Мақолалар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларга Рамазон ойи келиши ҳақида хушхабар беришлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларини ҳам Рамазон ойи учун тайёргарлик кўришга ундар ва бу ишни Рамазон ойи рўзасининг хусусиятлари, унга бериладиган улкан савоблар ҳақидаги ҳадислар билан амалга оширар эдилар. Бунга далолат қиладиган ҳадислар кўп. Қуйида уларнинг айримлари билан танишамиз:
"Агар Рамазон ойи кириб келса, осмон эшиклари очилиб, жаҳаннам эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади"
Имом Бухорий ривояти.
“Рамазон ойининг илк кечаси кириб келганида, шайтонлар ва жинлар кишанланади, жаҳаннам эшиклари ёпилади, унинг бирорта эшиги очилмайди, жаннат эшиклари очилади, унинг бирорта эшиги ёпилмайди. Бир нидо қилувчи бундай нидо қилади: «Эй яхшилик истовчи! Кутиб ол! Эй ёмонлик истовчи! Ўзингни тий! Аллоҳ бу ойда бандаларни жаҳаннам оловидан озод қилади. Бу ҳар бир кечада бўлади”
Имом Термизий ривояти.
“Сизларга Аллоҳ таолонинг фарзи ва муборак ой — Рамазон келди. Унинг рўзасини тутинглар. Бу ойда осмон эшиклари очилиб, жаҳаннам эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади. Унда Аллоҳнинг минг ойдан яхшироқ бўлган бир кечаси бор. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, (ҳамма яхшиликлардан) маҳрум бўлади”
Насоий ривояти.
“Жаннатда “Райён” номли бир эшик бор. Ундан қиёмат куни рўзадорлардан бошқа ҳеч ким кирмайди. У кунда: “Рўзадорлар қаерда?" деб нидо қилинади. Шунда рўзадорлар ўринларидан турадилар. Улардан бошқа ҳеч ким Райён эшигидан кира олмайди. Рўзадорлар кириб бўлгач, эшик ёпилади, шундан кейин у эшикдан ҳеч ким кирмайди"
Имом Бухорий ривояти.
Бу улуғ суннатни тарғиб қилиш, бу чақириқ ва хушхабарларни овоза қилиш, одамларга Рамазон фазилати ва баракотини етказиш, бу ойда фурсатни ғанимат билиб, улкан савобларга эришиш ва барчани саодат сари чорлаш муносиб вазифамиз саналади. Мўмин-мусулмон бандалар Рамазон кириб келишидан қалбидан мамнуният туйиши Рамазонга алоҳида тайёргарлик кўришга, Рамазон ойидаги савоб ва ажрлардан тўлиқ истифода этишга, турли лаззат ва таомларга маҳлиё бўлмасдан, ибодатга кўпроқ эътибор қаратишга ундаши айни муддаодир. Афсуски, кўп инсонлар Рамазон кириб келганини билмай қолишади, рўза тутса-да, рўзанинг мақсадини тўлиқ англамайди. Шу боис Аллоҳ таолодан ҳидоят ва тўғри йўлдан адаштирмаслигини сўраймиз!

 

"Расуллуллоҳ Рамазонда" китобидан.

Read 1822 times

Мақолалар

Top