Мақолалар

ТАРОВИҲ НАМОЗИ ҚАНДАЙ АДО ЭТИЛАДИ?

Бугун, 12 апрел душанба куни Таровеҳ намозини ӯқиш бошланади.


Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Таровиҳ – истироҳат маъносидаги "тарвиҳа" сўзининг кўплигидир. Тўрт ракат ўқиб, ортидан дам олингани учун бу намоз шундай номланган.
Рамазон ойи фазилатларга бойдир. Унинг фазилатларидан бири ой давомида хуфтон намозидан кейин таровеҳ намози ўқишдир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам таровеҳ намози ҳақида шундай деганлар:
"إِنَّ اللهَ فَرَضَ صِيَامَ رَمَضَانَ وَسَنَنْتُ لَكُمْ قِيَامَهُ فَمَنْ صَامَهُ وَقَامَهُ إِيْمَاناً وَاحْتِسَابًا خَرَجَ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمٍ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ" (رواه الإِمامُ النسائى عن عَبْدِ الرَّحْمَنِ ابن عوف، رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ).
яъни: “Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини фарз қилди ва мен унинг қиёмини сизлар учун суннат қилдим. Кимки имон ва ишонч билан, савоб умидида рўза тутса ва кечалари қоим турса, онадан туғилган кунидагидек гуноҳлардан пок бўлади” (Имом Насоий ривоятлари).
Рамазоннинг кечаларида қоим бўлиш, деганда таровиҳ намозини адо этиш тушунилади. Демак, ихлос билан савоб умидида Рамазон рўзасини тутиб, таровиҳ намозларини ўқисак, Рамазон ойи тугаши билан онадан туғилган боладек гуноҳлардан фориғ бўламиз, иншааллоҳ.
Таровеҳ намозини ўқиш эркакларга ҳам, аёлларга ҳам таъкидланган суннатдир. Таровиҳни ёлғиз ўқиш мумкин, лекин жамоат бўлиб ўқилса, жамоатга ваъда қилинган ажру савобга эришилади. Икки киши ҳам жамоат ҳисобланади. Қанча жамоат кўп бўлса шунча савоби ҳам кўп бўлади.
Таровиҳ намозига азон ва такбир айтилмайди.
Таровиҳнинг ракатлари: Таровеҳ йигирма ракатдир. Ҳар икки ракатдан сўнг салом берилади. Тўрт ракатдан ўқиш ҳам жоиз. Ҳар тўрт ракат ўқилгандан сўнг тўрт ракат намоз ўқиладиган муддатча дам олиш мустаҳаб. Ушбу истироҳат пайтида тасбиҳ, таҳлил айтиш афзал. Бизнинг юртимизда қуйидагича тасбиҳни уч марта айтиш одат бўлган: Субҳаана зил мулки вал малакут. Субҳаана зил ъиззати вал ъазомати вал қудроти вал кибрияяяи вал жабарут. Субҳаанал маликил ҳаййиллази лаа янааму валаа ямуут. Суббуҳун қуддусун роббунаа ва роббул малааикати варруҳ. Лаа илааҳа иллаллоҳу настағфируллоҳ, насалукал жанната ва наъузу бика минан-наар.
Ушбу тасбиҳни бир киши ўқийди, қолганлар қулоқ солади. Тасбиҳни ёд олгунга қадар китобдан ўқиса ҳам бўлади. Юқоридаги тасбеҳнинг ўрнига киши ўзи билган дуоларини ўқиши ёки жим туриши ҳам мумкин.
Таровиҳнинг вақти – Хуфтон ва унинг суннатидан кейин бошланиб тонг отгунгачадир. Таровиҳни витрдан олдин ўқиш афзал. Витрдан кейин ўқиса ҳам жоиз. Ёлғиз намоз ўқигувчи киши Рамазонда ҳам витрни ёлғиз ўқиши мумкин.
Таровиҳнинг нияти – “Икки ракат таровеҳ намозини ўқишни ният қилдим, юзимни қиблага қаратдим, холисан лиллаҳи таоло Аллоҳу акбар”. Агар имомга иқтидо қиладиган бўлса, ниятга “ушбу имомга иқтидо қилдим” деган жумлани қўшади.
Таровиҳда қироат – Рамазон ойида Таровеҳ намози ўқиш давомида Қуръони каримни бир марта хатм қилиш суннатдир. Қуръони каримни тўла ёд олмаган киши ҳар ракатда “Фотиҳа” сурасидан сўнг ўзи яхши билган сурани ўқиши мумкин, ҳатто “Фотиҳа” сурасидан бошқа фақат битта сурани билган киши Таровиҳнинг ҳар ракатида шу сурани зам сура қилиши мумкин.
Таровиҳ намозини жамоат бўлиб ўқилса, имом овоз чиқариб қироат қилади. Унга иқтидо қилганлар қироат қилмасдан тинглаб туради. Таровиҳни ёлғиз ўқувчи эркак кишилар эса ихтиёрли, хоҳласа овоз чиқариб, хоҳласа овозсиз қироат қилади.
Витр намозини фақат Рамазон ойида жамоат бўлиб ўқилади. Бунда имом витрнинг ҳар уч ракатида жаҳрий қироат қилади. Қунут дуосини имом ҳам, муқтадийлар ҳам ичларида ўқийдилар (“Ал-Фатовол ҳиндийя” ва “Фатҳу бобил иноя” китоблари). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

Read 3031 times

Мақолалар

Top