Мақолалар

ЖАЗИРАМА ЖОНГА ЖАБР БЎЛМАСИН!

Шу кунларда мамлакатимизга Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво кириб келаётгани кузатиляпти. Бу ҳақда гидрометеорология маркази ходимлари, об-ҳавони доимий таҳлил қилиб борадиган мутахассислар юртдошларимизни огоҳлантиришяпти.

Хўш, бундай жазирама шароитида нима қилишимиз керак?

Ислом динининг бош шиорларидан (яъни, талабларидан) бири, зарардан тийилишдир. Мусулмон киши бировга асло зарар бермаслиги, шу билан бирга, ўзини ҳам таҳликага қўймаслиги лозим.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг», деб марҳамат қилади (Бақара сураси, 195-оят).

Муфассирлар бу ояти кариманинг кўплаб маъноларини очиб беришган. Аввало, бахиллик қилиб, ўзингизни ва молингизни ҳалокатга дучор этманг. Иккинчиси эса, ўзингизни ўзингиз ҳалок қилманг (ўлдирманг).

Бу ояти кариманинг яна кўплаб маънолари бор. Одам ўзини турли таҳликали, хавотирли, зарарли ҳодисалардан, хатти-ҳаракатлардан, ҳолатлардан, касалликлардан сақлаши зарур.

Худди шундай айни кунларда кузатилаётган аномал, яъни ўта иссиқ об-ҳаво шароитида ҳар бир киши ўзини-ўзи асраши керак. Зарур иши бўлмаса, иссиқ об-ҳаво шароитида кўчага чиқмаслиги, мабодо, чиқишга мажбур бўлиб қолса, мутахассисларнинг таклиф ва тавсияларига қатъий риоя қилиши шарт.

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Зарар бериш ҳам ва зарар кўриш ҳам йўқ” деганлар (Имом Ибн Можа, Имом Дорақутний ривояти).

Демак, ҳадиси шарифда инсон ўзига ёки ўзгаларга зарар келтирадиган сабаблардан узоқ бўлишга буюрилган.

Мўътабар фиқҳий китобларимизда: “Зарарни даф қилиш фойдани жалб қилишдан олдинга қўйилади”, дейилган. Шулардан келиб чиқиб, шариат инсонга зарар етиш эҳтимоли кучайган пайтда ўз кўрсатмаларини енгил тарзда бажаришга рухсат беради.

Ҳар бир киши ўзини ўзи таҳликага, хавотирга қўйиши, ён-атрофдаги салбий ҳодиса ва жараёнларга енгил-елпи ўйлашию эътиборсиз бўлиши тўғри эмас. Айни кунларда юртимизда кузатилаётган иссиқ об-ҳаво шароити ҳар бир кишидан ҳушёр бўлишни талаб этади. Айниқса, қон босими кўтарилиб-тушиб ўйнаб турадиган кишилар, ёши улуғ инсонлар, сурункали хасталиги бор беморлар жуда эҳтиёт бўлишлари шарт.

Ҳукуматимиз июль ойининг биринчи ярмида Ўзбекистонга иссиқ ҳаво оқими кириб келиши оқибатида ҳудудларда об-ҳаво ҳарорати ўта кескин кўтарилиши кутилаётгани муносабати билан шошилинч чоралар кўришга киришди.

Хуллас, ҳар биримиз, ўз соғлигимизга эътиборсиз бўлмайлик, ўзимиз ва оила аъзоларимиз тинчлигини, соғлигини таҳликага қўймайлик. Агар биз ўзимизни ҳам, бошқаларни ҳам таҳликадан, касалликдан сақлашга интилмасак, бефарқ бўлсак, ояти карима ва ҳадиси шариф талабини бажармаган, бунинг оқибатида эса гуноҳкор бўлишимиз ҳеч гап эмас.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўз паноҳида асрасин!

Жасурбек домла РАУПОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби

Read 1336 times

Мақолалар

Top