Мақолалар

Ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга ёрдам кўрсатиш – Исломий фазилат

Ислом дини – эътиқод, шариат ва ахлоқдан ташкил топган бўлса, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга раҳнамолик қилиш ана шу учовининг ҳар бири билан чамбарчас боғлиқдир. Эътиқод ва имон билан боғлиқлик жиҳати – Аллоҳ таоло ҳамма нарсанинг эгаси деган ақидага таянади. Албатта, Аллоҳ бандаси қўлидаги молидан бир қисмини муҳтожларга беришни амр қилган. Мўмин киши эса ўз ақидасига содиқ қолган ҳолда ушбу буйруқни бажаради. Чунки Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ён қўшниси оч ўтирганини била туриб қорни тўқ ётган киши мўмин эмас”, дедилар” (Ҳоким ривояти).

Муҳтарам юртбошимизнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга кўрсатаётган мурувватларининг чеки йўқ. Уларни қўллаб-қувватлаб уй-жой билан ва уларга моддий аҳволларини ўйлаб иш билан таъминлаётганлари таҳсинга сазавордир.

Ижтимоий ҳимоянинг шариат билан боғлиқлиги Исломнинг арконларидан бири бўлмиш закотда яққол намоён бўлади. Аллоҳ таоло закот олишга ҳақли бўлган кишиларни Қуръони каримда бирма-бир баён қилган:

“Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида)ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (кофир)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли зотдир”. (Тавба сураси, 60-оят).

Ижтимоий ҳимоянинг исломий ахлоқ билан боғликлигини бошқа садақалар борасида кўриш мумкин.

“Улар (ҳозирда ўз зиммаларига олган) назрларини адо қилурлар ва ёмонлиги (даҳшатлари) кенг ёйилувчи кундан қўрқурлар. Таомни эса суюб турсалар-да, (ўзлари емасдан) мискин, етим ва асирларни едирурлар. (Улар айтурлар): “Бизлар сизларни фақат Аллоҳ “юзи” учун таомлантирурмиз. Сизлардан (бу иш учун) бирор мукофот ва миннатдорчилик кутмасмиз. (Инсон сураси, 7-9-оятлар).

Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, Исломдаги ижтимоий ҳимоя фақат моддийлик билан чекланиб қолмайди, балки ижтимоий ва руҳий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни ҳам назарда тутади.  

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Биродарингнинг юзига табассум билан боқишинг ҳам садақа, яхшиликка буюришинг ҳам садақа, ёмонликдан қайтаришинг ҳам садақа, йўлдан адашган кишини тўғри йўлга солиб юборишинг ҳам садақа, кўзи ожиз кишига ёрдам беришинг ҳам садақа, йўлни юзида ётган тошни, тиканни, суякни четга олиб қўйишинг ҳам садақа, челагингдаги сувдан биродарингни челагига қуйиб беришинг ҳам садақадир, дедилар” (Имом Термизий ривояти).

Шунингдек, Ислом динида беморларни зиёрат қилиш, таниган-танимаганга салом бериш, жанозада иштирок этиш, марҳумнинг яқинларига таъзия билдириш борасида ҳам кўрсатмалар берилган ва бу амаллар учун улуғ савоблар ваъда қилинган. Буларнинг барчаси инсонларнинг кўнглига хурсандчилик бағишлайдиган, ижтимоий алоқани янада мустаҳкамлайдиган исломий фазилатлар саналади.

Айни пайтда Ислом динида муҳтожга ёрдам қўлини чўзишдан қочиш қаттиқ қораланади. Қуйидаги ҳадисдан шу маънони англаш мумкин:

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Қиёмат куни Аллоҳ азза ва жалла айтади: Эй, Одам боласи! Мен бетоб бўлдим, сен эса мени кўргани келмадинг! У айтади: Эй, Раббим! Сен оламларнинг раббиси бўлсанг, мен сени қандай кўргани бораман? У айтади: Фалон бандам бемор бўлганини билиб туриб, уни кўргани бормадинг. Агар уни кўргани борганингда, ўша ерда мени топган бўлар эдинг. Эй, Одам боласи! Сендан таом сўрадим, сен эса бермадинг. У айтади: Эй, Раббим! Сен оламларнинг раббиси бўлсанг, мен сени қандай таомлантирай? У дейди: Фалон бандам сендан таом сўраганда сен бермадинг. Агар берганингда ўша савобни ҳозир шу ерда топган бўлар эдинг. Эй, Одам боласи! Мен сендан сув сўрадим, сен бермадинг. У айтади: Эй, Раббим! Сен оламларнинг раббиси бўлсанг, сенга қандай қилиб сув берай? У дейди: Фалон бандам сендан сув сўради, сен бермадинг. Агар берганингда ўша савобни мени ҳузуримдан топишингни билмасмидинг?” дедилар” (Имом Муслим ривояти).

Исломда ижтимоий ҳимоя нафақат мўмин-мусулмонлар ўртасида бўлиши, балки мусулмон жамиятида яшаётган бошқа дин вакилларига ҳам ғамхўрлик қилиниши лозим экани таъкидланган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: Ким зиммийга азият етказса мен у билан хусуматлашаман. Мен ким билан хусуматлашсам қиёмат кунида ундан ҳаққимни оламан, деганлар.

            Зикр қилинишича, Умар ибн Абдулазиз Басра шаҳридаги волийси Адий ибн Артоътга мактуб йўллаб, унда жумладан шундай ёзади: “...Сўнгра, қарамоғингдаги аҳли зиммалардан қайсиларининг ёши кексайиб, қуввати заифлашиб, касб қилишга қурби етмай қолган бўлса, уларга  байтул молдан етарли миқдорда нафақа ажратилишини жорий қилгин. Шунинг учунки, мен эшитган эдим, мўминларнинг амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу уйма-уй юриб, одамлардан тиланчилик қилиб юрган аҳли зиммалардан бўлмиш бир қарияни кўриб: Ёшлингда сендан жизя олсаг-у, кексайганингда қаровсиз қолдирсак, сенга нисбатан инсофсизлик қилган бўламиз, деганлар ва байтул молдан унга етарли миқдорда нафақа беришни жорий қилганлар”. Демак, Ислом тарихида биринчи марта давлат хазинаси ҳисобидан кексаларга ижтимоий таъминот учун нафақа тайинланиши Умар ибн Хаттоб давридан бошланган экан.

            Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ислом дини ижтимоий ҳимоя борасида ҳар бир ҳақ эгасининг ҳаққини адо этишга кенг тарғиб қилган диндир.

 

Р.Киямов

Read 1822 times

Мақолалар

Top