Мақолалар

Муборак ой суҳбатлари (2-сон)

 

Бошловчи — Саидолим Турдибоев: Ассалому алайкум! Эътиборингизга “Муборак ой суҳбатлари” кўрсатувини ҳавола этмоқдамиз.

Бугунги меҳмонимиз Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасур домла Раупов бўлади. Ассалому алайкум, домла, кўрсатувимизга хуш келибсиз!

Дастуримизни Рамазондаги ниятлар хусусида бошласак. Ҳар кимнинг амали ниятига яраша бўлади, дейди. Умуман олганда, киши қандай ният қилиши лозим? Шу хусусда фикрлашсак.

Жасур Раупов, Тошкент вилояти бош имом-хатиби: — Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳу баракатуҳу. Муқаддас динимизда мусулмон киши ҳар доим яхши ниятда бўлиши, эзгу амалларни бажариши лозимлиги уқтирилади. Киши қандай эзгу ният қилса, унинг ижобати ҳам шунга яраша бўлади. Инсоннинг кўнглига бадният келиб қолса ва шу зоҳати унинг ҳаром эканлигини билиб, ниятидан қайтса, Аллоҳ таоло шунинг учун ҳам савоб ёзади.

Албатта, улуғ ойда турибмиз. Ушбу муқаддас ойда мўмин киши эзгу ниятлар қилиб, тоат-ибодатда бўлсалар, инша Аллоҳ, барчаси амалга ошгай. Уломалар Рамазоннинг рўзасини тўкис адо этган, тақвода қойим бўлган мусулмоннинг гуноҳлари тўкилиб, покланиб чиқади, онадан янги туғилгандай бўлади, деб айтганлар. Демак, барчамиз раҳмат ва мағфират ойида ниятларни яхши қилиб, Аллоҳдан гуноҳларимизнинг кечирилишини сўрасак, савобли ишларни кўпайтирсак улкан саодатга эришамиз.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига саҳобалардан бири келиб: “Ё, Расуллуллоҳ менга шундай бир амални ўргатинг, имоним зиёда бўлсин, жаннатга кирай”, дебди. Набий алайҳиссалом: “Аллоҳга тақво қилгин, Худодан қўрққин”, деб жавоб берибдилар. Ҳалиги саҳоба: “Бунинг ўзи кифоя қилмайди, яна бир икки нарса ўргатинг”, дебди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалам: “Қуръони каримни кўпроқ тиловат қил, у қалбга нур олиб киради, осмонда эса сенга захира бўлади”, дебдилар. Ҳақиқатан ҳам Қуръони каримни тиловат қилишлик инсон қалбини мунаввар қилиб, нурга тўлдиради. Бундай киши ниҳоятда ҳалим ва мушфиқ, силаи раҳмда бўладилар, уларнинг барча амали яхшиликлардан иборат бўлиб қолади. Шунингдек, Қуръони карим қиёматда ўз соҳибини шафоат қилади, дейди уламолар.

Киши, аввало, тақвони маҳкам ушлаши керак. Тақводар одам намозини тўкис ўқийди, рўзасини тутади, закотини беради, хуллас, шариатимиз талабларини бажаради. Бундай мўминларнинг бу дунёда ҳам, охиратда ҳам дарожатлари баланд бўларкан. Шу маънода, Рамазон ойида нафсни ва руҳни ёмонликлардан парҳез қилиб, ибодатларни кўпайтиришимиз лозим. Саҳобалардан бири келиб ҳазрати Умардан тақво нима, деб сўрабди. Шунда ҳазрати Умар чўлда кетаяпсан, оёқ ялангсан, тиконлар бор, улардан ўзингни эҳтиёт қилганинг сингари тақво ҳам гуноҳлардан, маъсиятлардан ҳимоя қилишингдир, деб жавоб берган эканлар.

