Мақолалар

Рамазонда хайру садақа қилиш фазли

Энг Ғаний зот бўлган Аллоҳ таолога ҳамд ва санолар бўлсин. “Солиҳ киши учун солиҳ мол-давлат қандай ҳам яхши” деб марҳамат қилган муаллим Расулимизга саловат ва саломлар бўлсин.

Бир давр ёки макон шарафли бўлса, унга тобе бўлиб, ундаги солиҳ амаллар ҳам шарафли бўлади. Маккаи мукаррам-да қилинган ибодат бошқа жойларникидан афзал бўлгани, Жума кунида силаи раҳм алоқаларини қилиш фазилатлар саналгани каби. Шу жумладан, муаззам Рамазон ойи ҳам. Унинг юксак фазилати сабаб, унда бажариладиган хайрият, эҳсон, Қуръон тиловати, тунда қоим бўлиш каби ибодатларнинг ҳам Раббимиз наздида қиймати ошади. Ушбу муборак ойда берилган закот ва нафл садақаларнинг ҳам алоҳида хислати борлигига қуйидаги ҳадислар далолат қилади:

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Энг афзал садақа Рамазонда қилинган садақадир”.

Имом Аҳмад ва “Сунан” соҳибларининг баъзиларидан қилинган ривоятда: “Ким бир рўзадорга ифторлик берса, у учун у(рўзадор)нинг ажридан ҳеч нарса камаймаган ҳолатда бўлади (ёзилади)”, деганлар.

Албатта, ифторлик деганда фақатгина уйига одамларни йиғиб, уларга таом улашишнигина тушунмаслигимиз зарур. Рўзадор яқинларимиз, ёру биродар қўшниларимиз уйларига бирор егулик жўнатсак ёки чиқарсак ҳам, иншааллоҳ, мана шу ҳадисга дохил бўламиз.

Ўзаро алоқалар тикланадиган мана шундай мавсумда ҳамсояларимиз билан мустаҳкам алоқалар ўрнатиб олсак, йил бўйи ҳамжиҳатлик ва тотувликда яшашимиз гарови бўлади.

Таом улашишнинг фазли тўғрисида Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Албатта, Жаннатда шундай болохоналар борки, ташқариларидан ичлари, ичларидан ташқарилари кўринур”. У(саҳоба)лар: “Кимлар учун?” дейишди. У зот: “Каломни гўзал қилган, таом улашган, рўзада бардавом бўлган ва одамлар уйқудан бўлган пайт намоз ўқиган учун”, дедилар.

Ҳадис уламолари бу мукофот шу амалларнинг барчасини қилган одамга берилишини айтишган. Мулоҳаза қилиб кўрсак, бу ишларнинг барчасини Рамазон ойида бажаришнинг имкони бор экан. Аҳли оиламиз ва атрофимиздагиларга ширинзабон бўлсак, сахийлик ила таом едирсак, тунда бошқалар дам олаётганда туриб, таҳажжуд ва таровеҳ намозини ўқисак кифоя. Ваъда қилинган мукофотга Аллоҳнинг инояти ила эришамиз.

Абу Бакр Жобир Жазоирий айтади: “Рамазон ойида садақанинг ажри буюклигига ҳадисларда ворид бўлгандек иймон келтирган мўминлар ой бошида ўз қишлоқлари ё маҳаллаларининг масжидида жамланиб, маҳалладаги фақирларнинг ададини ҳисоблаб,  қишлоқ аҳлига битта битта ёки иккита иккита қилиб бириктириб берилиб, уларнинг саҳарлик ва ифторликлари ёки ифторларининг ўзини ўшалар ҳисобига юклаб қўйилса, жуда яхши тадбир бўлар, ўзлари учун кўп хайриятларни жалб қилиб, Набийларининг кўрсатмаларига амал қилган бўлишар эди. Шу ишни биз аввалгилардан бўлиб, дарсларимизга келадиган толиби илм дўстларимиз ёрдамида амалга оширдик. Жуда муваффақиятли иш бўлди. Қалбларда катта таъсир қолдирди. Алҳамдулиллаҳ.

Маҳалладаги ёши катта, сўзи ўтадиган нуронийларимиз ҳам шу каби тадбирларга бош бўлишса, янада кўп гўзал ишлар амалга ошар экан. Ҳам бир инсон ўз қўшнисига ифторлик пайти таом элтса жамиятда оч рўзадор қолмайди деб ўйлаймиз.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  айтдилар: “Ким бир рўзадорга таом ва шароб ила ҳалолдан ифторлик қилса, унга фаришталар Рамазон ойи соатларида саловат айтадилар ва Қадр кечасида унга Жаброил саловат айтади”.

Фақир ва мискинларнинг таъминоти бошқа пайтларда ҳам лозим бўлсада, бу мавсумда янада таъкидлироқ бўлади. Инсоний туйғуларнинг ўзи ҳам уларга яхшилик қилишга ундаганда, мусулмон инсон бу солиҳ амални қилишга энг кўп ҳақлидир. Ўзининг саодатини уларнинг саодатида кўриши керак. Фақирлар фақат кўчаларда тиланиб юрадиганлар деб ўйламайлик. Ҳақиргина касбнинг ортидан кун кечираётганлар қанча. Боқувчисини йўқотган бевалар қанча.

Келинг уларнинг кунларидан ҳам хабар олиб, Рамазон ойининг барча учун қувонч ва севинч ойи бўлиши сари қадам ташлайлик!

Аллоҳ таоло мана ойда қилинадиган барча ибодатларимиз, хусусан, хайру садақаларимиз, эҳсонларимизни қабул айласин. Уларни Қиёмат кунида соябон қилсин!

 

Ҳадис илми мактаби талабаси

Парпиев Саидмаҳмуд

Read 2257 times

Мақолалар

Top