Мақолалар

МАЪНАВИЙ ЮКСАЛИШ ПОЙДЕВОРИ

Сирдарё ва Амударё бўйларида қадим-қадимдан деҳқончилик, чорвачилик, ҳунармандчилик тараққий топган, илм-маърифат ривожланган. Ўзбек халқи ушбу катта минтақадаги қардошлари билан биргаликда ислом дини, маданияти, маънавияти ҳамда маърифати равнақига алоҳида таъсир кўрсатган.

Исломий қадриятлар негизида шаклланган оилавий муҳит, ўзига хос урф-одатлар минтақа халқларининг табиатига сингиб кетган. Айни шу жиҳат улкан маданий силжишга, дунё тамаддунига беқиёс улуш қўша олиш имконияти юзага келишига туртки берган.

Жаҳолатни енгган Уйғониш

Ислом маданияти, маънавияти бу ўлкага кириб келганидан сўнг, кўп ўтмай ўзининг сара меваларини бера бошлади. Шу боис дунёнинг аксарият дин уламолари ислом дини, гарчи Арабистонда қарор топган бўлса-да, у ўзбек заминидан қувват олганини якдиллик билан эътироф этади.

Бунинг исботи сифатида икки Шарқ Ренессансини келтириш жоиздир. Бу буюк уйғониш даврлари жаҳолат тўсиқлари оша унга маданий-маънавий муҳитни ҳадя этди. Бугунги тараққиёт ва юксалишни, илм-фан ривожини, имон-эътиқод мустаҳкамлигини ўзбек заминида юз берган ана шу беқиёс ҳодисалар билан боғлашлари ҳам бежиз эмас.

Бугун янги Ўзбекистон ўзини ўша икки буюк тарихий бурилишнинг вориси сифатида намоён этмоқда — Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида учинчи Ренессанс сари бориш тараддудида. Кейинги йилларда мамлакатда барча соҳада жадал олиб борилаётган ислоҳотлар, юксалиш ва бунёдкорликлар бунга мустаҳкам пойдевор яратмоқда.

Янги Ўзбекистон бундай ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий янгиланишларни айнан маданий-маърифий заминга суянган ҳолда ҳаётга татбиқ этмоқда. Худди дастлабки икки Шарк Ренессансининг асосларида ҳам ислом динининг маданий-маърифий муҳити, очиқ дунёвий қарашлари, илм-фанга даъвати ястангани сингари.

IX — XII асрлар оралиғидаги биринчи Шарқ уйғониши даврида Марказий Осиё минтақасидан етишиб чиққан олим ва мутафаккирлар ҳозирги илм-фан тараққиётининг асл ўзагини ташкил қилган соҳаларда беқиёс ютуқларни қўлга киритдиларки, уларнинг ёзган асарлари, илгари сурган ғоялари кейинчалик бутун дунёни забт этди, янги-янги меваларни бера бошлади.

Буюк қомусий олим Муҳаммад ал-Хоразмий ҳинд-араб саноқ тизимини жорий этиб, “ноль” рақамини ҳисобга киритди. “Алгебра” атамаси унинг “Китоб мухтасар мин ҳисоб ал-жабр вал-муқобала” китоби орқали келиб чиқди, аслида “алгоритм” сўзи ҳам олим исмининг лотин тилидаги талаффузидан олинган. Абу Райҳон Беруний биринчи бўлиб Европа ва Осиё ташқарисида яна бошқа бир номаълум қитъа бор, деган тахминни илгари сурди ҳамда Ер айланаси узунлигини юксак аниқлик билан ўлчади (унинг ҳисоби замонавий олимларнинг ҳисобидан атиги 200 милча фарқ қилади).

Ғарбда “Авиценна” номи билан машҳур бўлган Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари” асари лотин тилига таржима қилиниб, Европада бир неча асрлар давомида тиббиёт муассасаларининг асосий дарсликларидан бўлиб келган. Имом Бухорий “муҳаддислар султони”, ҳадис илмида “мўминлар амири” унвонлари билан шарафланиб, набавий ҳадисларнинг саҳиҳларини ажратиб, улардан Қуръони каримдан кейинги иккинчи ишончли манба саналмиш “Саҳиҳи Бухорий” тўпламини тузди. Булар ва яна жуда кўплаб Марказий осиёлик олиму уламоларнинг асарлари маълум бир мамлакат, минтақа ёки қитъа ҳудудидагина эмас, балки бутун Ер юзида юксак маданий силжишларга сабаб бўлган. Бу эса, ўз навбатида, бутун ислом оламида фахр-ифтихор туйғуларини уйғотади.

Илм юксакликка кўтаради

Таъкидлаганимиздек, бундай уйғонишларнинг илдизи ислом маданияти ва маънавияти билан чамбарчас боғлиқ. Буни Маъмун академиясида камолга етган Ибн Сино, Мусо ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, ибн Ироқ, Абу Саҳал Масиҳий каби юзлаб алломаларнинг ўзлари ҳам тан олишган эди.

