Мақолалар

АЖДОДЛАРИМИЗГА МУНОСИБ БЎЛИШ — МУҚАДДАС БУРЧИМИЗ

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Юртимиз буюк алломалари, мутафаккирлари ҳамда азиз-авлиёлари билан шуҳрат қозонган. Уларнинг бой илмий-маънавий мероси, бетакрор кашфиётлари дунё илм-фани тараққиётига муносиб ҳисса қўшган. Президентимиз ташаббуси билан аждодларимиз меросини чуқур ўрганиш, қадамжоларни янада обод этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасида уламолар, нуронийлар билан бўлиб ўтган учра­шувда мўмин-мусулмонларни ва бутун Ўзбекистон халқини улуғ Рамазон ойи билан муборакбод этди.

Президентимиз буюк бобокалонимизга мос қадамжонинг янги лойиҳаси билан танишиш, мажмуада амалга оширилаётган ишларни кўздан кечириш жараёнида: Рамазон ойи — эзгу ниятлар ижобат бўладиган муқаддас ой. Бу қурилишни шу ойда бошлаётганимиз ҳам хайрли, хосиятли бўлади, қалбимизга таскин беради. Бу соҳада қилаётган ишларимиздан мақсад — исломга эътиқодимизни, аллома боболаримизга ҳурматимизни илм билан билдириш. Аждодларимизга муносиб бўлиш биз учун жуда катта бурч, дея таъкидлади.

Лойиҳага кўра, мажмуа таркибига кирувчи масжид ички саҳнининг ўзи икки минг квадрат метрдан ошади. Атрофидаги саҳнлар билан масжидда бир неча ўн минг мусулмон бир вақтнинг ўзида ибодат қилиши мумкин. Бу ерда симметрик тўртта мино­ра, баланд айвонлар, йўлдан кириб келишда хиёбон бунёд этилади. Кўп сонли зиёратчиларга замонавий қулайликлар яратиш учун 7 та меҳмонхона, 3 та автотураргоҳ ва автобекат, супермаркет, бозорча барпо этилади. Ошхоналар, ҳунармандчилик буюмлари растаси, ҳаммом, таҳоратхона, кушхона қурилиши ҳам белгиланган.

Президентимиз ташаббуси билан 2019 йилда бу ерда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Ҳадис илми мактаби ташкил этилган эди. Қурилажак янги мажмуа улар билан мутаносибликда улкан маҳобат касб этади. Энди бу ерда зиёратчилар учун ҳамма шароитлар яратилади.

Имом Бухорий мажмуасидаги қурилиш-ободонлаштириш ишлари жараёнида бобомиз мақбарасининг ҳозирги кўринишини сақлаб қолишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу пайтгача мақбара остидаги қабрни зиёрат қилиш имконияти йўқ эди. Янги лойиҳада қабр атрофи кенгайтирилиб, зиёратчилар учун ҳар томонлама қулайлик яратиш кўзда тутилган.

Қайд этилишича, мажмуада қурилиш ишлари жараёнида бу ердаги тарихий ҳовуз ва бир неча юз йиллик чинорларга зиён етказилмайди. Уларни асраб-авайлаш, ўз ҳолида сақлаш учун барча зарур чоралар кўрилади.

Имом Бухорий ҳазратлари муқаддас динимиз равнақига улкан ҳисса қўшган буюк муҳаддис. Ҳаёти давомида пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини тўплаб, уларнинг саҳиҳларини ажратиб, Қуръони каримдан кейинги иккинчи ишончли манба — “Саҳиҳи Бухорий” номи билан машҳур ҳадислар тўпламини тузган. Бугунги кунда ҳам мазкур асар бутун дунё мусулмон уммати учун ниҳоятда қадрли ва қимматлидир. Шу боис, улуғ аждодимизнинг бемисл хизматлари алоҳида қадрланади ва юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатилади.

Ҳазрати пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сўнгра қандай эшитган бўлса, ана шундай етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Манбаларда ёзилишича, Имом Бухорий ҳазратлари жуда оз ухлар, уйқудан ташқари пайтларида эса атрофдагилар у кишини ё устозлардан ҳадис эшитаётган ёхуд ёзиб олаётган, ўзлари шогирдларга ҳадис айтаётган ёки ёлғиз ўтириб, қўлда қалам билан жамлаган ҳадисларининг нодир жойларини қайд этиб ўтирган ҳолда кўрар эди.

Бу ҳақда олимнинг шогирди Ибн Абу Ҳотим бундай дейди: Бухорий билан сафарда бирга бўлиб, бир уйда тунашга тўғри келди. Ўшанда шунинг гувоҳи бўлдимки, у киши бир кечанинг ўзида ўн беш мартадан йигирма мартагача уйғониб, ҳар гал чақмоқ тошни ишлатиб чироғини ёқар, тўплаган ҳадисларининг саҳиҳларини ажратиб, белгилаб қўяр эди. Сўнг чироқни ўчириб, бошини ёстиққа қўяр эди.

