Ҳар бир ишнинг ўз мавсуми бор. Шу мавсумда ўша қилинмаса, кўзланга мақсад қўлдан кетади. Деҳқон баҳорда экин экиб кузда мўл-кўл ҳосил олишни қасд қилади. Тижоратчи мавсумда сотиладиган товарларни сотиб қолиб кўп даромад кўтишни мақсад қилади. Талаба пухта ўқиб-ўрганиб имтиҳонга тайёргарлик кўради. Рамазон ойи ҳам мўмин кишининг охиратга захира қиладиган мавсумидир. Бу ойда ҳар қандай солиҳ амалга зиёда-зиёда ажр берилади. Лекин бу ойда қўлга киритиладиган энг катта фойда бу рамазон рўзасидир. Чунки рўзанинг савобини мисли йўқ. Унинг савоби ва мукофотини оламлар Роббиси Ўзи беради.
عن أبي هريرة رضي الله عنه أَنَّ رسولَ الله صلى الله عليه وسلّم قال:كُلُّ عَمَلِ ابْنِ آدَمَ يُضَاعَفُ الْحَسَنَةُ عَشْرُ أَمْثَالِهَا إِلَى سَبْعِمِائَةِ ضِعْفٍ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Инсон зотининг ҳар бир қилган солиҳ амалининг ажри зиёда қилиб берилади. Ҳар бир солиҳ амал ўн мислдан то етти юз баробаргача кўпайтириб берилади», дедилар».
عن أبي هريرة رضي الله عنه أَنَّ رسولَ الله صلى الله عليه وسلّم قال: «والذي نفسِي بيده لَخَلُوفِ فَمِ الصَّائمِ أطيبُ عند الله مِنْ رِيح المِسْك إنَّما يَذر شهوتَهُ وطعامَهُ وشرابَهُ مِنْ أَجْلي فالصيامُ لي وأنا أجزي به؛ كلُّ حسنةٍ بعشرِ أمثالها إلى سبعمائةِ ضَعف إلا الصيام فهو لي وأَنَا أجزي به»
Имом Моликни «Муватто» асарларида ҳам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : «Жоним қўлида бўлган зот ила қасамки, албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Аллоҳ азза ва жалла: У (Рўзадор) шаҳвати ва таомини Мен учун тарк қилур. Рўза Мен учундир. Унинг мукофотини Мен берурман. Ҳар бир солиҳ амалининг (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача зиёда қилинур. Фақат рўза эмас. Рўза Мен учундир. Унинг мукофотини Мен берурман», дедилар».
Бу ривоятда ҳадиси қудсий билан ҳадиси шариф аралаш ҳолда келмоқда.
Аллоҳ таоло номидан айтилган сўзлар ҳадиси қудсий ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номларидан айтилгани ҳадиси шарифдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган бу икки ҳадиснинг бирида ҳар бир яхши амалнинг савоби зиёда қилиниб, ўн мислдан то етти юз баробар савобгача берилиши айтилмоқда.
Имом Молик роҳимаҳуллоҳнинг «Муватто» асарларида келган ҳадисда эса рўза ажри кўпайтириб бериладиган амаллардан истисно қилиниб, унинг савоби етти юз баробар ажрга чекланмасдан балки унинг савоби ва мукофотини Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олмоқда. Чунки рўза Аллоҳ таоло учундир. Унга бирор бир ҳўжакўрсинлик, машҳурлик аралашмайди. Савобда тенги йўқ бўган рамазон рўзасини қўлдан бой бермайлик!
Абдулазиз Фурзулов,
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси
тайёрлади