Ибодатнинг турлари кўп. Рамазон ойида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сахийлиги янада жўшиб кетаркан, бошқа ойга қараганда кўпроқ саховат қиларканлар. Бу бежизга эмас, албатта. Ушбу ойда қилинган яхшиликлар, эҳсон ва ҳадялар учун бошқа ойдагига нисбатан етмиш баробар кўп савоб ёзиларкан. Зотан, олган қўлдан берган қўл устун, дейдилар. Шунинг учун муборак ойда, аввало, яқинларимизга меҳрибонликлар кўрсатиб, уларга ҳадялар улашишимиз, муҳтожларга кўмак беришимиз лозим.

Бошловчи: — Рамазон ғанимат. Имкон қадар унинг фазилатларидан, барокатидан унумли фойдаланиб қолиш керак. Рамазон фазилатларидан бири у мўмин кишининг нафсини, руҳини тарбия қилади, маънавий юксалишига ёрдам беради. Нафс тарбияси, яъни, саҳарлик ва ифторликда таомланиш одатлари ҳақида гапириб берсангиз?

Жасур домла Раупов: — Ким қирқ кун парҳезланса, ҳалол луқма билан таомланса, унинг ҳар бир гапини ҳикмат қилиб қўяркан. Албатта, бу улуғларимизнинг гапи. Афсуски, бугунги кунда баъзи бир ёшларимиз таровеҳдан кейин саҳарликни ош марказларида қилишмоқда. Сўнг кун бўйи ухлашмоқда. Аввало, тақво бўлиш лозим. Тўғри, инсон толиқади, дам олиш керак. Лекин фақат рўза тутиб тақвони, зикрни, саловатни эсдан чиқариб қўймаслигимиз керак. Рамазон ойи тақво билан гўзал.

Шунингдек, рўзадор одам ифторлик ва саҳарлик вақтларида тўйиб овқатланмаслиги динимизда ҳам, тиббиётда ҳам айтилган. Парҳез қилиш, меъёрни сақлаш керак.

Яна шуни ҳам айтиб ўтишимиз керакки, келинлар кун бўйи овқат тайёрлаётганидан баъзида шикоят қилиб қолишади. Юқорида айтганимиздек, Рамазон ҳамма нарсада парҳезни талаб қилади. Шунинг учун ифторлик ҳам, саҳарлик ҳам оддий, халфана бўлгани яхши. Ҳашамдорлик, ортиқча егуликлар исрофга сабаб бўлади. Исрофгарчилик эса кони зиёндир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмо билан оғиз очганлар. Ифторликдаям, саҳарликдаям асосий егуликлари хурмо бўлган. Демак, бизнинг дастурхонимиз ҳам мўътадил бўлиши керак.

Дастурхони хилма-хил ноз-неъматларга тўла биродарларимиз эса маҳалла-кўйдаги кўнгли ўксиклардан хабар олиб, уларга топган-тутганидан улашса нур устида нур бўларди. Чунки, Рамазон саховат, яхшилик ойи. Рамазонда бир йўқсилни таомлантириш улкан ажру савобга ноил қилади.

Ҳадисларда айтиладики, кимнинг ақли амир бўлиб, ҳавои нафси унга асир бўлса унга жаннат бўлсин. Аксинча, кимнинг ҳавои нафси амир бўлиб, ақли унга асир бўлса унга дўзах бўлсин. Кўриниб турибдики, нафсимизни жиловлаш бизга бу дунёда ҳам, охиратда фақат яхшилик олиб келаркан.

Бошловчи: — Киши оч юришининг саломатликка фойдалари ҳақидаям мулоҳазаларингизни айтиб ўтсангиз?

Жасур домла Раупов: — Кўп гуноҳлар қорин тўқлигидан келиб чиқади. Тўқлик нафсни турли иллатларга ундайди. Кўпроқ пул топишга, мол-мулк йиғишга илҳомлантиради. Рўза яна шуниси билан қадрлики, у инсонни тарбиялайди. Таомни камроқ ейишга ўргатади. Биз эса чегарадан чиқиб кетмоқдамиз.

Масжидларда ички ишлар ходимлари домлаларга айтаяпти, маърузаларда айтинглар, одамлар масжидга пиёда келишсин, мошинани майдонларга сиғдириб бўлмаяпти. Ҳақиқатан ҳам бир оилада уч-тўрт киши масжидга келса ҳаммасида биттадан мошина. Илтимос қиламиз, масжидга пиёда бориш афзалдир. Савоби кўпаяди, киши саломат бўлади.

