Мақолалар

Қудс – икки қибланинг биринчиси, уч ҳарамнинг бири

Қудс, бу – икки қибланинг биринчиси, учта ҳарамнинг биттаси, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг тунда сайр (исро) қилган ерлари. Ушбу калима поклик, беғуборлик ва шарафлиликни англатади. Зеро, асрлар оша муқаддас шаҳар, пайғамбарларнинг ватани сифтида улуғланган, Аллоҳ таоло Қуръоннинг бир нечта ўрнида муборак ва муқаддас дея васф қилган макондир. Иброҳим алайҳиссалом ҳақида: “Унга ҳамда Лутга нажот бериб, (уларни) Биз барча оламлар учун муборак қилган ер (Шом)га (юбордик)” (Анбиё, 71), Сулаймон алайҳиссалом ҳақида: “Сулаймонга эса бўронли шамолни (бўйин сундириб), унинг амри билан Биз муборак қилган замин (Шом) сари эсадиган (қилиб қўйдик). Биз барча нарсани билувчидирмиз” (Анбиё, 81), Мусо алайҳиссаломнинг тилларидан: “Эй, қавмим! Аллоҳ сизлар учун битиб (ёзиб) қўйган муқаддас ер (Байтул-Мақдис)га кирингиз ва ортингизга қайтиб кетмангизки, зиён кўрувчиларга айланиб қолурсиз” (Моида, 21), Пайғамбар алайҳиссаломнинг исро воқеалари ҳақида: “(Ўз) бандаси (Муҳаммад)ни, унга мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжиди Ҳаромдан (Қудсдаги) Биз атрофини баракотли қилган Масжиди Ақсога тунда сайр қилдирган зотга тасбеҳ айтилур. Дарҳақиқат, У Самеъ (эшитувчи) ва Басир (кўрувчи)дир” (Исро,1), дея зикр этилган.
Қудс, бу пайғамбарликнинг бешиги, Аллоҳнинг расуллари чиққан, Аллоҳнинг барча пайғамбарлари кирган, бирор бир пайғамбар йўқки у ерда имомлик қилмаган бўлса, сўнги пайғамбар Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам Исро кечасида барча пайғамбарларга намозда имомлик қилган муборак жой.
Масжидул Ақсо замон нуқтаи назаридан Масжидул Ҳаром билан баробардир. Абу Зар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши Расулуллоҳдан: Ё Расулуллоҳ! Қайси масжид биричи қурилган? – деб сўрадилар. Масжидул Ҳаром, - деб жавоб бердилар. Сўнгра қайси? - деб сўрадилар. Масжидул Ақсо, - деб жавоб бердилар. Уларнинг ораси қанча бўлган? – деб сўради. Қирқ йил, дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: “Фақат учта масжидгагина қасд қилиб борилади: Масжидул ҳаромга, масжидуннабавийга ва масжидул Ақсога” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Қудс, ер юзидаги энг қадимий шаҳарлардан. Унинг пайдо бўлиши мелоддан олдинги беш мингинчи йилга бориб тақалади. Ўтган давр мобайнида ушбу шаҳар ўн саккиз марта вайрон қилиниб, қайта тикланган. Қудсга араб жазирасида юзага келган Ябусий араблари асос солганлар. Шаҳарни барпо қилишгач, унга Салом (тинчлик) шаҳри деб ном берганлар.
Муаррихларнинг фикрича, Қудснинг туб аҳолиси асл Канъонийлар саналади. Уларнинг тиллари ҳам канъоний тили бўлган. Бобилнинг фатҳидан сўнг уларга форс тили ҳам расмий тил сифатида қўшилган.
Масжидул Ақсо Аллоҳ таолога ибодат қилиш учун ер юзида бино қилинган Масжидул Ҳаромдан кейинги масжид саналади. Шунинг учун ҳам ўтган пайғамбарларнинг ҳаммалари у ерда намоз ўқишга қайта қайта борганлар. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтадилар: Байтул Мақдисни пайғамбарлар бино қилганлар, у ерда бирор қарич ер йўқки, бирорта пайғамбар сажда қилмаган ёки фаришта қадам босмаган бўлса (Ал-унсул ҳалил битарихил қудс валхалил).
Масжидул Ақсони бино қилингани ҳақида сўз кетганда уламолар ва муаррихлар аввал бошда уни ким бино қилганлиги ҳақида ихтилофга бериладилар. Баъзилар, иккала масжидни (Масжидул Ҳаром ва Масжидул Ақсони) Одам алайҳиссалом бино қилганлар, дейдилар. Ушбу фикрни аллома Ибнул Жавзий айтганлар ва Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ буни қувватлаганлар. Бунга Ибн Ҳишомнинг Тийжон китобида келтирган ривоятини далил қилганлар. Унда айтилишича: Одам алайҳиссалом Каъбани бино қилиб бўлганларидан кейин Аллоҳ таоло у кишига Байтул Мақдис томонга боришга ва уни бино қилишга амр этди. Одам алайҳиссалом уни бино қилдилар ва унда ибодат қилдилар. Ушбу гап энг кучли гапдур, деганлар Ибн Ҳажар “Фатҳул борий”да. Шунга биноан, демак Масжидул Ақсога асос солган зот Одам алайҳиссалом ёки у кишининг бирорта ўғилларидир. Чунки, бу икки масжиднинг бино қилиниши орасидаги муддат бор йўғи қирқ йил фақат.

