Мақолалар

ЗАРАРНИ ОНГЛИ РАВИШДА АНГЛАБ ЕТСИНЛАР

Ижтимоий тармоқлар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Албатта, уларнинг ижобий ва салбий жиҳатлари бор. Бугун омма эътиборига тушган “Tik tok” тармоғи эса деярли яхши “ҳосил” бераётгани йўқ. Тошкент шаҳридаги “Имом Термизий” жоме масжиди имом-хатиби Исҳоқжон домла БЕГМАТОВ мухбиримизга шу ҳақда қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Интернет ва ижтимоий тармоқ­ларни тўла қоралаб ё оқлаб бўл­майди. Балки кишилар ундан қан­дай мақсадда фойдаланаётганига қараб, ижобий ёки салбий баҳо бе­рилади. Бугунги кунда катта муам­моларга сабаб бўлаётгани “Tik tok” ижтимоий тармоғидир. Фейсбук, телеграм, ютуб каби бошқа ижти­моий тармоқларда анча-мунча фойдали маълумотлар ҳам бор.

Аммо, менимча, “Tik tok”дан тўқсон фоиз одам салбий мақсад­да фойдаланмоқда. Бу жуда ёмон. Агар тезда бунинг олдини олмасак, унинг зарари оммавийлашиб, оқи­батини бартараф қилиш имкон­сиз бўлиб қолади. Шифокорлар таъбири билан айтганда, касални даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал. Бу жараёнда ҳамма бирдай ҳаракат қилиши шарт.

Бунинг ўрнига икки дунёмиз манфаатига хизмат қилувчи нар­са тақдим этиш лозим. “Tik tok” номи шундай қолса-да, унда тар­қалаётган маълумотларни ило­жи борича ижобий тарафга ўз­гартирсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки “Tik tok”да инсон одоб-ахлоқи, ма­данияти, миллийлиги, урф-одати, дину диёнатига зарар берадиган, имон-эътиқодидан маҳрум қилиб қўйиш даъватлари кетмоқда.

Ўсмирларда 15–20 ёш ўзгариш даври бўлади. Шу пайтда улар ўзи учун нимани муҳим деб билса, ҳаётининг қолган қисмини шундай давом эттириши кўп кузатилган. Бу даврда ота-она, мураббий, масъул­лар, айниқса, етарлича эътибор қаратиши керак. Улар­ни назорат қилганда таҳдид, жазолаш билан эмас, бал­ки рағбатлантириш, қизиқтириш, таъсир эта билиш йўлидан бориш фойдали бўлади.

Баъзида қаттиқ назорат ҳам ўз ўрнида натижа берар. Лекин бироз бўш қўйилса, яна ўша йўлга кетиб қолиш эҳтимоли бор. Чунки у қалбан ўша нар­садан қайтмаган бўлади. Ёшлар зарарни онгли ра­вишда тушуниб етишига олиб борувчи усулларни қўллаш ўринли. Бунинг учун ҳар биримиз, аввало, оилада кундалик режа ва вазифаларни йўлга қўйиб, уларнинг зерикиши ва бекорчи вақти бўлмаслигини таъминлашимиз керак.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қили­нади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Беҳуда нарсаларни тарк этиш киши Исломининг гўзаллигидандир”, деганлар» (Имом Термизий ва Ибн Можа ривояти).

Ижтимоий тармоқда “челленж” деган тушунча бор. Бу гўёки даъват, қизиқтириш маъносидаги мусобақа. Ундан ижобий маънода фойдаланиш ҳам мумкин. Масалан, китоб ўқиш бўйича “челленж” уюштирайлик. Ким қандай китоб ўқиётгани, бир кунда қанча саҳифа ўқигани, китобдаги маълу­мотларнинг қанчасини хотирасида сақлаб қолгани­ни мусобақа қилса бўлади.

Ёки дарслардан сўнг спорт тўгаракларига жалб қилиш мумкин. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фарзандларингизга сузишни, отишни ва от минишни таълим беринглар”, деганлар.

Айниқса, қизларимизга илм олиш, ибодатларини қилиш баробарида балоғатга етганда бирламчи вазифалари нималардан иборат бўлишини ўргатиб, катта ҳаётга тайёрлаб бориш лозим.

“Tik tok”да “челленж” деб ҳар ким кўнглига келган нарсани қилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Биттаси поезд йўлига ётиб олиб мусобақа уюштирибди. Бошқалар ҳам шундай қилиши керакми? Аллоҳ асрасин, фожиа юз бериб, жонига қасд қилган бўлиб қолмайдими?

Яна бир йигит онасининг юзига пишириқ билан тушириб қолди. Шу билан гўёки онасининг туғилган кунини ҳамманикидан ўзгача нишонладим, деб ўйлади, шекилли. Ҳолбуки, Абдуллоҳ ибн Умар­дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: “Раббининг ризоси ота-онанинг ризосидадир. Раббининг но­розилиги ота-онанинг норозилигидадир”, дейилади (Имом Ҳоким ривояти).

Бугунги “Tik tok”чи бир гуноҳни қиляпти. Аммо бундан заррача афсус-надомати йўқ. Тунда қилган маъсият ишини видеога олиб кундузи миллионлаб одамларга тарқатяпти. Нафақат ўзгаларнинг айбини, балки ўзи қилган гуноҳни тарқатиш ҳам катта гуноҳ, ахир. Баъзилар унинг ахмоқлигини билар, аммо унга тақлид қилувчилар ҳам топилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Умматимнинг ҳар бири афв этилади. Фақат му­жоҳирларгина кечирилмай­ди. Мужоҳир шуки, у тунда бир (гуноҳ) амални қилади-да, сўнгра тонг оттиради. Аллоҳ эса унинг гуноҳини беркитган эди. Бас, унинг ўзи, эй фалончи, мен кеча­си ундай ва бундай ишларни қил­дим, дейди. Ваҳоланки, Раб­биси уни беркитган эди. У эса Аллоҳнинг ёпиб қўйган пардасини очиб юборади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Баъзида ижтимоий тармоқларда одамларни қўрқитадиган лавҳа ё тасвирлар тарқатилади. Шари­атимизда одамларни ҳазилла­шиб бўлса-да чўчитиш мумкин эмас. Абу Лайло Ансорийдан ри­воят қилинади: «Расулуллоҳ сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам бир ға­зотга чиққанларида у зотнинг саҳобаларидан бири ҳазиллашиб, бир кишининг ўқдонини беркитиб қўйди. Эгаси уни излаб, топа ол­май, хавфга тушди. Ҳамроҳлари унинг устидан кула бошлаган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқиб: “Нимага куляпсизлар?” деб сўрадилар. “Ҳазиллашиб, фа­лончининг ўқдонини беркитиб қўйган эдик, қўрқиб кетди. Шун­­га куляпмиз”, дейишди. У зот: “Му­сулмонни қўрқитиш мусулмонга ҳалол эмас, дедилар.

Шундай экан, ижтимоий тар­моқлардан ижобий ишлар тарғи­ботида фойдаланайлик. Масалан, бир дақиқалик ютуқларимизни кўрсатайлик: шунча оят ёдладим ё ўқий оламан ёки ота-онамни хурсанд қилдим, деганга ўхшаш.

Баҳриддин ХУШБОҚОВ

оққа кўчирди.

Read 1696 times

Мақолалар

Top