Мақолалар

Рамазоннинг сўнги кунларида нималарга эътибор бермоқ керак?!

От ҳам маррага оз қолганда кучлироқ чопа бошлайди. Чунки, маррани қайд этмаса, бошқа чавандозлар ундан ўзиб кетадилар. Натижада, унинг ҳаммадан олдин сўнги нуқтага яқинлашгани бесамар кетади. Зеро, амаллар хотималарига қараб баҳоланади.

Шунинг учун ҳам рамазоннинг охирги ўн кунлигига алоҳида эътибор қаратмоқ мақсадга мувофиқ ишдир.

Рўзани гўзал тарзда бошлаб, охирига келганда сусткашлик қилиш, мисолда келтирилганидек, илк бошда ҳамма рақибларидан ўзиб кетиб, маррага яқин қолганда ланжлик қилиш орқали ҳаммадан ортда қолган чавандозга ўхшайди.

Моҳи шариф ниҳоялаб борар экан қуйидаги уч нарсани эсдан чиқармаслик ғоят муҳим:

1. Ойни имкон қадар эҳсон, яхшилик, хайру саховат ва тоату ибодат билан тугатинг. Ана шунда рўза ичидаги камчилик ва нуқсонлар барҳам топади. Фитр садақасининг жорий этилиш ҳикматларидан бири ҳам шу аслида.

Закотни рамазон ичида бериш одати ҳам бу ойнинг зиёда баракотидан баҳраманд бўлиш истагидан келиб чиққан.

Доим қатнайдиган масжидингизда хатм якунига етган бўлиши мумкин. Аммо, модомки, рамазон ҳали давом этаётган экан, ой бошида қалбингизда алангаланган ихлос ва жидду жаҳд ўтини эрта ўчириб қўйманг. Токи, Рамазон жорий экан унинг қатларига яширинган илоҳий мукофотлар ўз эгаларини кутиб туради. Олган олиб қолади, қолган қолиб кетаверади.

2. Лайлату-л-Қадр ойнинг қолган қисмида бўлиши ҳам мумкин. Ҳеч ким "унга аниқ етишдим!", дея узил-кесил айта олмайди. Ҳеч ким рамазоннинг аввалги тунларини рисоладагидек қоим қилганлигини даъво қилолмайди. Орамиздан бирор кимсага "сен Қадрга етишдинг, у фалон туни бўлган эди. Энди, бемалол оёғингни узатиб, ухласанг ҳам бўлади", деган хабар келмаган.

3. Рамазоннинг сўнги кечасини алоҳида ҳимммат билан иҳё этиш, унда ўзгача иштиёқ билан Парвардигорга юзланиш ғоят фойдалидир. Бу эса 29 кеча билан ўттизинчи кечани қадрлаш билан амалга ошади. Аслида Рамазон жуфт ойлар сирасидан бўлиб, одатда ўттиз кунлик келади. Лекин, 29 кунлик бўлиб қолиши ҳам мумкин. Бу ҳолатда ўттизинчи кечани кутиб, аввалги кечаларда ибодатга киришмаган одам сўнги кеча фазилатини бой бериб қўяди.

Машҳур муаррих ва муҳаддис Абу Нуайм Асбаҳоний (Исфаҳоний) Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилиб келтирган ҳадиси шарифда айтилишича, рўзадорларга ойнинг охирги кечасида мағфират ато этилади. Саҳобалар: "ё Расулаллоҳ, бу Қадр туними, (шуни айтмоқдамисиз)?", деб сўрашганда Набий алайҳиссалом: "йўқ (бу қадр туни эмас, бошқа бир фазилатли тун), ишчи ўз иши ниҳоясига етганда ажрини тўлиқ ундиради-ку (бу ўшандай тун)?!", дедилар. Ушбу ҳадисни Суютий "ал-хасоис ал-кубро"да Асбаҳонийдан нақл қилиб келтирган.

Яна бир ривоятга кўра, Аллоҳ таоло бу ойнинг аввалидан охиригача бўлган муддатда нечта инсонни жаҳаннамдан озод қилган бўлса, рамазоннинг сўнги кечасининг ўзида яна шунча одамни озод этар экан. Ахир, биз билмаймиз, қайси кечасида дўзахдан озод қилинганимизни, ёки умуман озод қилинганмизми йўқми, ҳали билмаймиз.

Демак, фурсат ҳали олдинда.

Абдуллохон Холмирзаев,
Уйчи тумаин "Ахмад Яссавий" жоме
масжиди имом ноиби

Read 1972 times

Мақолалар

Top