Иккинчи тоифа уламоларнинг гапига кўра, Масжидул ақсога асос солган зот Иброҳим алайҳиссаломдир. Маълумки, Масжидул Ҳаромни бино қилган зот Иброҳим алайҳиссалом эканлиги борасида Қуръони каримда далил бор. Демак, Каъбани қурганлиги оят билан собит бўлган экан, Масжидул Ақсони ҳам бино қилганлиги эҳтимоли юқоридир. Чунки, бу икки масжиднинг қурилиш даври бир бирига жуда яқиндир. Ушбу фикрни Шайх Ибн Таймия ўзининг Фатволар тўпламида қўллаб: Масжидул Ақсода Иброҳим алайҳиссалом давридан бошлаб барча пайғамбарлар намоз ўқишган, Масжидул Ақсо Иброҳим алайҳиссалом давридан мавжуд, деган.
Дарҳақиқат, барча пайғамбарларнинг дини Ислом, гарчи уларнинг шариатлари турлича бўлсада, уларнинг барчасига имон келтирмагунча кишининг имони комил бўлмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилган: “Пайғамбар (Муҳаммад) ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага (оятларга) имон келтирди ва мўминлар ҳам. (Уларнинг) ҳар бири Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига бирортасини ажратмасдан (ҳаммасига) имон келтирди” (Бақара, 285).
Қудс, мусулмонларнинг икки қибласидан биринчиси бўлиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар Мадинаи Мунавварада туриб ўн олти ой давомида унга юзланиб намоз ўқиганлар. Ниҳоят, қибланинг Масжидул Ҳаром томонга ўзгарганлиги ҳақидаги оят тушди: “Гоҳо юзингизни (ваҳий кутиб) осмон бўйлаб ўгириб туришингизни кўраяпмиз. (Хотиржам бўлинг) Сизни ўзингиз рози бўладиган қиблага (Каъбага) юзингизни ўгиртирамиз. Юзингизни Масжиди Ҳаром (Каъба) томонга буринг! (Эй, мўминлар, сизлар ҳам) қаерда бўлсангиз, юзларингизни ўша тарафга бурингиз!” (Бақара, 144).
Қибланинг Масжидул Ақсодан Масжидул Ҳаромга ўзгариши Қудснинг исломий муқаддасотлар қаторидан чиқаргани йўқ, ҳали ҳануз икки қибланинг биринчиси ва учта ҳарамнинг бири қаторида улуғланади. Зеро, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: “Масжидул Ҳаромда ўқилган битта намоз юз мингта намозга, менинг масжидимда ўқилган битта намоз мингта намозга ва Байтул Мақдисда ўқилган битта намоз беш юзта намозга тенгдир” (Мажмаъуз завоид).


https://t.me/tuhur

Ҳомиджон Ишматбеков,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари

Read 2489 times
Tagged under

Мақолалар

Top