Мақолалар

Қўлларига асо, кўзларига нур бўлайлик

Рамазон ўйлари

Ота-онамиз хонадонимизни файз-баракага тўлдирувчи фаришталар, уйимизни ақлу заковат зиёси ила ёритувчи чироқлардир. Қаерда кексалар бўлса, ўша ерда хайру барака, меҳру оқибат устун бўлади. Хўш, сиз кекса ота-онангизнинг холидан хабар олдингизми? Уларнинг мушкулини осон қилиб, дуоларини олаяпсизми? Бу саволларга жавоб бериш ҳар биримизнинг виждоний бурчимиздир.

Асрлар давомида халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган ота-онага нисбатан ҳурмат-эҳтиромда бўлиш туйғуси энг эзгу фазилатларимиздан бири ҳисобланади. Албатта, бу туйғулар онгимизга мажбуран сингдирилмаган. Ёки атайлаб ўйлаб топилмаган. Бу бағри кенг ва саховатли ўзбек халқининг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ўлмас қадриятларидан биридир.

Қалбимизни ёритган офтоб

Тонг саҳардан бизни ишга кузатадиган ота-онамизнинг фарахбахш дуолари қалбимизни офтобдек ёритади. Кун бўйи куч-қувват, мадад бағишлаб туради. Сизни доимо интиқлик билан кутадиган, сизга суянадиган, суянч бўладиган, ташвишингиздан куйиниб, қувончингизга шерик бўладиган ота-онангизнинг борлиги қандай яхши. Зеро, фарзанд учун икки дунё саодати–ота-онасининг икки лаби орасидадир, дейилгани, Муҳаммад салаллоҳи алайҳи вассаламнинг “Агар Аллоҳ бўлмаганида умматларимга отага сиғинишни буюрардим”, деганлари ҳам бежиз эмас.

“Исро” сурасининг 23-24-оятларида “Раббинг, ёлғиз унинг ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар уларнинг(ота-онангизнинг) бириси ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб уф тортма, уларни жеркима. Уларга (доимо) яхши сўз айт! Улар учун меҳрибонлик билан, хорлик қанотни паст тут, хокисор бўл ва “Парвардигорим, мени гўдаклик чоғимдан тарбиялаб-ўстирганларидек, сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин”, деб ҳақларига дуо қил.

Бир куни Анушервон мажлис уюштириб йиғилганлардан сўрабди: “Гулларнинг орасида энг ширин ҳидлиси қайси?” Одоб хазинасини юрагига жойлаган бир йигит шундай жавоб қилибди:

– Ота-онаси тириклигида уларни хурсанд қиладиган, вафот этганларидан сўнг эса уларнинг номларини боқийлаштирадиган ҳаёт гули бўлмиш фарзанд!

“Зухри абад истасанг фаровон қилмоқ...”

Бир қадрдон укамиз Тошкентда яшайди ва ишлайди. Ота-онаси кичкина укаси билан қишлоқда туришарди. Онаси ўтган йили июль ойида вафот этганди. Отаси яқинда тўқсон ёшида қазо қилди, отахон 2018 йилнинг декабридан буён тўшакка михланиб ётганди. Ота-онаси билан бирга турадиган ўғли, келини ва набиралари қарияларнинг кўнглига қарадилар, уларни ҳеч оғринтиришмади. Улар шоирнинг қуйидаги сатрларидаги гапларга амал қилишди:

Отага тик боқма, иймонинг сақла,
Фарзандсан, сен доим бурчингни оқла.

Отага тик боқсанг, кун ўтиб бир кун,
Фарзандинг сенга тош отмоғи мумкин.

Яқинда укахоним билан суҳбатлашиб қолдик. У укаси, келини ва жиянидан миннатдор бўлиб шундай деди: “Биз оиламиз билан Тошкентдамиз, қишлоққа келганда ҳам меҳмондай келиб, ота-онамиздан хабар олиб кетардик. Отасига раҳмат келинимнинг, қайнота-қайнонасини оқ ювиб, оқ таради, иссиқ-совуғидан ҳар доим хабардор бўлиб турди, қарияларнинг инжиқликларига чидади. Унга биздан қайтмаса, Аллоҳдан қайтсин. Укам ҳам фарзандлик бурчини бекаму кўст адо этди.

Ҳамсуҳбатимнинг келини-ю укасидан миннатдор бўлиб айтган гапи ҳазрат Алишер Навоийнинг:

Иста ато йўлида фидо жон қилмоқ,
Қуллуқ анога ҳам улча имкон қилмоқ,

Зухри абад истасанг фаровон қилмоқ,
Бил они ато-аноға эҳсон қилмоқ, деган тўртлигини ёдимга туширди.