Имом Бухорий ҳадис ёдлашда ўткир қобилият ҳамда зеҳнга эга бўлган. Ўзининг шоҳ асари бўлган “Жоме ус-саҳиҳ”ни таълиф қилиш олдидан жами олти юз минг, шундан юз минг саҳиҳ ва икки юз минг саҳиҳ бўлмаган ҳадисни ёд олганини зикр этган. Олим ҳадис илми равнақи йўлидаги буюк хизматлари учун “Имом уд-дунё” (“Дунё имоми”) мақомига мушарраф бўлган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Мужодала” сураси 11-оятида бундай марҳамат қилади: Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур.

Дарҳақиқат, улуғ аждодимиз Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳга бутун дунё ислом уммати “Амир ул-мўминин фил ҳадис” — “Ҳадис илмида мўминларнинг амири”, “Шайх ул-ислом” —“Мусулмонларнинг устози”, дея эҳтиром кўрсатадилар. Буюк мужтаҳид олим Имом Аҳмад ибн Ҳанбал “Хуросондан Муҳаммад ибн Исмоилдек киши чиқмаган”, деган.

Мусо ибн Ҳорун Ҳаммол “Менимча, ислом аҳли барчаси жамланиб, Муҳаммад ибн Исмоилга ўхшаш яна бир кишини етиштирмоқчи бўлишса, эплай олишмайди”, дея марҳамат қилган. Салим ибн Мужоҳид “Олтмиш йилдан бери Муҳаммад ибн Исмоилдан кўра фақиҳроқ, парҳезкорроқ ва дунёда зоҳидроқ одамни кўрмадим”, дея эътироф этган.

Демак, Имом Бухорий ҳазратларининг мероси инсониятнинг маънавий бойлигидир. Аллома асарлари эзгуликни, кишилар ўртасидаги меҳр-оқибат, дўстлик ва ҳамжиҳатликни тарғиб этади. Шу боис, бугун дунё миқёсида буюк муҳаддис тўплаган ҳадисларни ўрганишга алоҳида эътибор берилмоқда.

Ўзбекистон, Тожикистон ҳамда Афғонистон ўртасида диний-маърифий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш мақсадида жорий йилнинг 15 мартида Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий меросининг ўзига хос хусусиятлари мавзусида халқаро конференция ўтказилди. Унда мазкур давлатлардан етук уламолар, диний соҳа вакиллари иштирок этди. Тадбирда минтақамиз мамлакатларида азалдан ўрганиб келинаётган Имом Бухорий илмий меросининг мазмун-моҳиятини батафсил очиб бериш, ушбу мероснинг ўзига хос хусусиятларини баён этиш, афзалликлари ва тарбиявий аҳамиятини кенг ёритиш ҳамда халқларимиз, айниқса, ёш авлодни ёт ғоялардан ҳимоя қилиш каби масалалар муҳокама этилди.

Халқаро анжуманда сўзга чиққан Афғонистон Ислом Республикаси иршод, ҳаж ва вақф ишлари вазири Муҳаммад Қосим Ҳалимий: “Ўзбекистон шундай диёрки, Ер юзидаги ҳар бир мусулмон бу табаррук юртнинг зиёратига ошиқади. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг мақбарасини зиёрат қилдик. Бу табаррук жойда жуда катта ободонлаштириш ишлари олиб борилаётгани, қадамжолар янада обод этилаётгани бизни ғоят хушнуд этди. Буларнинг барчаси Президент жаноб Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатни янада обод, халқни янада фаровон қилиш, юксак билим ва салоҳиятли, ватанпарвар, миллий қадрият ҳамда анъаналарга, аждодларнинг бебаҳо меросига садоқатли авлодни камолга етказишдек эзгу орзу-умидлари рўёбига хизмат қилаётир. Ўзбекистон яна илм-фан марказига айланмоқда”, дея таъкидлади.

Мухтасар айтганда, Имом Бухорийнинг илмий мероси ислом маърифатини ўрганиш ва тарғиб этишда муҳим манбадир. Шундай экан, бобомизга эҳтиром сифатида қадамжоларини қайтадан бунёд этиш, ул зотнинг асарлари мазмун-моҳиятини очиб бериш, ўзига хос хусусиятларини баён этиш, айниқса, ёшларни улардан баҳраманд этиш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан биридир.

Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари
идораси раиси, муфтий
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси
2021 йил 21 апрель, №79 (335)
Read 1871 times

Мақолалар

Top