Мақолалар

Энг афзал ибодат

Намоз жуда қийматли ибодатдир. Уни аввалги вақтида ўқинглар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: "Энг савобли ибодат қайси?" деб сўрабдилар. «Ас-салоту ли аввали вақтиҳо», яъни «Ўз вақтида ўқилган намоз», деб жавоб берибдилар.

Намоз аввалги вақтида ўқилганда жуда нурли бўлади. Ўртасида нури бироз камаяди. Охирги вақтига яқин ўқилса, янада камаяди. Энг охирги – тиқилинч пайтида ўқилса, сўниб қолаётган шамга ўхшайди. Яъни савоби жуда кам бўлади. Шунинг учун фарз намозини аввалги вақтида қиласиз! Фарз намозларидан бошқа фазилатли, савобли бўлган нофила намозларини ҳам ўқинглар. Нафл намозларини ўқисанглар Аллоҳнинг севгисини қозонасизлар.

«Бандам мажбурий бўлмаган шу ибодатларни ҳам ихлос билан қилаяпти», – деб Аллоҳ севади.

Шунинг учун машойихларимиз ҳадиси шарифларга асосланиб уларнинг баъзисини бизга тавсия қилганлар. Зотан, нафл намозлар ҳам халқнинг энг буюги, шарафлиси – Пайғамбаримиз соллаллоҳу тавсия қилган намозлардир.

  1. Бомдод намозидан кейин то қуёш чиқиб, ярим соатлар ўтгунига қадар ухламасдан Қуръон, аврод, дуоларимизни ўқиймиз-да, кейин «Ишроқ» намозини ҳам адо этамиз. Бу жуда савобли намоз.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки тонг намозини жамоат билан ўқиб, сўнгра то қуёш чиққунига қадар ўтириб Аллоҳнинг зикрига машғул бўлса, сўнгра икки ракаат нафл намози ўқиса, комил бир ҳаж ва умранинг савобига мушарраф бўлади» – деганлар.

Нотўғри эшитдик демасинлар, ҳайрон бўлмасинлар деб комил ҳаж ва умра деб такрорлаганлар....

Бу Имом Термизий ривоят этган «Саҳиҳ» ҳадислардандир. Комил ҳаж билан умра савоби дедилар...

Хўш, ҳаж ва умра қандай ибодат? «Инсон мақбул ва комил ҳаж қилдими, унинг мукофоти жаннатдан бошқа нарса эмас» деган ҳадис бор. Ҳаж инсонни жаннатга олиб борадиган ибодат бўлгач, ҳар кун эрталаб бир ҳаж ва умра савобини қўлдан бой бермасликка ҳаракат қилиш керак!

Ухлайдиган одатинг бўлса ҳам, олдин бу савобни қўлга кирит-да, сўнгра ёт...

  1. Тонг билан пешин намозининг орасида «зуҳо» (чоштгоҳ) намози бор. Пешинга 45 дақиқалар қолгунига қадар ўқилади. Икки, тўрт ёки ундан кўп ракат ўқиш мумкин.

Бир инсон «зуҳо» намозини ҳар доим ўқиб борса, Аллоҳ уни ўзи севган муҳсинун ва муҳсинот қуллари қаторига қўшади.

  1. Шом намозининг суннатидан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия қилган савобли намозлардан бириси «аввобин» намозидир. Ҳадисда айтилишича: Инсоннинг гуноҳлари денгизларнинг кўпиги қадар бўлса ҳам, аввобин намозини ўқиса, гуноҳларининг кечирилишига сабаб бўлади...

Ҳузуримга шаҳардан бир қизгина келиб: «Устоз, мен кўп гуноҳлар қилганман, Аллоҳ мени кечирадими?», – деб йиғлар эди. Хотиримга шу ҳадис келди:

– «Аввобин намозини ўқишга одатлан, Аллоҳ кечиради», – дедим.

  1. Хуфтон намозидан кейин ухлашдан олдин, янги таҳорат қилиб, 4 ракат намоз ўқиб, таҳоратли ётиш керак. Таҳоратли ётишнинг ажри, ҳикмати нима?

1) Туни билан ҳеч ухламасдан ибодат қилиб чиққандек унга савоб ёзилади.

2) Ўлса иймонли кетишига сабаб бўлади...

3) Фаришталар унинг вужудини нур каби кўриб, осмондан тушадилар ва атрофида жам бўлиб ўраб оладилар.

4) Фаришталар бошининг тепасида «Ё Робби! Бу қулинг таҳоратли ётди, сен унинг гуноҳларини кечир!», – деб тонггача дуо қилишади.

5) Шайтон унга яқинлаша олмайди.

Шунинг учун кечқурун таҳоратли ётишга ҳаракат қилинглар.

Тундан маълум миқдор ўтгандан кейин «таҳажжуд» намозини ўқишга ҳаракат қилинглар. Бирор сабаб билан уйғонсангиз (масалан болангиз йиғлайди, чивин чақади, чақмоқ бўлади ё туш кўриб уйғонасиз) ўқиб олинглар. Баъзан чивин уйғотади, қашиниб, уйғониб қарасангиз, таҳажжуд вақти... Мен шунақанги пайт чивинга жаҳлим чиқмайди, балки хурсанд бўламан.

Буларнинг ҳаммаси савобли намозлардир... Яна бир эслатиб ўтай: бомдоддан кейин «ишроқ», бомдод ва пешин намозининг орасида «зуҳо», шомдан кейин «аввобин», хуфтондан кейин, ухлашдан олдин тўрт ракаат, «тун  намози», кечаси уйқудан туриб ўқилган «таҳажжуд» намози. Бу намозларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия қилганлар, биз ҳам тавсия қиламиз.

"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди

Read 2261 times

Мақолалар

Top