Дунёнинг ишларига ҳайрон қоласан, киши. Оилада фарзанд дунёга келганда, бола билан бирга ота-она учун ҳаёт мазмуни, қувонч ва севинч ҳам туғилади. Фарзандини не-не умид, не-не меҳнату машаққат билан вояга етказгунича ота-онанинг юзларига ажин, сочларига оқ тушади. Аммо бу заҳматларга жавобан фарзанд нима қилади? Юқорида таъкидлаганимиздек, ота-онасининг хизматида бўлиб, уларни бошига кўтариб юрган жаннати фарзандларга ҳар қанча раҳмат айтса арзийди. Аммо фарзанд ноқобил бўлса-чи?

Ватанга энг муносиб таъриф Имом Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий ривоят қилган ҳадисда:

– Ё Расулуллоҳ! – дедим, – кимга яхшилик қилай?

– Расулуллоҳ: “Онангга”, дедилар. “Яна кимга?” дедим.

“Онангга” дедилар. “Яна кимга?” деб эдим, “Онангга” дедилар. “Яна кимга?” деб эдим. “Отангга”, ундан кейин барча яқинларингга”, дедилар.

Она - ўз ҳаётини хавф остига қўйиб бизни йўқлик оламидан борлиқ дунёсига олиб ўтган муқаддас кўприк. Бизнинг биргина хушҳол жилмайишимиз учун бутун дунёсини фидо қилишга тайёр мўътабар зот. Она фарзанди бешиги бошида алла айтиб, тунларни тонгларга улайди. Алла – онанинг фарзандига дуоси, алла онанинг узун тунлар Худога қилган илтижоси. Она қалбидаги энг эзгу тилакларини айтиб, фарзандига камол, бахт ва соғлик тилаб Яратганга илтижо қилади.

Улуғ донишмандлар Ватанга муносиб таъриф излаганда уни Она сиймосига қиёс этганларида катта маъно мужассам. Дунёда “муқаддас” деган сўзга энг муносиб зот ҳам Онадир. Онани эъзозлаш – бизнинг миллатимиз, халқимиз учун олий қадрият даражасига кўтарилган фазилат. Она ҳар бир инсоннинг қалб гавҳари, нури дийдаси. Ҳаётда энг яқин суянч, сирдош, елкадош ҳам – Она.

Бошқа миллатларда ўғил-қиз вояга етдими, аксарият ҳолларда мустақил ҳаёт кечира бошлайди. Хоҳласа, кекса ота-онасидан хабар олади, хоҳламаса йўқ, уларга ғамхўрлик кўрсатиш борасида масъулият сезмайди. Шунинг учун қариб-қартайган, ўзгалар ёрдамига муҳтож бўлган ота-оналар кунларнинг бирида ҳаётдан кўз юмганини биров билиб, биров билмай қоладиган ҳоллар ҳам учраб туради.

Фарзанд катта ёки кичик бўлишидан қатъи назар, ота-онасининг хизматида бўлиши эса халқимизга хос гўзал фазилатлардан биридир. Ота-онанинг хизматида бўлиш ҳам бурч, ҳам ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим жиҳат саналади.

Меҳру мурувватга муштоқ муштипар

Биз глобаллашув даврида яшаяпмиз. Телевидение, интернет, ижтимоий тармоқлар ва хорижий фильмлар орқали айрим мамлакатларга хос, лекин биз учун мақбул бўлмаган одатлар, масалан, ота-онаси қариганида уларни эътиборсиз қолдириш, уларга нисбатан меҳрсизлик каби ҳолатлар ҳаётимизга кириб келмоқда. Шунинг учун ҳам Бош қомусимизнинг 66-моддасида “Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар”, деб қайд этилган. Эътибор бераяпсизми, фарзандлар зиммасига мажбурият юкланмоқда. Ваҳоланки, ота-онага ғамхўрлик – фарзандлар олдидаги бурч, дейилиши ҳам мумкин эди. Бироқ кимдир бу бурчни адо этади, кимдир йўқ. “Мажбурдирлар” дейилдими, демак, бажариш шарт. Бажарилмаса, жавобгарлик юзага келади.

