Мақолалар

Сирларни кўнглинг ичида сақлагин, чунки у икки тиш орасидан ўтса тарқалади

Навоий бир қанча ғазаллар ичига ҳам баъзи ҳадислар мазмунини жойлаб-жойлаб ўтадики, бундан у зотнинг ҳадис бобида ҳам аллома эканини англаймиз. Чунончи, ғазал охирида шоир бундай дейди:

9. Эй Навоий, Тенгри асрориға
тил маҳрам эмас,
Чок кўнглунг ичра тутким
«жоваз-ал-иснайни шоъ».

Яъни: “Эй Навоий Аллоҳ таолонинг билдирган, ато этган баъзи сирларига тил сирдош бўла олмайди. Шу боис бу сирларни чок бўлган кўнглинг ичида сақлагин, чунки икки тиш орасидан ўтса, бас, у сирлар тарқалади – фош бўлади”.

«Жоваз-ал-иснайни шоъ» ибораси бир муборак ҳадиси шарифнинг бир қисмидир; тўлиқ шакли: «Куллу сиррин жовазал-иснайни – шоъ» – “Ҳар қандай сир икки тиш орасидан ўтдими – бас, у ёйилади (фош бўлади)”.

Ҳазрат Навоий ҳадиснинг бир қисмини келтириш орқали илму маърифат аҳлига мурожаат қиладилар. Бу ҳадисдан бехабар киши мазкур байтнинг маъносини тўлиқ тушунмайди.

Шайх Аҳмад Хадравийя сўзи: «Дарвишлик иззатини пинҳон сақлагил».

Боязид Бистоми қуддиса сирруҳу сўзи: “Ориф улдурки, Ҳақдан бошқа нарсани кўрмас, ундан бошқа зотга мувофақат айламас. Ўз (маънавий) сирини бошқага сўзламас”

Ҳамдуни Қассор сўзи: «Ҳар кимки таҳқиқ аҳлидан бўлса, ҳеч кимсага ўз ҳолидан хабар бермас ва ҳеч кимсанинг сирини фош этмас. Ўз сирининг фош бўлмоғини истамаган киши бошқанинг ҳам сирини фош айламагай».

Ҳаким Термизий сўзи: «Эй фарзанд! Агар бутун маънавий сирларни сенга очмоқларини истасанг, Ҳақнинг сиррини халқдан пинҳон тутгил! Чунки подшоҳларнинг сирини сақлай олмайдиган киши сирдош бўлишга лойиқ кўрилмас!..»
(Мазкур ҳикматли сўзлар “Тазкират ул-авлиё” киобидан келтирилди.)

“Тазкират ул-авлиё”дан: “Зуннуни Мисрий – бало ва маломат йўлининг соликларидан эди. Тавҳид сирларида дақиқ назари ва комил равиши бор эди. Риёзат ва кароматлари кўп эди. Ўлгунича ҳеч кимса Зуннуннинг (маънавий) сирини билмади.) ...То вафот қилмагунича кимса унинг ҳолидан воқиф бўлмади. Чунки ўзини маънавий ҳоли ва валийлик мартабасини яширин тутар эди”.

“Тазкират ул-авлиё”дан: “Ҳаллож Мансур дорга осилиб қатл этилган кеча шайхлардан бири намоздан фориғ бўлгач, ҳотифдан бир овоз эшитди: «Биз Ҳалложга сиримиздан бир сир кўрсатдик. Уни фош айлади. Ҳар ким Султоннинг сирини фош этса, жазоси шудир!».

Хулоса шуки, тасаввуф йўлида юрувчи, тақво, тафаккур ва муроқаба билан яшовчи, тариқатнинг зикр ва аврод вазифаларин бажарувчи киши маънавий сирлардан холи бўлмайди. Лекин бу сирларни бировга очиш тариқат одобида мақбул кўрилмаган.

Бу ғазалнинг энг олий таянч нуқтаси: «Куллу сиррин жовазал-иснайни – шоъ» – “Ҳар қандай сир икки тиш орасидан ўтдими – бас, у ёйилади” деган ҳадиси шарифдир.

Ҳазрат Навоийнинг ижодини тўғри ва тўлиқ тушуниш учун ислом илму маърифатидан, тафсир ва ҳадис илмларидан, тасаввуф истилоҳлари луғатидан хабардор бўлиш зарур. Бу неъматлардан бехабар киши ҳам Навоий ижоди маънолари хазинасидан маълум миқдорда баҳраманд бўлиши, зоҳир маъноларини – ташқи маъноларини англаши мумкин. Лекин маънолардан тўлиқ баҳраманд бўлиши, руҳ, қалб ва вужуд ҳузур қилиши учун илму маърифатдан баҳраманд бўлиш зарур.

Ҳазрат Навоийнинг қандай улуғ маънавий олам, қандай мартаба соҳиби эканларини, бир сўз билан айтганда, ҳақиқий аллома ва авлиё зот эканларини ўшанда англаймиз.

Мирзо Кенжабек
“Навоий муҳаббати”
китобидан.

Read 1732 times

Мақолалар

Top