Мақолалар

АФВ — ИНСОНПАРВАРЛИКНИНГ ЮКСАК НАМУНАСИ

Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида одамларни рози қилиш, адашганни тўғри йўлга бошлаш, йиқилганни суяш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири этиб белгиланган.

Ана шу улуғвор тамойил асосида, қолаверса, халқимизга хос инсонпарварлик, кечиримлилик ва бағрикенглик қадриятларини эътиборга олган ҳолда, ҳаётда билиб-билмай хато қилган, жиноят кўчасига кириб қолган инсонларга мурувват кўрсатилмоқда, уларни тўғри йўлга қайтариш, жамият учун фойдали шахсга айлантиришнинг самарали чоралари кўрилмоқда. Афв институти мазкур сиёсатни рўёбга чиқаришнинг самарали механизмига айланди.

Қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган, озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган бир гуруҳ фуқароларнинг Рамазон ҳайити арафасида Президент фармони билан афв этилиши ҳам ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг амалдаги ифодаси ҳамда қанчадан-қанча инсонларга, уларнинг оиласи ва яқинларига давлатимиз раҳбаридан ҳақиқий байрам совғаси бўлди.

Афв этилганлар ўз уйларига кириб борар экан, уларнинг яқинлари, айниқса, фарзандлари кўзларидаги чексиз қувончни ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайди. Аслида, афв этишдан кўзланган мақсад хато қилганни фақат кечириш эмас, балки уларнинг оилаларига ҳам рўшнолик олиб киришдир.

Мазкур афвнинг ўзига хослиги шундаки, ҳар бир хонадонда хурсандчилик, шукроналик ҳукм сураётган бугунгидек байрамона кунларда афв этилганлар ҳам ўз оиласи, яқинлари бағрида том маънода байрам шукуҳини ҳис қилади. Асосийси — ибратли сабоқ, яхши якун, қайта хато қилмаслик.

Муборак рамазон ойида амалга оширилган яна бир хайрли тадбир — “Меҳр-5” операцияси ҳам алоҳида эътирофга муносиб. Зеро, 93 нафар аёл ва ёш боланинг можароли ҳудудлардан юртимизга қайтариб олиб келингани том маънода Президентимизнинг сиёсий иродаси ва инсонпарварликнинг юксак намунаси бўлди.

Ушбу инсонларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши учун қилинаётган бундай хайрли ишлар эзгуликнинг олий намунаси эканини таъкидлаш лозим. Афв этилган фуқаролар билан тизимли мулоқотлар қилиш, муаммоларини ҳал этиш, саволларига тўлақонли жавоб бериш уларнинг жамиятга тез мослашиши ва ўз ўрнини топишида жуда муҳим омил ҳисобланади. Шу сабабли Дин ишлари бўйича қўмита томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда мазкур йўналишда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Илк афв эълон қилинган кундан бошлаб, афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топиши учун уларга кўмак бериш бўйича аниқ ва мақсадли механизм шакллантирилган. Тизимли тадбирларнинг ижобий самараси ўлароқ, уларнинг аксарияти ҳаётда ўз ўрнини топди: тадбиркорлик, тикувчилик, чорвачилик, деҳқончилик ва бошқа фойдали машғулотлар билан шуғулланмоқда. Ҳожилик мақомидаги юртдошларимиз ҳам афв этилган ватандошларимизнинг ижтимоий мослашувига яқиндан ёрдам бераётганларини қайд этиш керак.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимизнинг афв этиш тўғрисидаги фармони қанчадан-қанча кўнгилларга шодлик, оилаларга ҳаловат ва рўшнолик улашди. Бу чинакам инсонпарварлик намунаси, юксак бағрикенглик ифодасидир. Зеро, афв институтининг моҳиятида ҳам ана шу улуғвор ғоя мужассам.

Содиқ ТОШБОЕВ,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Дин ишлари бўйича қўмита раиси
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси
2021 йил 25 май, № 104 (360)
Read 1949 times

Мақолалар

Top