқи шуки, ҳазил-мазах қилувчи кулади, холос”, дейди. “Мансурул ҳикам” китобида: “Ҳазил-мазах олов ўтинни кул қилганидек, ҳайбатдан айиради”, дейилган.

Хулоса шуки, Алишер Навоий кулги ва ҳазил-мазах меъёридан ошса, яхшиликка олиб бормаслигини, аввало, ўз эгасининг хазонрез каби шамолда сочилишини, каклик каби овчига ўлжа бўлишини жонли ва ҳаётий мисоллар орқали чизиб кўрсатади. Бу эса ўқувчи қалбига таъсир этиб, ёқимсиз хулқини тузатишга ундайди. Ҳозирги кунда интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлар¬да беадаблик, шарм-ҳаё ва тарбиядан йироқ лавҳалар шу қадар кўпайиб бормоқдаки, уларни кўришга ё айтилган сўзларни эшитишга бет чидамайди. Алишер Навоий айтганидек, адабсиз ва уяти йўқ киши ҳеч қачон азизу мукаррам бўла олмайди. Афсуски, улар бу ўгитни яхши билмайди ёки билган ёхуд хабари бор бўлса ҳам, унинг мағзини чақиб олмаган. “Хамса” китоби Фарҳод ва Мажнуннинг ишқ-муҳаббатини тараннум этадиган ишқ-муҳаббат достони бўлиб қолмай, биринчи навбатда, улкан тарбия ва чиройли одоб берувчи улуғ китоб эканини асло унутмаслик зарур.

Бобомурод ЭРАЛИ,
Алишер Навоий номидаги
Адабиёт музейи тадқиқотчиси

“Ҳидоят” журналининг 2-сонидан олинди

Read 1804 times

Мақолалар

Top