Мақолалар

ШАВВОЛ ОЙИ РЎЗАСИНИНГ ФАЗИЛАТИ

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Аллоҳ таолога шукрларимиз бўлсинки, муборак Рамазон ойида Ўзининг буйруғига мувофиқ рўзаларни гўзал ҳолатда тутиб, ҳайит кунига ҳам етиб келдик. Аллоҳ таоло барчамизга бугунги Рамазон ҳайити кунини муборак ва қутлуғ айласин..

Рамазондан кейин бугундан бошланган Шаввол ойида ҳам олти кун рўза тутишлик ҳам суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал тавсиялари ва суннатларидир.

Шаввол ойида олти кун рўза тутиш ва унинг фазилати хусусида ҳадиси шарифда шундай дейилади:

عَنْ أَبي أَيُّوبَ الأَنصَاريِّ - رضي الله عنه - أَنَّ رَسُولَ الله  - صلى الله عليه وسلم -  قال: مَنْ صَامَ رَمَضَانَ ثُمَّ أَتبَعَهُ سِتًّا مِنْ شَوَّالَ كَانَ كَصِيَامِ الدَّهرِ؛ رواه مسلم.

Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазон рўзасини тутиб, сўнг унга Шаввол ойидан олти кун рўза қўшса, гўё бир йил рўза тутгандек бўлур», дедилар (Имом Муслим ривояти).

Мазкур ҳадиси муборакдан маълум бўладики, Рамазон рўзасини тутиб, Шаввол ойида ҳам олти кун рўза тутган мўмин инсон йил давомида рўзадор бўлганнинг ажру мукофотига сазовор бўлади.

Шу билан бирга, ҳадиси шарифда:

وعَنْ ثوبانَ - رضي الله عنه - أَنَّ رَسُولَ الله  - صلى الله عليه وسلم -  قَالَ: صِيامُ رَمَضَانَ بِعَشرَةِ أَشْهُر، وصِيَامُ السِّتَّةِ أيَّامٍ بِشَهرَينِ فذَلك صِيَامُ السَّنَة.
وفي رِوايةٍ: مَنْ صَامَ سِتَّةَ أيَّامٍ بَعْدَ الفِطْرِ كَانَ تَمامَ السَّنة ﴿ مَنْ جَاءَ بِالحَسَنَةِ فَلَهُ عَشْرُ أَمْثَالِهَا ﴾ رواهُ أحمدُ وابنُ ماجه.

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазон рўзаси ўн ой рўзага тўғри келса, Шавволнинг олти куни икки ойга тўғри келади, натижада бу бир йил рўза бўлади”, дедилар. Бошқа ривоятда: “Ким фитрдан кейин олти кун рўза тутса, бир йил тўла рўза бўлади”, деб, (Ким бир яхшиликни амалга оширса, унга ўша яхшиликнинг ўн баробари бўлур («Анъом» сураси, 160-оят), деб зикр қилинган (Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривояти).

Бундан маълум бўладики, Рамазон рўзасини тўлиқ бир ой тутганга 10 ой, яъни, 300 кун рўза тутганнинг савоби берилади. Шаввол ойидан олти кун рўза тутганга эса, унинг ўн баробари олтмиш кун яъни, икки ой рўзадор бўлганнинг савоби берилади. Умумий маънода эса, мусулмон киши 36 кун тутган рўзаси учун йил давомида рўзадор бўлганнинг ажри-савобига эришади.

Шаввол ойининг олти кунлик рўзаси фарз намозларига тобе бўлган суннат намозлар кабидир. Ушбу суннатлар фарзлардаги эҳтимолли камчиликларни тўлдирганидек, Шаввол ойи рўзаси ҳам Рамазон ойи рўзасининг айрим хато ва камчиликларининг тўлдирувчисидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Шаввол ойи рўзасини тутганлар ва саҳобаи киромларга ҳамда улар орқали биз умматларга ҳам тавсия этганлар. Шавволдаги олти кунлик рўзани Рамазон ҳайитидан кейин орқама-орқа тутишлик кўп фазилатли иш экани таъкидланади. Шу билан бирга, бу олти кунлик рўзани Шаввол ойининг бошқа кунларида ҳам тутса жоиз бўлади. Қазо бўлган рўзаларни ушбу кунларда тутиш билан ҳам мазкур ажру савобларга эришилади, иншааллоҳ.

Юқоридагилардан оладиган фойдаларимиз:

  • Шаввол ойида олти кун рўза тутиш фазилати катта амал. Ҳар йили Рамазон рўзасига Шаввол ойи рўзасини ҳам қўшиб тутиб юришлик, умрбод рўза тутганнинг савобларига эриштиради.
  • Бирга ўн баробар ажр бериш Буюк Роббимизнинг биз бандаларига раҳматидир.
  • Шаввол ойи рўзасини кетма-кет тутиш мустаҳабдир. Савобли аммалларда мусобақа қилишга буюрилганмиз. Шундан келиб чиқиб, Шаввол ойида бошқа иш билан банд бўлиб қолмаслик ва бу кунларнинг рўзасини қолдирмаслик учун ҳар ким ғайрат қилиши лозимдир.
  • Мазкур кунлардаги рўзани Шаввол ойининг ҳоҳ аввалида, ҳоҳ ўртасида ҳоҳ охирида узлуксиз тутиш мумкин. Ёки Шаввол ойи давомида кун оралатиб тутиш ҳам дурустдир. Аллоҳ таоло банданинг ушбу амалини қабул этса, иншааллоҳ ваъда қилинган ажрга сазовор этади.
  • Шаввол ойида рўза тутмоқчи бўлганлар аввал Рамазондан қолган қазосини тутади, кейин эса, олти кунлик рўзани тутади. Чунки ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким рамазон рўзасини (тўла) тутиб, ...», деганлар.
  • Бундан Рамазоннинг қазоси зиммасида бўлганларга ўша қазосини адо этмагунча рўза тутди, дейишлик тўғри бўлмаслиги маълум бўлади. Чунки суннат ва мустаҳаб амални бажариш, зиммадаги фарз-вожибнинг қазосини адо этишдан кейин туради.

Шуни ҳам унитмаслигимиз лозимки, биз мусулмонларга Рамазон ҳайити куни, Қурбон ҳайити куни ва ташриқ кунлари – зулҳижжа ойининг 11-12 ва 13- кунлари (яъни, Қурбон ҳайитининг 2-3- ва 4-кунлари)да рўза тутмаслик буюрилгандир.

 

Манбалар асосида Акмалхон Аҳмедов тайёрлади

Read 3783 times
Tagged under

Мақолалар

Top