Илк Уйғониш даврининг мевалари зое кетмади. Улар ҳазрати Алининг “Илм пастда турганларни юқори даражага кўтаради. Билимсизлик эса тепада турганларни пастга туширади. Илм мол-давлатдан устундир, чунки бойликни сен асрайсан. Илм эса сени асрайди”, деган сўзлари замиридаги ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлади.

Ёшлик чоғларидан муқаддас ислом дини руҳида тарбияланиб, Қуръони карим, ҳадиси шарифларни севиб мутолаа қилган Мавлоно Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”, Маҳмуд Шабустарийнинг “Гулшани роз” асарлари ҳам муқаддас динимиздан озуқа олиб яратилган. Шарафиддин Али Яздий, шунингдек, Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома”лари, Давлатшоҳ Самарқандийнинг “Тазкират уш-шуаро”, Абдураззоқ Самарқандийнинг “Матлаи саъдайн” каби асарлари темурийлар даврида вужудга келган буюк уйғониш — иккинчи Шарқ Ренессансининг дастлабки дурдоналари сифатида дунё юзини кўрди.

Улуғ сўфийлардан тарбия олиб, буюк соҳибқиронлик рутбасига етган Амир Темур ислом уламолари, олимлар, маърифатпарварлар ҳамда ҳунармандларга алоҳида эътибор қаратди. Мўғуллар вайрон қилган шаҳарлар, кенту қишлоқлар, суғориш тармоқларини, экинзору боғларни, кўп тармоқли савдо ва карвон йўлларини кайта тиклади. У Самарқандни ўз салтанатининг пойтахтига айлантириб, бу ерга дунёнинг турли минтақаларидан олим, уламо, шоир, муаррих, уста, ҳунармандларни чорлаб, ҳомийлик қилди. Темурийлар Уйғониш даврида ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий жабҳалар ислом дини қоидалари асосида ривожланди. Буюк Ипак йўлининг қайта тикланиши баробарида, савдо-сотиқ, пул муносабатлари тартибга солинди, олтин ҳамда кумуш тангалар зарб этилди.

Сўз ва амал бирлиги

Ўзбекистонда энди-энди мустақиллик шабадалари эса бошлаган кезлардаёқ Қуръони карим маъноси Шайх Алоуддин Мансур томонидан ўзбек тилига ўгирилиб, нашр этилгани собиқ шўро республикаларидаги мусулмонлар учун ҳам ибрат бўлди.

Каминага айтишларига қараганда, ўшанда бу муқаддас китоб юз минглаб нусхаларда нашр этилиб, уни одамлар қўлма-қўл мутолаа қилишар экан. Инсон оч қолганда нонга муҳтож бўлгани каби маънавий эҳтиёжини қондириш учун ўз эътиқодига суяниб, ўз китобини излайди. Ўзбек халқининг эътиқоди мустаҳкамлиги, қон-қонига ислом динининг қадриятлари сингиб кетганлигини муқаддас китобни кўз ёш билан кутиб олгани мисолида яққол кўриш мумкин эди.

Шу ўринда бир нарсани қайд этиб ўтишни истардикки, динда ҳам, замонавий илмда ҳам сўз ва амал бирлигига юксак қадрият сифатида қаралади. Гарчи ўзбек халқи маълум бир даврларда муқаддас динимизнинг бош китобидан, ҳадиси шарифлардан мосуво қилиб қўйилган эса-да, ўз ҳаёт тарзи, амали, тўғрисўзлиги, адолатлилиги билан исломга садоқатини амалда исботлади. Биргина мисол: Иккинчи жаҳон уруши йилларида жанг бўлаётган жойлардан келтирилган болаларни бағрига олди, ўз фарзандидек кўриб, ювиб-таради, тарбиялади. Зеро, Яратганга эътиқод инсонга меҳр билан намоён бўлади.

Ўшанда Ўзбекистонда оддий меҳнаткашлардан тортиб, илм ва санъат аҳли, маориф ҳамда маданият ходимлари — барчаси якдил бўлиб, Ватанни душмандан халос этмоққа бел боғлаган эди. Халқ руҳидаги муқаддас исломий қадриятлар ватанпарварликка йўғрилиб кетганди. Бу савобли ишлардан Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идораси ҳам четда тургани йўқ.

Динимиз моҳиятининг тўғри талқини

Бугун Ўзбекистонда дин аҳлига, илм аҳлига юксак эътибор кўрсатилмоқда. Биринчи ва иккинчи Шарқ Ренессанси даврида уйғонган ислом маърифати, ислом маънавияти, қадриятлари Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида юксалиш босқичига кўтарилмоқда. Бу ҳол иқтисодий ҳамда ижтимоий, маънавий ҳаётнинг барча соҳасини қамраб олаётир. Мислсиз бу ўзгаришларга ҳамоҳанг ислом динига эътибор тобора кучайиб бормоқда.

