Мақолалар

Таом берармикан, деб савол сўраган инсон

Расули Акрам мўъжизалари “Саҳиҳул Бухорий”да ...
VII жилд. 6452-ҳадис. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай дер эди:

«Ўзидан бошқа илоҳ бўлмаган Аллоҳга қасамки, очликдан бағримни ерга бериб қолар, қорнимга тош ҳам боғлаб олар эдим. Бир куни одамлар чиқадиган йўлга ўтириб олдим. Абу Бакр ўтиб қолди. Ундан Аллоҳнинг Китобидаги бир оят ҳақида сўрадим. Буни менга таом берармикан, дебгина сўраган эдим. Лекин у бундай қилмай, ўтиб кетаверди.

Кейин олдимдан Умар ўтиб қолди. Ундан ҳам Аллоҳнинг Китобидан бир оят ҳақида сўрадим. Лекин у ҳам ўтиб кетаверди.

Кейин Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтиб қолдилар. Мени кўрибоқ табассум қилдилар ва ҳолатимни, юзимдаги аҳволни пайқадилар.

Кейин: “Эй Абу Ҳирр!” дедилар.

“Лаббай, эй Аллоҳнинг Расули!” дедим.

У зот: “Ортимдан юр”, деб йўлда давом этдилар.

Ортларидан юрдим. У зот (уйга) кириб кетдилар. Изн сўраган эдим, менга изн бердилар.

У зот кирсалар, ҳадя қилинган бир жом сут бор экан.

“Абу Ҳирр, суффа аҳлига бориб, уларни менга чақириб кел!” дедилар.

Суффа аҳли Ислом меҳмонлари бўлиб, суянадиган аҳли-оиласи ҳам, мол-дунёси ҳам, бирор кишиси ҳам йўқ эди. У зотга садақа келса, ҳеч нарсасига тегмай, ўшаларга жўнатар эдилар. Агар ҳадя келса, ундан татиб кўриб, кейин баҳам кўриш учун уларга юборар эдилар.

Бу (суффа аҳлини чорлаганлари) менга сал маъқул келмади. “Бу сут суффа аҳлига нима ҳам бўларди? Ундан бироз ичиб, сал қувватга кириб олишга ҳақлироқ бўлиб турган мен бўлсам... Агар улар келса, менга буюрадилар, мен сутни уларга бераман, кейин менга етмай қолиши ҳеч гап эмас”, деб ўйладим.

Лекин Аллоҳ ва унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш лозиму лобуд. Шунинг учун бориб, уларни чақириб келдим. Келиб жойлашишди.

У зот: “Эй Абу Ҳирр, ма, ол, уларга бер”, дедилар. Мен жомни олиб бир кишига берар эдим, у қонгунча ичиб, кейин жомни менга қайтарар эди. Сўнг мен уни яна бир кишига берар эдим, у ҳам қонгунча ичиб, кейин жомни менга қайтарар эди. Сўнг мен уни яна бир кишига берар эдим, у ҳам қонгунча ичиб, кейин жомни менга қайтарар эди. Ниҳоят, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб келдим.

Қавмнинг ҳаммаси тўйиб бўлган эди. У зот жомни олиб, қўлларига қўйдилар-да, менга қараб, табассум билан: “Эй Абу Ҳирр, икковимиз қолдик, ўтир, ич”, дедилар. Мен ўтириб, ичдим. Сўнг яна: “Ич!” дедилар. Мен ичдим. У зот: “Ич!” деявердилар, ниҳоят мен: “Йўқ! Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, унга жой топа олмаяпман!” деб юбордим.

У зот: “Қани, менга кўрсат-чи”, дедилар. Мен жомни у зотга бердим. У зот Аллоҳга ҳамд айтиб, “Бисмиллаҳ”, деб қолганини ичдилар.»

 

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази

Read 1829 times

Мақолалар

Top