Мақолалар

Рамазондан сўнг нима қиламан? (бешинчи мақола)

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Хайрия амалларига нафақа қилиш ва фақирларга ёрдамлашиш

Рамазон ойида хайрия амалларини бажаришни одат қилган мусулмон бу хайрли ишларини Рамазондан сўнг ҳам давом эттириши лозим бўлади. Ўз молининг маълум қисмини имкон қадар муҳтож ва фақирларни қўллашга сарфлайди. Бу сабабли бойлар ва камбағаллар орасида улфатчилик ва меҳр-оқибат кенг тарқалади. Ҳар бир мусулмон билиши лозимки албатта, Аллоҳ таоло бу сарфланган маблағни унинг саломатлиги ва фарзандлари ҳамда молларида ўрнини тўлдиради. Бу борада Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Аллоҳ йўлида молларини инфоқ-эҳсон қиладиган кишиларнинг мисоли худди ҳар бир бошоғида юзта дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарган битта донга ўхшайди (қилинган битта яхшилик етти юз баробар бўлиб қайтишига ишорат қилинмоқда). Аллоҳ истаган кишиларига бир неча баробар қилиб беради. Аллоҳ (фазлу карами) кенг, билгувчидир”. (Бақара сураси, 261-оят).

“Не бир нарсани инфоқ-эҳсон қилсангизлар, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У энг яхши Ризқ бергувчидир”. (Сабаъ сураси, 39-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ таоло деди: “Эй Одам боласи нафақа қилгин сенга нафақа қиламан”.

Бухорий ривоят қилган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Бевалар ва мискинлар ёрдамига шошилган Аллоҳ йўлида жиҳод қилган каби ёки кечаси қоим бўлиб кундузи соим бўлгани кабидир”.

Бухорий ривоят қилган.

Абу Кабша ал-Анморий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Уч нарсага қасам ичиб айтаман ёдлаб олинглар: “Банданинг моли садақа ила нуқсонга учрамас. Банда бир зулмга учраса-ю, унга сабр қилса, албатта, Аллоҳ унинг иззатини зиёда қилур. Банда тиланчилик эшигини очса, албатта, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очар”.

Термизий ривоят қилган.

(Давоми бор)

Манба: islamtoday.net

Муҳаммадали таржимаси

Read 1836 times

Мақолалар

Top