Мақолалар

РЎЗАДОР ЗОНТ ЮТИШИ МУМКИНМИ?

— Ошқозон касаллиги билан бемор бўлган кишига махсус мослама – зонт юттириш орқали ташхис қўйилади. Бунда зонт ютаётган бемор рўзадор бўлса унинг рўзаси бузиладими?

— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ошқозон текширув мосламаси (зонт) деганда – оғиз орқали ютилиб, бир учи ташқарида қолиб, иккинчи учи ошқозонга етиб борадиган тиббий қурилма тушунилади. Ушбу мосламадан асосан ошқозонни тасвирга олиш ва ундаги касалликка ташхис қўйиш учун фойдаланилади. Ташхис амалиёти тугаганидан сўнг мазкур мослама оғиз орқали қайта чиқариб олинади.

Бемор рўзадор ҳолида ошқозон текширув мосламаси (зонт)ни қуруқ ҳолида ютса, унга ёғ ёки бирор дори воситаси суртилмаган бўлса – бу унинг рўзасини бузмайди. Чунки ҳанафий мазҳабининг умумий қоидасига кўра қорин қисми(жавф)га кирган нарса у ерда ўрнашиб қолсагина рўзани бузади. Бу ҳақда Имом Косоний бундай дейдилар: “Ичкарига кирган нарсанинг ўша ерда ўрнашиб қолиши рўза бузилишининг шартидир” (“Бадойиъус Санойиъ”).

Фиқҳий манбаларимизда ушбу қоидага қуйидаги ҳолатни мисол қилиб келтирилган: “Агар бирор таомга ип боғлаб ҳалқумидан ўтказса (яъни ютса), ипнинг бошқа тарафи қўлида қолса, рўза очилмайди. Ип узилиб кетса рўза очилади” (“Баҳрур-роиқ”).

Демак, ошқозон текширув мосламасининг бир учи ташқарида қолиб, тўлиқ ичкарига кирмагани ҳамда ошқозонда ўрнашмагани сабабли рўзани очмайди.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, юқорида айтиб ўтилганидек зонт ютиш жараёнида унга ёғ ёки дори суртилмаган, қуруқ ҳолатда бўлиши лозим. Акс ҳолда рўза очилади. Воқеликда эса ёғ суртилмаган ҳолда зонт ютиш бемор учун катта машаққат туғдиради. Баъзан мослама учидаги тасвирга олиш қурилмасини ошқозонга сув юбориш орқали тозалаб туриш зарурати пайдо бўлади. Сувнинг ичкарига кириши билан шубҳасиз рўза бузилади.

Зонт орқали ошқозонни текшириш асносида юқоридаги каби ноқулайликлар келиб чиқадиган бўлса, бемор шариатнинг умумий рухсатидан фойдаланиб, ўша кунги рўзани Рамазондан кейин бир кун тутиб бериши мумкин.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Read 2222 times

Мақолалар

Top