Тошкентда, 1971 йилда муҳаддислар султони Имом Бухорий ҳазратларининг 1225 йиллик таваллуди муносабати билан Тошкент ислом олий ўқув юрти ташкил этилиб, 1974 йили унга Имом Бухорий номи берилган. Унда Кавказорти, Шимолий Кавказ, Озарбайжон, Сибирь ҳамда бошқа жойлардан ҳам талабалар келиб ўқишарди. Камина ҳам бу муқаддас даргоҳда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Усмонхон Алимов (Ўзбекистон), Аҳмад Қодиров (Россия Федерациясининг Чеченистон Республикаси), Исмоил Бердиев (Россия Федерациясининг Қорачой-Черкес Республикаси), Оллоҳшукур Пошшозода (Озарбайжон) билан бирга таҳсил олганимдан фахрланаман. Чуқур илоҳий билимларга эга ўзбек уламолари бу ерда бизга Қуръони карим қироати ва тафсири, фиқҳ, ҳадис илми, араб тили ҳамда шу каби мутахассислик фанларини зўр иштиёқ билан ўргатишган.

Ҳатто атеизм ҳукм сурган собиқ шўролар тузуми даврида ҳам биз шогирдлар ислом динининг тарғиботи, ташвиқоти билан мунтазам шуғулланардик. Муқаддас китобларни ўз она тилимизга таржима қилиб, масжидлар қурилишига саъй-ҳаракат қилардик. Йиллар давомида ислом динидан узиб қўйилган халқларга унинг мазмун-моҳиятини тўғри тушунтира олиш нечоғли қийин кечганини тасаввур этишнинг ўзи ҳам мушкул. Аммо буни Ўзбекистонда таълим-таҳсил олган уламолар шараф билан уддалашди. Исломнинг ҳозирги тараққиёти шу маънода ҳам юртингизда ислом динига азалдан эътибор бериб келинганидан ҳар қанча миннатдор бўлса арзийди.

Ўша мураккаб даврда Ўзбекистонда таҳсил олган турли миллатга мансуб дин пешволари исломнинг мазмун-моҳиятини тўғри англатиш йўлида катта куч-ғайрат билан фаолият олиб боришди. Камина ҳам Аллоҳнинг инояти билан ана шу сафда бўлганман.

Мана, бугунги кунда ўша саъй-ҳаракатлар ўз натижасини бериб, ёшлар орасидан ҳам кўплаб иқтидорли уламолар етишиб чиқмоқда. Ўзбекистонда эса бунга давлат аҳамияти даражасида қаралаётгани таҳсинга лойиқдир.

Жаҳон минбарида янграган юксак баҳо

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган 72-сессиясида сўзлаган нутқида ислом динининг дунё миқёсидаги ўрнига юксак баҳо берди ҳамда “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюцияни қабул килиш ташаббусини илгари сурди.

Таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистонда ушбу йўналишда аниқ мақсадга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Тошкентда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилди. Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган “Жаҳолатга қарши — маърифат” ғояси илмнинг ҳамма учун очиқлигини таъминлаш, дин масаласидаги жаҳолатга барҳам беришни кўзда тутади. Ўйлаймизки, бундай ёндашув учинчи Ренессанс пойдеворига қўйилган дастлабки асосдир.

Шу йилнинг 10 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Россия марказий диний идораси ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича онлайн йиғилиш ўтказдик. Камина бу мулоқотда бугунги мураккаб даврда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ҳар жиҳатдан муҳим экани, минтақаларда сохта салафийлик, акидапарастлик, экстремизм ҳамда терроризм каби таҳдидлар кучайган бир вақтда уламоларнинг иттифоқлиги зарур экани ҳақида сўзладим. Россия Федерацияси, МДҲ ва Марказий Осиё минтақаларида меҳнат қилаётган уламоларнинг аксарияти илм-маърифатни Ўзбекистон заминида эгаллагани йиғилиш давомида алоҳида эътироф этилди.

Эндиликда диний таълим дастурларини мувофиқлаштириш, зиёрат туризмини йўлга қўйиш, меҳнат мигрантлари билан ишлашда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш олдимиздаги муҳим вазифалардир.

Сўзим якунида айтмокчиманки, дин йўли — ҳақ йўлдир. Кейинги пайтда Ўзбекистонда бутун дунё мусулмонларига ибрат бўлгулик ишлар амалга оширилмоқда. Инша Аллоҳ, бу эзгу саъй-ҳаракатлар ўзининг барокатли самараларини беражак.

 

Шайх Талъат ТОЖИДДИН,

Россия марказий диний идораси раиси, муфтий.

Манба: “Халқ сўзи” газетаси

2021 йил 19 май, № 104 (7884)

Read 1756 times

Мақолалар

Top