Мақолалар

РАМАЗОНДА МИСВОК ИШЛАТИЛМАЙДИМИ?

 Рамазонда мисвок ишлатиш мумкинми?

— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Рамазонда ва бошқа кунларда рўзадор бўлинганда мисвок ишлатиш мумкин. Чунки мисвок ишлатиш ҳар бир намоз, балки ҳар бир таҳорат учун суннати муаккададир. Саҳиҳ ҳадисларда келганидек, мисвок оғизни покловчи, Парвардигорни рози қилувчидир. Уни рўза пайтида ҳам, рўзадан бошқа пайтда ҳам ишлатиш даркор. Рўзада ишлатиш рўзани бузмайди. Баъзи Шофиъий мазҳабидаги уламолар уламолар рўзадорнинг оғзидан келадиган ҳид Парвардигори олам учун мушки анбардан ҳам яхшироқ эканлиги ҳақидаги ҳадисга асосланиб, пешиндан сўнг мисвок ишлатмагани маъқул, дейишади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам рўза ҳолатларида мисвок ишлатишни асло тарк қилмаганлар. Жумладан, Имом Бухорий, Термизий ва Абу Довуд Омир розияллоҳуу анҳунинг гапларини келтирадилар: “Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни рўзадор ҳолларида мисвок қилаётганларини санаб-саноғига, ҳисоблаб-ҳисобига ета олмайдиган даражада кўп кўрганман”. Ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мисвок ишлатишни рўзадорнинг энг афзал хислати, деганлар.

Лекин, мисвок ишлатганда милклар қонаса, ёки оғизга мисвок таъми сезилса, уни ютиб юбориб бўлмайди. Рўза очилиб кетиши мумкин. Бунга диққат қилиш керак.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Read 2153 times

Мақолалар

Top