Мақолалар

Тушни қандай таъбир қилиш керак?

Дарҳақиқат, инсон ҳар хил тушлар кўради. Баъзи тушлар яхши бўлса, баъзи тушлар ёмон бўлади. Инсон кўрган тушини таъбирини билишни хоҳлайди. Хўш, тушни қандай таъбир қилиш керак?

Ҳар қандай туш яхшиликка йўйиб таъбир қилиниши лозим. Маълумки, туш раҳмоний ё шайтоний, яхши ёки ёмон бўлади. Шу билан бирга яна тушнинг яхши ёки ёмон бўлиши уни қандай таъбир қилишга ҳам боғлиқдир. Агар кўрилган туш яхшилик томон таъбир қилинса, туш яхши бўлади.

Бу ҳақда Имом Дорамийдан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, бир аёл уч марта келиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Эрим тижорат билан кетган, ўзим ҳомиладорман, тушимда уйимнинг устуни синибди, ғилай бир бола туғибман”, деб мурожаат қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:“Эринг сафардан қайтади, солиҳ бир фарзанд туғасан”, деб унга кўрган тушини яхшиликка йўйиб таъбир қиладилар. Орадан вақт ўтиб аёл яна тушининг таъбирини сўраш учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келади. Фақат бу сафар аёл туш таъбирини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари, мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳодан сўради. Оиша розияллоҳу анҳо унга кўрган тушидан келиб чиқиб, эрининг вафот этишини, фожир бир бола туғишини айтиб, тушини таъбир қиладилар. Буни эшитган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Оиша! Ундай дема! Мусулмон кишининг тушини таъбир қилсангиз, яхшиликка таъбир қилинг. Чунки туш эгаси қандай таъбир қилса, шундай бўлади”, дедилар.

Демак, ҳамиша тушларимизни яхшиликка йўйиб таъбир қилиб, уни ёмонликка йўйишдан сақланайлик!

Р. Акбаров,

Ўзбекистон мусулмонлар идораси

Қашқадарё вилояти вакиллиги ходими.

 

 

Read 1777 times

Мақолалар

Top