Бошловчи: — Энди кўрсатувимизнинг иккинчи қисми ўтиб, мухлисларимиздан келаётган саволларга жавоб берсак.

 

— Ассалому алайкум. Рамазонда шайтонлар кишанланади, дейишади. Лекин бизнинг уйимизда тинчлик йўқ. Ойим билан дадам тортишадилар. Шундай улуғ кунларда, қўйинг, бундай қилманглар десам ҳам қулоқ солишмайди. Мен нима қилишим керак?

 

— Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ҳақиқатан ҳам Рамазонда жинлар ва шайтонларнинг каттаси, безорилари кишанланади. Лекин кичкина шайтонлар эркин бўлади. Эр-хотиннинг уришиши ҳам ўшаларнинг таъсиридадир. Улар бир нарсани билсинларки, шундай улуғ кунда тақво, ибодатда бўлсалар, рўзани тўкис адо этсалар ўзаро муносабатларига ҳеч нарса дахл қилолмайди. Аксинча, улуғ мукофотларга эришади, инша Аллоҳ.

 

— Рўзадор кишининг таомларидан айб топиш қанчалик ўринли? Турмуш ўртоғим мен пиширган овқатдан камчилик топаверади.

 

— Келинга сабр берсин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таом ёқмаса емаганлар. Унинг эрига таом ёқмаса емасин. Таом безиллаб тураркан, мендан айб топмасин, деб. Мусулмон одам овқатдан, ишдан камчилик қидиравермаслиги керак.

 

— Билиб-билмай ота-онамга кўп озор бериб қўяман. Спиртли ичимлик ичаман. Уйга кеч қайтаман. Гапиришса, жеркиб бераман. Тўғри, бу ҳақда уйлайман, лекин эртаси куни яна ичиб қўяман. Нима қилишни билмаяпман.

 

— Одамнинг шериги ким бўлса, шунга мойил бўлиб кетади. Яхшига яқин юрса — муродга етади, ёмонга яқин юрса — уятга қолади. Бу кишига насиҳатимиз яхши инсонга дўст бўлсин. Аҳли илмларнинг этагини тутсин.

 

— Ўзи пулга муҳтожу лекин қўлига пул тушса, шундан эҳсон қилса бўладими?

— Албатта, муҳтож бўла туриб эҳсон қилса савоби улуғ бўлади. Зотан, берувчи қўл олувчи қўлдан яхшироқдир.

 

— Кўзимга томчи дори томизаман. Бу рўзани очмайдими?

— Агар тамоққа кетса очади.

 

— Жигаримни ёғ босган. Ўт қопимда эгилиш, букилиш бор экан. Рўза тутсам бўладими?

— Агар сурункали касаллиги бўлса, тутмаган кунларига фидя беришлик вожиб.

 

— Ассалому алайкум. Киши қайси ҳолатларда рўза тутмайди. Шу тўғрида маълумот берсангиз?

 — Сурункали касаллиги бўлса, ҳомиладор, эмизикли ва ҳайз пайтида рўза тутмайди.

— Ёшларимиз охирги пайтларда енгил-елпи, анъаналаримизга зид хатти-ҳаракатлар билан сохта обрў топишга берилиб кетмоқда. Ёшлар тарбияси ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?

— Аввало, оилада, таълим муассасаларида таълим-тарбия масалаларини янада кучайтиришимиз лозим. Тарбияда ота-онанинг роли пасайиб бораётгандек назаримизда. Фарзандларимиз келажагига бефарқ қараб бўлмайди.

Ижтимоий тармоққа келадиган бўлсак, ушбу тизимнинг ҳам ўзига хос одоб-ахлоқ қоидалари бор. Ҳар ким бунга риоя қилишлари лозим. Ёшларимизга ҳаёни ўргатайлик. Ундан кўра, илм билан шуғулланган минг чандон яхши. Илмнинг мукофоти улуғдир.

Read 2026 times

Мақолалар

Top