Мақолалар

Рамазон ойи фазилатлари

Рамазон ҳар доим ойларнинг султони, саййиди, энг яхшиси бўлиб келган ва ҳамиша шундай бўлиб қолаверади.

Рамазон рўза, таровеҳ ва тиловат ойи бўлиб, унинг рўзасини тутиш фарз, таровеҳ намозини ўқиш суннат, Қуръони каримни хатм қилиш эса фазилатдир.

Рамазон шундай қадрли ва ғанимат ойдирки, унда тутилган рўза савобини бевосита Аллоҳ таолонинг Ўзи беради.

Рамазон ойида жаннат дарвозалари очилади, жаҳаннам қопқалари ёпилади, итоатсиз жин-шайтонлар занжирлар билан боғланади.

Рамазон гуноҳлар мағфират қилинадиган, раҳм-шафқат кўрсатиладиган ва дўзахдан озод қилинадиган ойдир.

Рамазон Аллоҳ ва Расулининг буйруқларини бажаришда, қайтариқларидан қайтишда ва синов-имтиҳонга учраганда сабр-тоқатли, чидамли бўлишни ўргатадиган ойдир.

Рамазон ўзаро бирдамлик, меҳрибонлик кўрсатиладиган, инсонлар бир-бирларининг хато-камчиликларини кечирадиган ойдир.

Рамазон хайрли ишларда ҳамкорлик қилинадиган, мусулмонлар бир-бирини қўллайдиган ойдир.

Рамазон тенглик ойи бўлиб, бу мавсумда қариялар зиёрат қилинади, беморлардан хабар олинади, муҳтожларга ёрдам берилади, мусибатзада инсонлардан кўнгил сўралади ва етимлар овутилиб, юпатилади.

Рамазон ютуқлар ойи бўлиб, улкан савоблар қўлга киритилади ҳамда нафс ва шайтонлар мағлуб этилади.

Рамазон ойида мусулмонларнинг Аллоҳ ҳузуридаги мартабалари юқори кўтарилади, хайрли ишларининг мукофотлари кўпайтирилади ва кичик гуноҳлари кечирилади.

Рамазон ойининг охирги ўн кунлигидаги тоқ кечалардан бирида Қадр кечаси яширилган бўлиб, у Қадр кечаси бўлмаган қамарий минг ойдан яхшироқдир. Ким ўша кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, кўп нарса йўқотибди.

Барчамизга Рамазон ойи муборак бўлсин. Рўзасини тутишда, таровеҳ намозларини ўқишда, Қуръони каримни хатм қилишда ва бошқа хайрли ишларни бажаришда Аллоҳ таоло муваффақиятлар ато этсин. Бу ишларни ихлос ила адо этиб тақво ҳосил қилган кишиларга хушхабар ёр бўлсин.

Абдул Азим Зиёуддин,
Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси

Read 1871 times

Мақолалар

Top