Мақолалар

Ҳазрати Юсуф алайҳиссаломнинг шукрлари

Менинг падари бузрукворим қоддасаллоҳу сирроҳ айтар эдилар:
Ҳазрати Юсуф алайҳиссаломнинг қиссаларини ҳар бир мусулмон биладики, қандай қилиб қудуққа ташландилар, қул қилиндилар, зиндонга солиндилар, узоқ муддат ота-онадан жудо бўлдилар. Ота ўғил учун йиғлайверди. Ўғил ота учун йиғлайверди. Анча йилдан кейин Мисрда учрашдилар, қарангки, бир ўғил шу тарзда қудуқга ташланган бўлса, қул қилинган бўлса, зиндонга солинган бўлса ва фитналарга мубтало қилинган бўлса, энди, бир неча йилдан кейин отаси билан учрашганида, ўша даврда етган мусибат ва ғамларни гапириш ўрнига, оталарига шундай дедилар. Уни Қуръони карим зикр қилган:

وَقَدْ أَحْسَنَ بِي إِذْ أَخْرَجَنِي مِنَ السِّجْنِ

“Дарҳақиқат, У (Аллоҳ) менга яхшилик қилди. Мени қамоқдан чиқарди...” (Юсуф сураси,100-оят)
Яъни, Аллоҳ таъоло мени зиндондан чиқариб, менга қанчалар яхшилик қилди. Зиндонга тушганларини зикр қилмадилар. Балки, мени зиндондан чиқариб, Аллоҳ таъоло менга қанчалар яхшилик қилди деб, Аллоҳ таъоло зиндондан чиқарганини зикр қилдилар ва яна шундай дедилар:

وَجَاءَ بِكُمْ مِنَ الْبَدْوِ

......ва сизларни биёбондан олиб келди. (Юсуф сураси,100-оят)
Яъни, менинг ота-онам, опа-сингил ва ака-укаларимга Аллоҳ таъоло қанчалар яхшилик қилдики, уларни биёбондан (қишлоқдан) келтириб, мен билан учраштириб қўйди. Жудоликни зикр қилмадилар. Балки, учрашганликни зикр қилдилар ва яна шундай дедилар:

مِنْ بَعْدِ أَنْ نَزَغَ الشَّيْطَانُ بَيْنِي وَبَيْنَ إِخْوَتِي

“Шайтон мен билан акаларимнинг орасини бузгандан сўнг....” (Юсуф сураси,100-оят)
Яъни, шайтон мен ва акаларим ўртасида бир муаммони пайдо қилган эди деб олдин содир бўлган воқеалар ва акаларининг қилган зулмларини шайтонга юкладилар. Шундай қилиб, Ҳазрати Юсуф алайҳиссалом барча мусибат ва қийинчиликларни қўйиб, Аллоҳ таъолонинг неъматларини зикр қилдилар. Шукр қилувчи бандаларнинг йўли айнан шудир.

Шайхул ислом, Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ.

“Ислаҳий мавааиз” китобидан. 3-жилд, 71-бет.

Абдулқайюм Комил таржимаси.

Read 1462 times

Мақолалар

Top