Ибратли ҳикоялар

Ҳалол меҳнат

Бир одамнинг биргина эшаги бўлиб, у эртадан кечгача тинмай меҳнат қилар экан. Нарса ташиб кетаётганда ўша атрофда ўтлаб юрган бошқа эшакларни кўриб, уларга ҳаваси келар ва ўзининг ҳаётидан норози бўлар экан. Бир куни одатдагидек чарчаб келиб ухлаб қолибди ва туш кўрибди. Тушида чўлда бир қанча эшаклар билан кетаётган эмиш. Ҳаммаларининг устига биттадан поя ортиб қўйилган экан. Қараса, бу ерда ҳам унга энг узун дарахтни боғлаб қўйишган эмиш. Эшакнинг жаҳли чиқиб, четроққа ўтибди-да, пояни тушириб, учидан бир қисмини синдириб ташлабди. Қолган қисмини яна устига ортиб, йўлида давом этибди. Юки енгиллашгани сабабли юриш ҳам анча осонлашиб, олдинга ўтиб кетибди. Бир пайт қараса, олдидан катта жарлик чиқибди. Жарликнинг нариги томони эса кўм-кўк ўтлоқ экан. Жарликдан ўтишга ҳеч қандай кўприк йўқ эмиш. Қараса, атрофдаги эшаклар устиларида олиб келган пояларни жарлик устига ташлаб ундан нариги томонга ўтиб кетар, улар ўтган заҳоти поя жарликка тушиб кетар эди. Эшак қараса, унинг пояси жарликнинг нариги томонига етмас экан. Қилиб қўйган ишидан афсусланиб, алам билан қаттиқ ҳанграб юборибди. Ўз овозидан уйғониб кетган эшак кўргани туш эканини билиб севинибди.

Эй одам, машаққатли ҳалол меҳнат одамни яхшиликка етказади. Аксинча, енгил-елпи ҳаёт эса яхшиликдан маҳрум қилади.

 

Акбаршоҳ Расулов

Read 6794 times
Tagged under

Мақолалар

Top