Мақолалар

Мулла Бозор Охунд мақбараси ҳақида биласизми?

Халқимизнинг табаррук масканларидан бири бўлган Наманган шаҳридаги ушбу мажмуа бугунги кунга келиб гўзал масканга айланган, дея хабар бермоқда «Дунё» АА.

Наманганга ташриф буюрсангиз, Лаббайтоға даҳасида жойлашган Мулла Бозор Охунд ёдгорлиги ўзининг чиройи, нақшинкор безаклари ва бетакрор қурилиш архитектураси билан ўзига мафтун қилади.

Мулла Бозор Охунд ёдгорлик мажмуаси 3 қисмдан иборат: масжид, асосий бино (хонақоҳ ва зиёратгоҳга кириш) ва дарвозахона. Ҳовлида диаметри 10 метр бўлган ҳовуз бор. У аста-секин 8 та ўттиз сантиметрлик қадам бўйлаб пастга тушади. Унинг асоси темир-бетон панеллардан иборат бўлиб, деворлар ва асосий кириш эшиги ноёб фигурали дизайнда пишиқ ғиштдан қурилган.

Жоме масжиднинг асосий катта хонаси - хонақоҳи ертўлали, пишиқ ғишт ва темир-бетон панелдан қурилган. Ўлчами 30×24 метр. Сатҳи 720 квадрат метр. Уч томони айвон. Устунлар ва пештоқига миллий безаклар берилиб, пишиқ ғиштдан тикланган. Ўлчами 36×6 метр ва 24×6 метр, сатҳи 576 квадрат метр. Асосий дарвозадан киришда қибла томонда айвонга туташ ҳолда 16 метрли мезана - минора пишиқ ғиштдан безакли қилиб тикланган.

Мажмуага ташриф буюрган зиёратчилар ва сайёҳлар, улуғ донишманд ҳаёти ва фаолияти ҳақида маълумотлар олиш билан бирга моҳир усталар маҳоратидан баҳраманд бўлади.

Маълумот учун, Мулла Бозор Охунд 16-аср охирида Наманган шаҳрида таваллуд топган. У киши Наманган мадрасаларида илм олган. Ўз даврининг фиқҳ, ҳадис, тарих, география, илми-ҳисоб, адабиёт, руҳиятшунослик билимларини мукаммал эгаллаган. Шунингдек, туркий, арабий ва форсийда ижод қилган.

Илмга ташналик алломани Туркистоннинг илму фан марказларидан бири - Бухорога бошлаб борган. Талабалик йиллари ошпазга шогирд тушиб, тирикчилик ўтказган. Бухорода донишманд олим Мирзо Баҳодир Бухорий билан танишган, ундан таълим олган.

Кейинчалик Ўрта ва Яқин Шарқ мамлакатлари бўйлаб саёҳат қилган. Қошғарнинг Хўтан, Ёрканд шаҳарларида бўлган. Маълумотларга кўра, Мулла Бозор Охунд 1668 йил Наманганда вафот этган.

Муқаддам у кишининг қабри устида мақбара ва мадраса бунёд этилган. Ушбу иншоотлар ХХ асрнинг 30-йилларида бутунлай бузиб юборилган эди. 1993 йилда мақбарани меъморий мажмуа сифатида қайта тиклаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Қурилиш ишлари 1994 йилнинг 18 майида тугатилди. Уни Наманган бош меъмори Абдужаббор Абдуғаффоров бошчилигидаги ёш, иқтидорли меъмор Одилжон Қодиров амалга оширди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 2150 times

Мақолалар

Top