Балки бу гапларни ёзиб ёки бу мавзуга тўхталиб ўтирмаслигим ҳам мумкин эди. Яқинда тўқсон ёшга яқинлашган бир онахонни йўқлаб боришимизга тўғри келди. Бир ўзи бир каталакдай хонада яшаяпти. Ҳамма нарсаси шу хонанинг ичида, унга яқин орада супурги тегмаган. Ўзлари ўқитувчиликдан пенсияга чиқиб, икки миллион сўмга яқин пенсия олар эканлар. Суриштирсам, уч ўғил, бир қизлари бор экан. Бир ўғли Россияда доимий яшайди, бирови ишлаш учун кетган. Бир ўғли билан қизи шу маҳаллада яшайди ва шу ердаги мактабда ишлашади. Лекин онаси ёлғиз яшайди. Хўп, ноқобил ўғли онасининг қадрига етмабдиям дейлик. Қизи-чи? Уям она-ку? Фарзанд тарбиялаяпти-ку. Қайтар дунё деган гап борлигини, онасига бемеҳрлиги эртага фарзандларидан қайтиши мумкинлигини наҳотки ўйламаса? Ваҳоланки, Аллоҳнинг бандаларига берган энг яхши неъмати – одамзотнинг бир-бирига бўлган меҳр-муҳаббатидир. Бу шундай инъомки, уни дунёдаги барча бойлик эвазига ҳам сотиб олиб бўлмайди. Аллоҳнинг бу инъомидан баҳраманд бўлиш ҳаммамизга насиб этсин.

Домла опа бизга на фарзандларидан, на набираларидан шикоят қилди. Ҳатто “Бир набирам Тошкентга қатнайди, пул бериб юбораман, ул-бул нарса олиб келиб беради”, деб уни мақтаб ҳам қўйди.

Ўшандан буён тўқсон ёшни қаршилаётган онахонни тақдир ҳукмига ташлаб қўйган фарзандлари эл олдида қандай бош кўтариб юришибди экан? Қариган ота-онанинг иссиқ-совуғидан хабар олмайдиган, соғ-бемор пайтида бошида парвона бўлмайдиган фарзандларни ким деб аташ мумкин? Шундай одат бизнинг миллий менталитетимизга тўғри келадими? Онахон фарзандлари-ю набираларини кўргиси, эркалатгиси, уларга меҳр бергиси ва меҳрини туйгиси келмайдими, деган тизгинсиз хаёллар мени қийнайди. Онахондан қўни-қўшнилари, шогирдлари хабар олиб туришаркан, ўғли эса ҳар доимда нон-пон олиб келиб ташлаб кетар экан. Қариганида иссиқ-совуғидан хабардор бўлинмаган қариянинг аҳволи не кечади?

Шуларни ўйлаб, менинг бу аёлга беихтиёр раҳмим келди. Нега? Кекса бўлганлиги учунми? Йўқ. Унинг учун эмас, аксинча, бу меҳрибончиликни фарзандларидан кўрмагани, яқинларидан излаган эътиборни бегоналардан топгани учун. Шу кунгача болам, набирам деб топганини уларга илинган онанинг бундай эътиборсизликка муносиб эмаслиги учун. Чунки ота-оналар меҳрни, аввало, ўз фарзандларидан кутадилар. Фарзандларининг айтган бир оғиз ширин сўзи, қилган кичик хизмати ота-онага чексиз қувонч бағишлайди. Зеро, шоира Нодира айтганидек, “Фарзанд меҳри аритар ғам зангини кўнгилдан”.

Абу Хурайра (р. а.)дан ривоят қилинишича, пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) шундай деганлар: “Уч кишининг дуоси шубҳасиз қабул қилинади: мазлумнинг, йўловчининг ва ота-онанинг фарзанди ҳақига қилган дуоси”.

Шундай экан, ота-онамиз тириклигида уларнинг дуосини олишимиз керак эмасми?

“Шараф тожи эрур оёғин гарди...”

Асаларилар оиласини кузатганмисиз? Улар онасини доимо ўртага олиб, тиллари билан ялаб-юлқаб, тозалаб юрадилар. Она ари бир лаҳза ҳам эътиборсиз қолдирилмайди. Демакки, она улар учун муқаддас. Агар она ари бўлмаса, асалари оиласи тўзғиб, тарқалиб кетиши ва ҳалок бўлиши муқаррар. Биз онгсиз деб ҳисоблайдиган шу жониворларнинг онасини эъзозлаши биз инсонлар учун ибрат намунаси эмасми?

Имом Термизий ривоят қилган бир ҳадиси шарифда пайғамбаримиз Муҳаммад (а. с. в.) бундай деган эканлар: “Ёш йигит кекса кишини ёши улуғлиги учун ҳурмат қилса, Аллоҳ таоло уни ҳам кексайганида ҳурмат қилинадиган инсонлар қаторига қўяди”. Кексайганда ҳурмат-иззат, меҳр-оқибат кўришни истаган одам, албатта, ёши улуғларни эъзозлайди. Зеро, “Қадр кўрсатган қадр топади” деган ҳикмат бежизга айтилмаган. Шундай экан, ота-онамизнинг асо тутган қўлларига асо, кўзларига нур, белларига қувват бўлайлик! Зеро, Абдураҳмон Жомий “Онангдан бош товлама, ошмасин дарди, шараф тожи эрур оёғин гарди” деганлари бежиз эмас.

Норбўта ҒОЗИЕВ,

ЎзА

Read 1983 times

Мақолалар

Top